Иқтисодиёт | 15:26 / 13.11.2019
29789
3 дақиқада ўқилади

«ЕОИИга кириш бошқа минтақалар билан савдо юритишни мураккаблаштиради» — ХВЖ вакили

Юха Кяхконен (архив фото)

Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига кирган тақдирда ҳам, дунёнинг барча мамлакатлари билан савдо учун очиқ бўлиб қолиши керак, деб ҳисоблайди Халқаро Валюта Жамғармасининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё департаменти директори ўринбосари Юха Кяхконен.

ХВЖ вакили 12 ноябрь куни Тошкент Молия институтида ўтказилган «Кавказ ва Марказий Осиё: минтақавий иқтисодиётнинг ривожланиш истиқболлари» ҳисоботи тақдимотидан кейин берилган саволга жавобан ана шундай фикр билдирди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

«Евроосиё иқтисодий иттифоқи – минтақавий ташкилот ҳисобланади. Ҳар қандай ташкилотда бўлгани каби унинг ҳам ўз ижобий ва салбий жиҳатлари мавжуд. Истиқболдаги афзалликлар ҳақида гапириладиган бўлса, улардан кўпчилиги иқтисодий муҳитнинг яхшиланиши билан боғлиқ бўлади. Хусусан, меҳнат мобиллиги ортади. Бу Россияда ишлашни истайдиган Ўзбекистондан борган ишчилар учун жуда муҳим омил саналади.

Факт шуки, мазкур иттифоқ доирасида мамлакатлар ўртасида божхона тарифлари қўлланмайди. Бу – минтақанинг ўзида уларнинг бир-бирлари билан савдо қилишида туртки бўлувчи омилга айланади.

Бошқа томондан, дунёнинг бошқа давлатлари билан савдо қилиш учун ЕОИИнинг ўз тарифлари бўлади. Бу эса бошқа минтақалар билан савдо юритишни мураккаблаштиради. Агар Россиядаги ўсиш ҳисобга олинадиган бўлса, унинг юқори эмаслигидан келиб чиқиб, глобал тарифларнинг мавжудлиги факти айниқса яқин муддатли истиқболда кўпроқ салбий ҳисобланади.

Шунинг учун агар Ўзбекистон ЕОИИга киришга қарор қилса, ўзининг барча савдо чегаралари очиқлигини сақлаши, яъни савдо операцияларидан максимал фойда олиш учун дунёнинг барча минтақа ва мамлакатлари билан савдо қилишга очиқ бўлиб қолиши жуда муҳим», – деди Юха Кяхконен.

Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида Ўзбекистон расмийлари ЕОИИга қўшилиш масаласини уч йилдан буён кўриб чиқаётгани маълум бўлган эди.

Мамлакатни 2030 йилгача комплекс ривожлантириш концепцияси лойиҳасига кўра, Ўзбекистон 2019-2021 йиллар оралиғида ЕОИИ аъзолари билан эркин савдо келишувини имзолаши, 2022-2025 йилларда эса ЕОИИга аъзо бўлиб кириш бўйича изчил тадқиқотлар ўтказиши кўзда тутилган.

Россиядан бошқа аъзо давлатларнинг савдо баланси манфий — ЕОИИ ҳақида фактлар сўзлаганда

ЕОИИга аъзо бўлиш мигрантлар ҳаётини енгиллаштириши ҳақида бонг урилмоқда. Аслида-чи?

Евросиё иқтисодий иттифоқи «янги Европа иттифоқи» бўла оладими?

Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириши керакми? — мутахассис фикри

Сиёсатшунос: Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилишидаги 5 салбий нуқта

Мавзуга оид