Иқтисодиёт | 20:15 / 17.04.2026
7368
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қурилаётган пулли йўллар. Нарх нимага қараб белгиланади?

Ўзбекистон ҳукумати халқаро молия ташкилотлари кўмагида Тошкентдан Самарқанд, Андижон ва Чорвоққача, шунингдек, Урганч–Хива ўртасида пулли йўллар қуришни бошлаяпти. Хусусан, қиймати 2,25 млрд доллларга баҳоланаётган Тошкент–Самарқанд йўлининг узунлиги 282 кмни ташкил этади ва ҳаракатланиш вақти 2−2,5 соатгача қисқариши кутиляпти. Расмийларнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра нархлар 200 км учун 100 минг сўм атрофида ёки ҳар бир километр учун 5 центдан арзонроқ бўлиши мумкин.

Фото: Depositphotos

Ривожланган давлатлар бепул йўлларга муқобил тарзда тирбандликни камайтириш, аҳоли ва юк ташувчи транспортлар учун муҳим йўналишларда вақт тежаш, иқтисодий фаолиятни тезлаштириш ва инфратузилмани ривожлантириш учун пулли йўлларни ташкил қилган. Ўзбекистонда ҳам бу борада бир нечта режалар бор.

Ҳукумат халқаро молия ташкилотлари кўмагида Тошкентдан Самарқанд, Андижон ва Чорвоқ йўналишларида, шунингдек, Урганч–Хива ўртасида пулли йўллар қуришни 2026 йилдан бошламоқчи. Бунгача белгиланган муддатлар бир неча марта кечиктирилганди. Хўш, пулли йўллар ҳақида нималар маълум, нархлар қандай бўлади?

Тошкент–Самарқанд йўли

Тошкент–Самарқанд пулли автомобил йўли Сергели туманидаги Тошкент ҳалқа йўлидан бошланади ва мавжуд трассага параллел тарзда ўтади. Бу ҳақда «Автойўлинвест» агентлиги директори ўринбосари Аслиддин Исаев маълум қилганди.

Қиймати 2,25 млрд долларга баҳоланаётган лойиҳанинг умумий узунлиги 282 кмни ташкил этади. Автомагистралда 12 та кириб-чиқиш терминали бўлиши, ҳайдовчиларга йўлнинг турли нуқталарида магистралга кириш ва чиқиш имконияти яратилиши режалаштирилган.

Йўлнинг техник хусусиятлари қуйидагича: ҳаракат тасмалари 6 та, лойиҳавий тезлик 150 км/соат, кутилаётган автомобил жадаллиги суткасига 50 мингтагача, тасмалар кенглиги 3,75 метр, қурилиш муддати эса 5 йил.

Мазкур автомобил йўли қурилиши натижасида Тошкентдан Самарқандгача бўлган ҳаракат вақти 2−2,5 соатгача қисқариши кутиляпти. Пулли йўлдан фойдаланиш тарифи ҳозирча белгиланмаган.

Тошкент–Андижон йўли

Жорий йилда Қамчиқ довони орқали ўтувчи Тошкент–Андижон пулли йўлини қуриш бўйича ҳам амалий ишлар бошланиши айтиляпти.

Қайд этилишича, водий вилоятларини пойтахт билан боғловчи йўлнинг умумий узунлиги 314 км бўлади. Дастлабки босқичда қиймати 3,66 млрд доллар бўлган 171 км узунликдаги Тошкент–Ангрен–Қамчиқ довони муқобил йўлини қуриш режалаштириляпти. Бунда 33 км узунликдаги 4 қаторли янги туннел ҳам фойдаланишга топширилади. Йўлнинг йиллик тўлов миқдори 465 млн долларга баҳоланган.

Лойиҳа Жаҳон банки кўмагида амалга оширилади. Тендер жараёнларини тўлиқ лойиҳалаштириш ва ўтказиш учун Arup халқаро консалтинг компанияси жалб қилинган. Амалий ишлар жорий йил давомида бошланиши режалаштирилган.

Пулли йўл қурилиши натижасида Тошкентдан Андижонга бориш вақти ҳозирги 5−5,5 соатдан 2−2,5 соатгача қисқариши кутиляпти. Шунингдек, ноқулай об-ҳаво шароитларида, ёмғир ва қорда ҳам автомобил йўли тўлиқ фойдаланишга тайёр ҳолатда бўлиши ваъда қилиняпти.

Тошкент–Чорвоқ йўли

Тошкент–Чорвоқ пулли йўлини қуришда Қатарнинг Protocol Group ва Жанубий Кореянинг Korea Expressway Corporation компаниялари билан дастлабки келишувларга эришилган. Йўл уч йилдан кейин фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Ҳозирда Тошкентдан Чорвоққача бўлган ўртача қатнов вақти 80 дақиқани ташкил этади. Янги йўл қурилгандан сўнг, бу тахминан 35 дақиқагача қисқаради. Автомобил магистралининг умумий узунлиги 52 кмни ташкил этади.

Урганч–Хива йўли

Жорий йилнинг феврал ойида Хоразм вилоятида Урганч ва Хива шаҳарларини боғлайдиган пулли автомобил йўли қурилиши бошланди. 35 километрлик янги магистрал – ҳозирда мавжуд 34 км узунликдаги йўлга муқобил бўлади. Лойиҳанинг умумий қиймати – 120 млн доллар. Пулли йўл 4 тасмали, асфалтбетон қопламадан иборат бўлади ва суткасига 20 мингта транспорт воситасини ўтказа олади.

Янги йўл икки шаҳар ўртасидаги масофа вақтини 3 баробарга қисқартириб, 1 соатдан 17 дақиқагача туширади. Пулли йўлнинг бошланиш нуқталарида ва ўртасида терминаллар жойлашади.

Нархлар қандай бўлади?

Ҳозирча расмийлар пулли йўлларда ҳаракатланиш нархи қанча бўлиши ҳақида аниқ рақамларни очиқлашмаяпти. 2025 йилнинг октябр ойида Автомобил йўллари қўмитаси бош юрисконсулти Ҳасан Умаров пулли йўлдан фойдаланишдаги нарх ҳисоблаш методикаси ҳукумат томонидан тасдиқланишини маълум қилганди. Бунда ставкаларнинг энг юқори чекланган миқдорлари белгилаб қўйилиши ва инвестор йўл тўловини ана шу энг юқори миқдордан оширмаслиги талаб этилади.

“Масалан, 100-200 км жойга борадиган бўлса, йўлда нечта радарга тушади. Битта радарга тушсангиз ҳам, 200 минг сўм тўлайсиз. Пулли йўлда эса, бугунги хомчўтларимизга кўра, 200 км ҳаракатланиш тўлови 100 минг сўм атрофида бўлади. Бу ҳисоб-китоблар ҳали ўзгариши мумкин”, – деганди у.

Ноябр ойида транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев пулли йўлларда йўл ҳақи бир километр учун 5 центдан кам бўлишини билдирганди. Якуний тарифлар молиялаштириш шартлари, хусусий шерик ва ДХШ лойиҳасини амалга ошириш муддатларига боғлиқ бўлади.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид