Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Мадуро мутлақо ёлғиз қолди». Венесуэлани энг кучли иттифоқчилари ташлаб кетдими?
Бугунги кунда Венесуэла президенти Николас Мадуро атрофига қараб, ўзининг ҳақиқий дўстларини топа олмайди. Унинг икки асосий иттифоқчиси – Хитой ва Россиянинг қўллаб-қувватлови бир пайтлар қанчалик мустаҳкам бўлиб туюлган бўлса, энди тобора заифлашиб бормоқда.
Фото: Getty Images
Кўп йиллар мобайнида бу икки мамлакат Венесуэладаги социалистик ҳукуматни сиёсий, молиявий ва ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келди. Бундай муносабатлар собиқ президент Уго Чавес даврида бошланган ва унинг шогирди Мадуро даврида давом эттирилганди.
Аммо экспертлар фикрича, энди бу қўллов асосан рамзий характерга эга ҳамда муайян ҳарбий ёки молиявий ёрдам билан эмас, балки қуруқ баёнотлар билан ифодаланмоқда.
Бу ўзгариш АҚШ Кариб ҳавзасида ҳарбий-ҳаво ва денгиз кучларини, жумладан, атом сувости кемаси, разведка самолётлари ва 15 мингга яқин аскарини жойлаштириши ва АҚШ президенти Доналд Трамп бир томонлама равишда Венесуэла ҳаво ҳудудини «тўлиқ ёпиқ» деб эълон қилишидан кейин содир бўлди.
Трамп бу наркотрафикка қарши операция эканини таъкидламоқда, бироқ кўплаб экспертлар, худди Мадуронинг ўзи каби, Вашингтоннинг асл мақсади режимни ўзгартириш деб ҳисоблайди.
Венесуэла президенти учун бу қийин даврда нималар ўзгарди?
Кучли иттифоқчилар
Чавес 1999 йилда ҳокимиятга келгач, кўп қутбли дунё яратиш ва АҚШ таъсирига қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатлари доирасида Хитой ва Россия билан стратегик иттифоқ тузишни бошлаганди.
Бу алоқалар 2019 йилда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди, чунки ўшанда сохталаштириш айбловлари билан бузилган сайловлардан сўнг Мадуронинг легитимлиги хавф остида қолганди. Пекин ҳам, Москва ҳам ўзини муваққат президент деб эълон қилган мухолифат етакчиси Хуан Гуайдони тан олишдан бош тортди ва режимни иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни давом эттирди.
Ҳозирда, Мадуро янги ва ундан ҳам жиддийроқ инқирозга дуч келганида эса, Хитой ҳам, Россия ҳам унга муайян ёрдам кўрсатмаяпти.
Washington Post маълумотларига кўра, октябр ойи охирида Венесуэла раҳбари иккала давлатга ҳам ҳарбий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Журналистлар АҚШ ҳукуматининг ички ҳужжатларига таяниб маълум қилишича, Венесуэла Россиядан қирувчи самолётларни таъмирлаш, радар тизимларини модернизация қилиш ва ракеталар сотиб олишда ёрдам сўраган.
Аммо шу пайтгача Москва ҳеч қандай моддий ёрдам кўрсатмади, фақат баёнот бериш билан чекланди.
Россиядаги ТАСС давлат агентлиги ёзишича, ноябр ойи бошида Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков Россия Венесуэла билан «доимий ишчи алоқалар»ни қўллаб-қувватлашини айтган, бироқ бошқа изоҳ беришдан бош тортган.
Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова эса матбуот брифингида «ҳар қандай кескинлашув янада каттароқ муаммоларга олиб келиши»ҳақида гапирди.
Кейинроқ ТАСС агентлигида ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябковнинг Россия Венесуэла билан «елкама-елка» турганини айтган сўзларидан иқтибос келтирилди.
«Биз Венесуэлани кўплаб соҳаларда қўллаб-қувватлаймиз, худди у бизни қўллаб-қувватлагандек», – деди у ва Трамп маъмуриятини инқирознинг кучайишига йўл қўймасликка чақирди.
Бу баёнотлар Москванинг 2018 йилдаги ҳаракатларига мос келмайди: ўшанда АҚШ Мадуро ҳукумати назорати остидаги Миллий сайлов кенгаши томонидан эълон қилинган сайлов натижаларини тан олмаганидан сўнг, Россия ўз кучини намойиш этиш учун Венесуэлага 100 дан ортиқ учувчи ва ҳарбий хизматчиларни, шунингдек, ядро қуролига эга бўлган иккита Ту-160 бомбардимончи самолётини юборганди.
Хитой-чи?
Washington Post нашри ёзишича, Мадуро ХХР раиси Си Жинпингга «АҚШ ва Венесуэла ўртасидаги кескинлашув»га қарши туриш учун «ҳарбий ҳамкорликни кенгайтириш» илтимоси билан мактуб йўллаган.
У Пекиндан радиолокация тизимларини ишлаб чиқариш ва Венесуэлага етказиб беришни тезлаштиришни сўраган.
Хитой пуллари бир пайтлар Венесуэла тараққиётида марказий рол ўйнаган: Хитой-Лотин Америкаси молиявий маълумотлар базасига кўра, 2005 йилдан 2022 йилгача ушбу мамлакат Лотин Америкасининг Хитойдан энг кўп кредит олувчи давлати бўлган.
Халқаро муносабатлар бўйича Америка кенгаши баҳоларига кўра, бу даврда Каракас 60 миллиард долларгача маблағ олган – бу Хитойнинг минтақага берган умумий кредитларининг 40 фоиздан ортиғини ташкил қилади.
Ўз навбатида, Хитой Венесуэла нефтининг асосий харидорига айланган.
