Ўзбекистон | 09:58 / 31.10.2025
6351
2 дақиқада ўқилади

Иситиш мавсумида табиий газ бўйича базавий меъёр оширилади

Март–октябр ойларида 100 м³ бўлган базавий меъёр ноябр–феврал ойларида 500 м³ бўлади. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида эса 500 м³лик меъёр октябр ойида ҳам амал қилган. Шунингдек, эҳтиёжманд оилаларга газ ва электр учун ойма-ой компенсация, шунингдек 2025-2026 мавсум олдидан 1 млн сўм моддий ёрдам берилади.

Фото: SimonSPb / Shutterstock

Ўзбекистонда аҳоли учун табиий газ истеъмолига тегишли базавий меъёр иситиш мавсумида 5 баробарга оширилиб, 500 куб метрга етказилади. Амалдаги тартибга кўра, ноябр—феврал ойларида ҳар бир ой учун 500 м³гача, март—октябрда эса 100 м³гача “базавий меъёр” амал қилади.

Куз-қиш мавсумида истеъмол юқори бўлган ҳудудлар ҳисобга олиниб, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида октябрдан февралгача ойлик меъёр 500 м³ қилиб қўлланади.

Президент қарорига мувофиқ, эҳтиёжманд оилаларга электр энергияси ва табиий газ учун ойма-ой компенсациялар тўланади: электр бўйича — ойига базавий меъёрдан ортиқ қисми учун 150 кВт·соатгача, табиий газ бўйича — қиш ойларида 250 м³гача, бошқа ойларда 150 м³гача ортиқча сарфланган қисмига компенсация берилади. Илгари бу тўловлар фақат қиш ойларида амал қилган бўлса, эндиликда йил давомида ҳар ой берилади.

Шу билан бирга, 2025-2026 йилги иситиш мавсуми олдидан (ноябр ойида) ҳар бир эҳтиёжманд оилага 1 млн сўмдан моддий ёрдам ажратилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид