Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Қадимий Зармон шаҳри вайрон этилмоқда» — Археолог билан суҳбат
Kun.uz таҳририяти илм-фан йўлида хизмат қилаётган олимлар билан суҳбатлар лойиҳаси доирасида тарих фанлари доктори Абдисобир Аъзамович Раимқулов билан суҳбат уюштирди. Суҳбатда археологик ёдгорликлар, уларни бугунги кунда сақлаш, уларга бўлган муносабат, шунингдек, археологик экспедицияларнинг ташкилий йўлга қўйилганлиги ва бошқа қизиқарли маълумотлар олиш мумкин.
Абдисобир Раимқулов ЎзР Фанлар академияси Археологик тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими, «Қадимги давр археологияси» бўлими бошлиғи ҳисобланади
— Ўзбекистонда археологик тадқиқотлар олиб бориш салоҳияти ва яратилаётган шароит, экспедициялар қилиш қандай йўлга қўйилган?
— Ўзбекистонда археологик тадқиқотлар олиб бориш салоҳияти юқори даражада десам хато бўлмайди. Ўтган асрнинг 70-80 йилларидан бошлаб археология фанининг турли йўналишлари, яъни тош даври археологияси, бронза ва илк темир даври археологияси, антик ва ўрта асрлар даври археологияси, археологик ёдгорликларни таъмирлаш ва тиклаш йўналишлари бўйича кўплаб мактаблар шаклланди ва бу мактаблар салоҳияти ҳозир ҳам жуда яхши.
Археологик тадқиқотларга яратилаётган шароит масаласига келсак, бу ҳозир бизни оғриқли нуқтамиз. Яратилаётган, яратилиши лозим бўлган шароит бевосита маблағ масаласи билан боғлиқ. Афсуски, археологик тадқиқотларга ниҳоятда кам маблағ ажратилмоқда ва биз мана шу кам маблағ ҳисобидан кўпроқ натижа олиш учун уни археологик қазишмаларга эмас, балки археологик қидирувларга, яъни археологик ёдгорликларни ҳисобга олиш, вилоятлар ва туманлар ҳудудлари ёдгорликларини ўзида жамлаган «Археологик ёдгорликлар каталоги» каби тадқиқотларга йўналтирмоқдамиз.
Ҳозир институтимизда ўндан ортиқ халқаро қўшма экспедициялар фаолият кўрсатмоқда ва археологик қазиш ишлари эса аксарият ҳолларда мана чет эллик ҳамкорларимиз маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 792-сонли «Археологик тадқиқотларни тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мана шу қарор юртимизда археологик тадқиқотларни янги босқичга кўтарилишига асос бўлади, деб умид билдираман.
— Сиз ҳақингиздаги маълумотларни ўқиганимда сизнинг археологик изланишларингиз асосан Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларига тўғри келар экан. Ушбу ҳудудларда ҳали фанга маълум бўлмаган археологик объектлар мавжудми?
— Менинг асосий илмий тадқиқотларим Қашқадарё воҳасида жойлашган археологик ёдгорликлар устида олиб борилган. Хусусан, номзодлик диссертациям Нахшабнинг илк ўрта асрлар даври қишлоқлари маданияти ҳақида эди. Нахшаб – ҳозирги Қарши воҳасининг қадимий номи бўлган. Қашқадарёнинг юқори қисмида эса Кеш воҳаси. Ушбу воҳалар бирлашиб Жанубий Суғдни ташкил этади.
Археология фанида Суғд — Суғдиёна шартли равишда бир неча воҳаларга бўлинади. Самарқанд вилояти ҳудуди — Марказий Суғд, Қашқадарё воҳаси — Жанубий Суғд, Бухоро воҳаси эса Ғарбий Суғд деб юритилади. Мен Қарши ва Кеш воҳаларининг ўндан ортиқ ёдгорликларида археологик қазишма ишлари олиб борганман.
Докторлик диссертациям эса Жанубий Суғднинг ўрта асрлар даври тарихий топографияси, ўрта асрлар даври шаҳарларининг жойлашуви, воҳа ҳудудидан ўтган халқаро ва маҳаллий йўлларнинг йўналишлари, воҳанинг қадимий суғорилиши тарихи, марказий шаҳарларнинг моддий маданияти ва санъати масалаларига бағишланган.
Самарқанднинг археологик ёдгорликлари устида ҳамкасбларим томонидан олиб борилган тадқиқотлардан доимий равишда хабардор бўлиб келганман ҳамда доимий равишда маълумотлар тўплаб борганман.
