Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳинд-Тинч океанида янги яқинлашув: Берлин Токио билан алоқани мустаҳкамламоқда
Германия мудофаа вазири Борис Писториус ва унинг япониялик ҳамкасби Синдзиро Коидзуми икки мамлакат ўртасидаги шерикликни кенгайтириш масаласини муҳокама қилди. Берлин Токиога янги битимни таклиф қилди.
Фото: David Mareuil via AFP/Getty Images
Германия Япония билан мудофаа соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга интилмоқда. Германия мудофаа вазири Борис Писториуснинг айтишича, Берлин Токиога шундай деб аталувчи Ўзаро кириш тўғрисидаги битимни (Reciprocal Access Agreement) таклиф қилди. Politico нашри 22 март, якшанба куни хабар қилишича, мазкур ҳужжат мамлакатлар ўртасида ҳарбий хизматчилар алмашинувини енгиллаштириш ва “бюрократик тўсиқларни сезиларли даражада қисқартириш”га қаратилган асосий келишув механизми ҳисобланади.
Бундай келишувлар шерик давлатларга қўшма манёврлар, ўқув машғулотлари ёки операцияларда қатнашиш учун ҳарбий хизматчиларни юбориш жараёнини соддалаштириш имконини беради. Японияда Буюк Британия ва Австралия билан ҳам шунга ўхшаш битимлар мавжуд бўлиб, улар Осиё-Тинч океани минтақасида кучайиб бораётган кескинлик шароитида имзоланган.
Борис Писториус ва унинг япониялик ҳамкасби Синдзиро Коидзуми Токио яқинидаги Йокосука ҳарбий-денгиз базасида учрашди. Dpa агентлиги хабар беришича, вазирлар қуролланиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, инқироз ҳолатларида ўзаро маслаҳатлашув механизмларини муҳокама қилди.
Писториуснинг таъкидлашича, Германия ва Япония ўрта ҳажмдаги давлатлар сифатида қоидаларга асосланган халқаро тартибга содиқ ва шу боис “янада яқинроқ бирлашиши, нимани ҳимоя қилиши ва буни қандай таъминлашини аниқ кўрсатиши” керак.
Германия мудофаа идораси раҳбари 20 мартдан 28 мартгача Ҳинд-Тинч океани минтақасига ташриф буюрмоқда. Сафарнинг мақсади — дўст давлатлар билан хавфсизлик соҳасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш. Германия мудофаа вазирлиги маълум қилишича, тур дастурига Токио, Сингапур, Брисбен ва Канберрага ташрифлар киритилган. Вазирликка кўра, Европа хавфсизлиги ушбу минтақа хавфсизлиги билан узвий боғлиқ.
Dpa аниқлаштиришича, Писториуснинг хизмат сафари халқаро тартиб, денгиз йўллари хавфсизлигини таъминлаш, халқаро ҳуқуққа риоя қилиш ва минтақанинг жаҳон таъминот занжирлари учун аҳамиятига бағишланган.
Германия делегацияси таркибига йирик немис мудофаа компаниялари раҳбарлари ҳам кирган. Улар орасида Airbus Defence, Diehl, MBDA, Rohde & Schwarz, Quantum Systems ва TKMS бор.
Бир кун аввал Япония, шунингдек Европа давлатлари, Канада, Жанубий Корея, Янги Зеландия, Австралия, Баҳрайн ва Бирлашган Араб Амирликлари Ҳўрмуз бўғози орқали кемаларнинг хавфсиз ўтиши таъминланишида иштирок этишга тайёр эканини билдирган эди.
Қўшма баёнотда шундай дейилган: “Биз Эроннинг Форс кўрфазида қуролсиз савдо кемаларига қарши сўнгги ҳужумларини, нефт-газ объектларини ўз ичига олган фуқаровий инфратузилмага қарши ҳужумларини ва Эрон кучлари томонидан Ҳўрмуз бўғозининг амалда ёпиб қўйилишини қатъий қоралаймиз”.
Мавзуга оид
09:29
Писториус: Россияга нисбатан санкцияларни юмшатиш мумкин эмас
09:56 / 21.03.2026
Германия Украинага қурол-яроғ экспортини соддалаштирди
21:04 / 19.03.2026
Японлар дунёдаги энг хунук деб таърифланаётган самолётни қурди
13:05 / 19.03.2026