Аммо Москва сингари Пекин ҳам Венесуэлани ҳарбий воситалар билан ҳимоя қилишга тайёрлигини намойиш этмади, бунинг ўрнига, «ташқи аралашув»ни қоралади ва Лотин Америкаси «тинчлик зонаси» бўлиб қолиши кераклигини таъкидлаб, вазминликка чақирди.
Приоритетларни ўзгартириш
Чилидаги Андрес Белло университети Хитой тадқиқотлари маркази директори, профессор Фернандо Рейес Маттанинг таъкидлашича, Венесуэла Пекин ва Москванинг устувор йўналишлари рўйхатидан тушиб қолган, бу айниқса Трамп Оқ уйга қайтганидан кейин яққол кўринмоқда.
«Бугунги кунда ўзларининг бошқа муаммолари, Россиянинг Украинадаги уруши ва Хитойнинг халқаро майдонни Трамп билан бўлишиб туришга уринишлари ҳисобга олинса, на Россияда ва на Хитойда Венесуэла ҳимояси учун ва-банкка боришга сабаб йўқ», –дейди у.
2022 йилда Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан бери Москва бу можарога катта ресурсларни йўналтирди, бу эса молиявий ва ҳарбий соҳаларда сезиларли оғирлик туширди. Бундан ташқари, мамлакат Ғарб санкцияларига дучор бўлган.
Натижада илгари Кремл томонидан қўллаб-қувватланган иттифоқчиларда ресурслар кам қолди, дейди Колумбиядаги Исеси университети Сиёсат ва халқаро муносабатлар лабораторияси директори, профессор Владимир Рувински.
Олдинроқ Москванинг Яқин Шарқдаги эски иттифоқчилари Сурия ва Эрон ҳам худди шундай муаммога дуч келганди.
«Россия олдингидан ҳам каттароқ санкцияларга дучор бўлишдан, Хитой эса Мадурони ҳимоя қилгани учун янги тарифларга дучор бўлишдан чўчиб, ортиқ таваккалчилик қилмайди», – дея қўшимча қилди у.
Экспертлар Хитой учун Мадурони ҳимоя қилиш қўшимча хавф туғдиришини ҳам айтишмоқда, бу Пекин ва Вашингтон ўртасидаги сўнгги дипломатик ютуқларни хавф остига қўйиши мумкин, шу билан бирга, мафкуравий яқинлашувдан бошқа ҳеч қандай фойда келтирмайди.
АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатлар Трамп бир неча мамлакат товарларига божлар киритганидан бери кескинлигича қолмоқда. Бироқ октябр ойи охирида Жанубий Кореяда Трамп ва Си ўртасида бўлиб ўтган ва ҳар икки томон ижобий деб баҳолаган учрашув янги келишувларга йўл очди.
Jesus Vargas/Getty Images
Кейинчалик АҚШ Хитойнинг баъзи маҳсулотларига божларни 20 фоиздан 10 фоизгача пасайтиришга рози бўлди, аммо бошқа божларнинг аксарияти ҳали ҳам ўз кучида қолмоқда.
Экспертлар фикрича, Венесуэладаги иқтисодий коллапс ва унинг нефт саноати қулаши Хитойнинг қўллаб-қувватловини янада заифлаштирди. Сўнгги йилларда Пекин янги кредитлар ҳажмини камайтирди ва ҳозирда асосан ўтган кредитлар учун тўлов ундириш билан банд.
«Менимча, Хитой охир-оқибат Мадуро ўрнига келадиган ҳар қандай ҳукумат билан музокаралар олиб боришга тайёр ва ҳозирда Мадурони қизғин қўллаб-қувватлаш режим қулаганида салбий оқибатларга олиб келиши мумкин, деб ҳисоблайди», – деди профессор Рувински.
«Мадуро ёлғиз қолди»
Иккала эксперт ҳам яна бир омилга – Венесуэладаги ички вазиятга ишора қилмоқда.
«Ўйлайманки, бу икки давлатдан бирортаси ҳам ички қўллаб-қувватловга эга бўлмаган режимни қўллаб-қувватлашга тайёр эмас. Бундан ташқари, Россия ҳам, Хитой ҳам сўнгги президентлик сайловлари натижалари сохталаштирилганидан хабардор», – дейди профессор Рейес Матта.
2024 йил июл ойида бўлиб ўтган сайловлар сохталаштириш бўйича жиддий айбловлар билан бирга кечди. Ҳукумат иттифоқчилари устунлик қиладиган Миллий сайлов кенгаши Мадурони ғолиб деб эълон қилди, аммо аввалги сайловлардан фарқли ўлароқ, батафсил натижалар тақдим этилмади.
Нобел мукофоти совриндори Мария Корина Мачадо бошчилигидаги мухолифат аслида мухолифат номзоди Эдмундо Гонсалес ғалаба қозонганини кўрсатувчи сайлов протоколларини эълон қилган.
«Бу сафар Мадуро бутунлай ёлғиз қолди», – дейди профессор Рувински. Унинг фикрича, Мадуронинг вақти тугаяпти: «Россия ва Хитой АҚШнинг аралашувини танқид қилишда давом этиши мумкин, аммо улар бундан нарига ўтишга тайёр эмас. Унда ўтмишда бўлган қўллаб-қувватлов энди баъзи риторик баёнотларни ҳисобга олмаганда, амалда мавжуд эмас».
Мавзуга оид
13:56
Хитой Тайван атрофида машғулот бошлади: ҳарбийлар оролни блокада қилишни синовдан ўтказади
09:51
Тайван бўғози атрофида кескинлик: Хитой апрелдан бери илк йирик машқни ўтказади
19:11 / 28.12.2025
Хитой АҚШнинг 20та компаниясига қарши санкция киритди
19:33 / 27.12.2025