Шу маълумотлар асосида 2017 йилда «Катта Суғд – Суғдиёна» деб номланган, илмий-оммабоп китоб нашр этдим. Бу китобда ҳозирги Пайариқ ва Қўшработ туманлари ҳудудини ўз ичига олган ва ўрта асрлар даври манбаларида Суғуди Калон, яъни Катта Суғд номи билан тилга олинган туман тарихини ёритишга ҳаракат қилдим.
Китобда юнон тарихчилари томонидан тилга олинган Басилея шаҳри ҳозирги Челак шаҳри яқинидаги Кўктепа ёдгорлиги ўрнида бўлганлиги, Басилеянинг инқирози ва унинг Челак шаҳри ўрнида қайта шаклланиши масалалари ва ўрта асрларда бу шаҳар Видор деб аталгани, юқорида айтилган «Суғднинг Шимолий темир дарвозаси»нинг кашф этилиши, Самарқанддан Темир дарвозагача бўлган йўл устида жойлашган қадимий суғдий шаҳарлар хусусида қизиқарли тадқиқотлар жамланган.
Иккинчи саволингизга келсак, яқинда, 4 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг № 846 сонли «Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мен бу қарордаги Қашқадарё вилоятида мавжуд археологик ёдгорликлар рўйхатини муфассал қараб чиқдим. Рўйхатда Ғузор туманида 104 та ёдгорлик номи келтирилган, ҳолбуки, мен 2015 йилда бу туман ҳудудида 119 та ёдгорликни ҳисобга олганман ва ушбу рўйхатга ёдгорликлар номларини тақдим этган Маданият вазирлиги қошидаги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш Бош бошқармасига (ҳозирги Маданий мерос департаменти) 119 та ёдгорлик бўйича ҳисобот тақдим этганман. Лекин нима учундир миллий рўйхатда ўтган асрнинг саксонинчи йилларида ҳисобга олинган 104 та ёдгорлик номи келтирилган.
Худди шу каби ҳолатни Чироқчи тумани археологик ёдгорликлари сони мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу туман ёдгорликлари Қашқадарё вилояти Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш инспекцияси томонидан ҳам рўйхатга олинган ва 57 та ёдгорлик қайд этилган. Бизни рўйхатда эса уларнинг сони 68 та. Бу ҳисоб китоблар ҳам тугал эмас, ҳали туманнинг тоғли ҳудудларида археологларнинг қадами етмаган жойлар жуда кўп.
Бу ҳолат, шубҳасиз, вилоятнинг Деҳқонобод, Қамаши, Яккабоғ, Шаҳрисабз ва Китоб туманларининг тоғли ҳудудлари учун ҳам хос. Битта мисол. Мен маҳаллий кишилардан Яккабоғ туманидаги тоғли Ишкент қишлоғидан юқорида, Тирнасой бўйида каттакон тепалик борлигини эшитдим ва ўша жойга бориб майдони камида 20 га бўлган шаҳарча қолдиқларини топдим.
Тоғли ҳудудда бу каби катта майдонга эга шаҳарлар юртимизда жуда кам ва ҳозир биз Карнайтепа деб номланган ушбу ёдгорликни Муқаннанинг охирги қароргоҳи харобалари эканлигини тахмин қилмоқдамиз. Хуллас, бунақа мисоллар жуда кўп, юртимизда ҳали археологларга номаълум бўлган бир неча ўнлаб ноёб ёдгорликлар борлигига ишонаман.
— Бирор ҳудудда, дейлик, қадимий қабристонларда қазилма ишлари олиб борилганда маҳаллий аҳоли бунга қандай муносабат билдиради, ноқулайликлар туғилиши ҳолати ҳам бўлганми?
— Биз ҳозирда фаолият кўрсатаётган қабристонларда қазиш ишлари олиб бормаймиз, ҳисоби, лекин юртимиздаги жуда кўплаб қабристонлар қадимий археологик ёдгорликлар бўлган тепаликларда жойлашган. Кўпинча мана шундай тепаликларда археологик қазиш ишлари олиб боришга тўғри келади.
Биз иложи борича тепаликнинг қабристонга айланмаган ҳудудларида қазиш ишлари олиб боришга, замонавий қабрларга тегмасликка ҳаракат қиламиз. Лекин ҳозиргача бирон-бир жойда маҳаллий аҳоли бизнинг тадқиқотларга салбий муносабатда бўлгани ёки қазишмаларимизга қаршилик қилганлигини эслай олмайман.
— Ҳозирда қайси археологик объект устида ишламоқдасиз?
