Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Холмуродов ва Комилов Ўзбекистон президенти ташрифига тайёргарлик кўриш учун Германияга боради
Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари - Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси Суҳроб Холмуродов, шунингдек, республика ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов шу йил Германияга ташриф буюради. Улар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташрифига тайёргарлик кўриш мақсадида ушбу давлатга сафар қилади, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Бу ҳақда бугун Тошкентда бўлиб ўтган савдо ва инвестициялар бўйича Ўзбекистон-Германия ҳукуматлараро ишчи гуруҳи йиғилиши давомида маълум бўлди.
«Яқинда Ўзбекистондан Германияга қатор ташрифлар бўлади, улар ой охирида бошланади, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси (Суҳроб Холмуродов) мамлакатимизга ташриф буюради, кейин ташқи ишлар вазири (Абдулазиз Комилов) келади, январь ойида президентингизнинг давлат ташрифи амалга оширилади. Менимча, давлат раҳбарининг ташрифи муносабатларимизни янада чуқурлаштиришга олиб келади», - деди Германия иқтисодиёт ва энергетика федерал вазирининг ўринбосари Экхард Франц.
Ўзбекистон томонига раислик қилаётган Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Лазиз Қудратовнинг таъкидлашича, республика Германия ва унинг етакчи компаниялари билан алоқаларни изчил ривожлантириш тарафдори.
«Агар савдо муносабатларимиз ҳақида гапирадиган бўлсак, жорий йилнинг 9 ойи якунлари бўйича товар айланмаси 13 фоизга ўсганини мамнуният билан қайд этамиз. Бизнинг статистик маълумотларга кўра, у 526 миллион долларни ташкил қилди», - дейди Қудратов.
«Умид қиламизки, октябрь-ноябрь соҳавий идораларимиз, бош вазир ўринбосари, шунингдек ташқи ишлар вазирининг Германияга мўлжалланаётган ташрифлари янги ўзаро манфаатли лойиҳалар тўпламини шакллантириш имконини беради», - дея қўшимча қилиб ўтди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Германияга ташриф билан бориши хабар берилганди.