Спорт | 00:53 / 15.06.2022
72801
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Япония билан ўйинни мухлисларсиз ўтказади, ЎФА 50 минг доллар жаримага тортилди

Фото: Tribuna.uz

Ўзбекистон футбол ассоциацияси Ироқ ва Ўзбекистон ёшлари ўртасидаги учрашувда тартибсизлик келиб чиққани учун 50 минг доллар жаримага тортилди.

Тошкентда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё чемпионати баҳслари давом этмоқда. Чоракфинал доирасидаги Ироқ ҳамда Ўзбекистон ёшлари ўртасидаги ўйинда ўзбекистонлик мухлислар Абдувоҳид Неъматовга қизил карточка кўрсатилгач, майдонга тош ва бошқа буюмлар улоқтирганди. Оқибатда бир нафар маҳаллий ва бир нафар меҳмон фотомухбир жароҳат олган. ОФК ушбу ҳолат бўйича тартиб-интизом қўмитаси қарорини эълон қилди.

ОФК расмий сайтида ёзилишича, Ўзбекистон олимпия жамоаси иштирокидаги битта ўйин маҳаллий томошабинларсиз ўтказилади. Яъни, Осиё кубоги U23 яримфинали доирасидаги Ўзбекистон – Япония баҳсига ўзбекистонлик томошабинлар киритилмайди. Япониялик 500 нафар мухлис эса стадионга кириши мумкин бўлади.

Шунингдек, Ўзбекистон – Ироқ учрашувида стадионда хавфсизлик етарлича таъминланмагани ва ОФК талаблари бажарилмагани сабаб ЎФА 50 минг АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилади. Абдувоҳид Неъматов эса 3 ўйинга дисквалификация қилиниб, 500 доллар жарима тўлайди.

Осиё кубоги U23 яримфинали доирасидаги Ўзбекистон – Япония учрашуви, 15 июн куни соат 21:00да «Бунёдкор» стадионида бошланади.

Мавзуга оид