— Бизга маълумки, араб тарихчиси Ибн Арабшоҳ соҳибқирон Амир Темур Кеш вилоятидаги Хўжа Илғор қишлоғида туғилган, деган маълумот қолдирган ва бу маълумот олимларимиз томонидан эътироф этилган. Президентимиз ўтган йилнинг декабр ойида Қашқадарёга қилган ташрифлари даврида Хўжа Илғор қишлоғида Амир Темурнинг ёшлик йилларига бағишланган музей, меҳмонхона ва диққатга сазовор туристик объектлар қуришга топшириқ берган эдилар. Мана шу топшириқнинг ижроси учун биз шу кунларда Амир Темур ҳазратларининг таваллуд маскани бўлмиш Хўжа Илғорда соҳибқирон яшаган даврга оид маданий қатламларни ҳамда Хўжа Илғор қишлоғининг қадимий ўрнини топиш мақсадида археологик қазишмалар олиб бормоқдамиз.
— Бугунги кунда Ўзбекистонда археология мероси объектларини сақлаш масаласи қай даражада?
— Бир сўз билан айтганда, аянчли аҳволда!
Маданият вазирлиги қошидаги Маданий мерос департаментининг вилоятлардаги бошқармалари маданий мерос объектлари, аниқроғи, археология мероси объектларини сақлаб қола олмаяптилар.
Маданий мерос ва археология объектларини муҳофаза қилиш борасида 2001 йил 30 августда қабул қилинган «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида», 2009 йил 13 октябрида қабул қилинган «Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида» каби қонунлар мавжудлигига қарамасдан археология объектларини бузиш кенг масштабда давом этмоқда.
Тадбиркорлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш кенг йўлга қўйилган ҳозирги кунларда археология объектларини бузиш янада кучайди. Туманлар ҳокимлари археологик ёдгорликлар мавжуд бўлган ҳудудларда ишлаб чиқариш корхоналари қуриш учун Маданий мерос департаментининг вилоятлардаги инспекцияларини ёки археология мутахассисларини хабардор қилмасдан, уларнинг иштирокисиз, рухсатисиз тадбиркорларга қарорлар чиқариб бермоқдалар. Ҳолбуки, бундай қарорлар чиқариш юқоридаги қонунларга зид эканлиги ўша қонунларда тўла акс эттирилган.
Айнан шу кунларда катта қамровда бузилиши давом этаётган иккита ноёб археологик ёдгорлик тўғрисида маълумотни келтираман.
Биринчиси — Самарқанд вилояти Паст Дарғом тумани ҳокими 2015 йилда туманнинг Чимбой қишлоғидан 1 км шимолда, Қорадарёнинг чап соҳилида жойлашган, майдони қарийб 20 га бўлган, манбаларда келтирилган Зармон шаҳри харобалари бўлган ёдгорлик ҳудудида ғишт ишлаб чиқариш корхонаси қурилиши ва боғ ташкил этиш учун қарор чиқариб берган. Ҳозирги кунда ёдгорликнинг ғарб томонида жойлашган работи ўрни (6-7 га) тамоман текисланган ва унинг ўрнида ғишт пишириш хумдони қурилган.
Ёдгорлик марказий шаҳристонининг учдан икки қисми бўлган 5-6 га майдон ҳам текисланиб унинг ўрнида боғ ташкил этилган. Ундан ташқари, ёдгорлик аркининг анчагина қисми бузилган ва ушбу бузилган жойида тупроқни лойга, кейин ғиштга айлантирувчи қурилма ўрнатилган. Мен бу ҳақда ўз фейсбук саҳифамда маълумот берганимда, бор-йўғи 4 киши изоҳ ёзиб муносабат билдирди, холос. Мана сизга юртдошларимизнинг лоқайдлиги!
Президентимиз туризмни ривожлантириш борасида кеча-ю кундуз, йил ўн икки ой гапираётган паллада, 1-1.5 минг йиллик шаҳар харобаси бўлган ёдгорликни текислаш миллатга, унинг ўтмишига қарши жиноят эмасми? Наҳотки, тадбиркорга ер ажратаётган, қарор чиқарган Паст Дарғом тумани ҳокимлигидаги мутасаддилар ёки тадбиркорнинг ўзи ҳамма томонида сопол буюмлар парчалари сочилиб ётган ҳудудни қадимий археологик ёдгорлик эканлигини билишмаган бўлса, ёки улар учун тарихнинг, маданий ёдгорликнинг аҳамияти «сариқ чақами?!»
Кейин бу фожиа ҳақида Самарқанд вилояти Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш инспекциясига расмий хат ҳам жўнатдик, улар воқеа жойига бориб бузиш ишларини тўхтатишга ҳаракат қилишди, балки, прокуратура органларига хабар ҳам беришгандир. Кечагина Google Earth дастури орқали қадимий Зармон шаҳри харобаларини бузиш ҳамон давом этаётганлигига амин бўлдим. Наҳотки, Самарқанд вилоятида ноёб бир ёдгорликни бузаётган тадбиркорни тўхтата оладиган идора бўлмаса?!

