Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентдаги канализация сувлари қаерга қуйилади?
Сув – ҳаёт манбайи. Табиатда сувнинг қандай айланиши ҳақида ҳаммамиз эшитганмиз. Хўш, шаҳарларда бу жараён қандай амалга ошади? Жўмракни бурасак, коримизга ярайдиган, тозаликка хизмат қиладиган ва ишлатилгач, канализациядан оқиб кетадиган сув қаерга бориб қуйилади? Унинг кейинги тақдири нима бўлади?
Одамлар орасида канализациядаги сувнинг қаерга кетиши ва яна ишлатилиши билан боғлиқ турли афсоналар юради, улар ҳақиқатга яқинми? Ана шу саволларга жавоб излаб, сув тозалаш иншоотларига бордик.
Тошкент шаҳрида канализациядан чиқаётган сувни қайта ишловчи 3 та сув тозалаш иншооти бор. Улардан бири Ўрта Осиёда энг йириги ҳисобланади. Бўзсув сув тозалаш иншооти Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, кунига 600-620 минг куб сувни қайта ишлайди. Бу ерда пойтахтнинг 5 та туманидаги канализация сувлари қайта ишланади. Сергели туманида жойлашган Салор сув тозалаш иншооти эса 6 та туман канализация сувларини тозалайди. Янги ташкил этилган Янги ҳаёт тумани канализация сувлари ҳам айнан шу иншоотга йўналтирилиши мўлжалланган.

Бектемир сувни қайта ишлаш иншооти эса фақат Бектемир тумани канализация тармоқларидан келадиган сувни қайта ишлашга мослашган. Сув тозалаш иншоотлари ичида энг йириги – Салор ҳисобланади ва у Ўрта Осиёдаги энг йирик сув тозалаш иншоотидир.
Иншоотларга туманлардан кириб келган канализация сувлари қуйидаги босқичларда тозаланади: чўктириш, тиндириш, лойқани олиш, кислород бериш ва гипохлорид билан зарарсизлантириш. Ҳар бир оқова сув иншоотида хлор ишлаб чиқариш цехлари фаолият юритади. Сувни тозалаб, зарарсизлантиришда цехларда тайёрланган хлордан фойдаланилади. Шаҳардан кириб келган сувдаги чиқиндилар махсус йирик ва майда панжараларда ажратиб олинади ва фермер хўжаликларига юборилади. Яъни, бу сувлардан экинлар учун озуқа сифатида фойдаланилади.
Оқава сувни қайта ишлаш масканларида бир кунда аҳолидан кириб келган 2 млн. куб атрофида сув тозаланади. Бу ерга фақат аҳолидан эмас, шу атрофдаги ишлаб чиқариш корхоналаридан ҳам тозаланадиган сув кириб келади. Мутахассисларга кўра, аҳолидан келадиган сувдаги ифлосланиш миқдорига қараганда корхоналардан келадиган сувда чиқинди миқдори кўпроқ.
Давлат экология қўмитаси тасдиқлаган меъёрлар бўйича 1 литр сувда 150-200 мг.гача муаллақ моддалар (чиқиндилар) бўлиши мумкин. Аммо ишлаб чиқариш корхоналари ҳисобига бу белгиланган меъёрдан ортиб кетади ва техникаларнинг сувни тозалашга кучи етмаслиги мумкин. Дарҳақиқат, иншоотда мавжуд техникалар корхоналардан чиқаётган сувдаги ранг ва пластмас зарраларини ушлаб қолишга мўлжалланмаган.

Шаҳарнинг олис нуқталарида жойлашган бу иншоотларга бутун пойтахт аҳолисининг канализация тармоқларидан сув ўз босими билан кириб келади. Бу ҳудудларда сув табиий йўл билан тозаланади ва махсус лабораторияда текширувдан ўтказилади. Қайта ишланган сув фойдаланиш учун яроқли ҳисобланади. Уни истеъмол қилиб бўлмаса-да, балиқчилик ҳавзаларида, деҳқончиликда ишлатиш мумкин. Тозаланган сувлар Бўзсув, Салор каналлари, Чирчиқ дарёси орқали шаҳар атрофидаги суғориладиган ерларга чиқарилади.
Гулмира Тошниёзова тайёрлади
Монтаж устаси Муҳаммаджон Ғаниев
Мавзуга оид
16:08 / 10.01.2026
Ўзбекистонлик олимлар сувни тозалашга қаратилган янги ечимни тақдим этди
12:37 / 19.12.2025
Яккабоғ ҳокимлигининг ўзбек “демократияси”га қаршилиги синди. Қайрағоч аҳолиси сув билан таъминланади
17:06 / 17.12.2025
«Сув захирамиз ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,5 млрд куб метрга кам» – сув хўжалиги вазири
14:05 / 21.11.2025