Иккинчи мисол, Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Бобоев тумандаги Қатағон қишлоғида яшовчи тадбиркор Шодмон Муҳаммадиевга қишлоқдан Қайрағоч қишлоғи томонга чиқишда жойлашган йирик археологик ёдгорлик ҳудудида ғишт ишлаб чиқариш корхонаси қуриш тўғрисида қарор чиқариб берган ва ҳозирги кунларда ёдгорликнинг пастки поғонаси бўлган тепалик шиддат билан бузилмоқда. Мен икки ҳафтача муқаддам тадбиркорга бу жой археологик ёдгорлик эканлиги, уни бузиш мумкин эмаслигини тушунтира олмадим, тўғриси, тушунишни истамади.
Ҳозирда археологик ёдгорликларнинг катта қисми аҳоли томонидан ҳам бузилмоқда, чунки юртимиздаги юзлаб қабристонлар археологик ёдгорликлар бўлган тепаликларда жойлашган. Қабр кавлаш ҳозирда ёдгорликларни бузишнинг энг кенг тарқалган ҳодисаси бўлиб қолмоқда. Битта Қашқадарё вилоятида юздан ортиқ қабристон бевосита археологик ёдгорликлар устида фаолият кўрсатади. Фарғона водийсининг ҳар учала вилоятида ер танқислиги сабаб, совет тузуми йилларида ерларнинг ўзлаштирилиши, каналлар, йўллар, шаҳарлар қурилиши оқибатида мингга яқин ёдгорлик бузилиб кетган бўлса, сақланиб қолган ёдгорликларнинг қарийб 90 фоизи қабристонларга айланиб кетган.
— Археологияда қандай янги илмий йўналишлар долзарб ҳисобланади? Замонавий археологик йўналишларнинг Ўзбекистонда ҳам ривожланишини қандай баҳолайсиз?
— Ҳозирги даврда жаҳонда археология фанининг табиий ва аниқ фанлар билан интеграцияси кучайиб бормоқда, хоҳлаймизми, йўқми — классик археолоя фани тобора янги технологиялар билн «қуролланган» замонавий археологияга ўз мавқеини бериб қўймоқда. Айни кунларда лаборатория археологияси ҳам кучаймоқда. Бу табиий ҳол.
Ҳозирги кунларда тезлик билан ривожланиб бораётган йўналишлардан бири учувчили ёки учувчисиз учиш аппаратларига ўрнатилган лазерли радар – лидар қурилмаси воситасида археологик ёдгорликларни лазерли сканер қилиш орқали уни кавламасдан, яъни бузмасдан, унинг бағрида мавжуд бўлган қадимий меъморий иншоотнинг хусусиятларини ўрганиш, тархини чизиш мумкин. Онда-сонда шу усул воситасида дунёнинг айрим минтақаларида бутун бошли катта шаҳарлар, ҳатто қадимги мегаполислар топилганлиги тўғрисидаги маълумотларни эшитиб қоламиз. Шунга яқин лазерли сканер воситасида занглаб кетган танга ёки медальондаги тасвирларни суратга тушириш мумкин.
Ундан ташқари ҳозирда радиоуглерод, радиокарбон усуллари ёрдамида археологик топилмалар ва маданий қатламлар ёшини аниқлаш амалиёти жуда кенг тарқалмоқда.
Замонавий археологик йўналишлар Ўзбекистонга эндигина кириб кела бошлади. Бу йўлда биз учун энг катта тўсиқ бу йўналишларда ишлай оладиган мутахассисларнинг йўқлиги ва биринчи галдаги вазифа шу соҳаларнинг кадрларини тайёрлашдир. Мени фикримча, археология фани янги технологиялар воситасида қанчалик ривожланмасин, барибир, археология ёдгорликларини тўлалигича очиш, ундаги ҳар бир топилмани суратга олиш, формасини чизиш, илмий талқин қилиш каби усулларга асосланган классик археология ўз аҳамиятини йўқотмайди. Чунки фақат мана шу усул орқалигина ёдгорликни тўла очиб уни «Очиқ осмон остидаги музей»ларга ва туристик масканларга айлантириш, шу йўсинда сайёҳларга бизнинг халқимиз юксак даражада ривожланган қадимий маданият меросхўрлари эканлигини намоён этиши мумкин.
Суҳбатдош: Йигитали Маҳмудов
Kun.uz мухбирининг Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманидаги қадимий Зармон шаҳри харобалари бўйича суриштируви тез орада эълон қилинади.