Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бири отилган, иккинчиси сургун қилинган: Германияда ўқигани учун қатағон қилинган ўзбек аёллари
1922 йил. Бу даврда ўзбек қизлари бошқа давлат тугул, қўшни маҳаллаларга ҳам деярли боришмаган. Шундай даврда Германияга ўқишга юборилган 70 нафар талаба орасида икки ўзбек қизи: Марям Султонмуродова ва Хайринисо Мажидхонова ҳам илм олиб, ватанида ўзгаришлар қилиш ниятида Европага ўқишга йўл олади.
Йигирманчи асрда Туркистонни қолоқликдан қутқариб, одамларни саводли қилишга бел боғлаган жадидчилик ҳаракати намояндалари ёшларни Европага ўқишга юбориб мамлакатни тараққиётга бошлайдиган кадрлар етиштиришни мақсад қилади.
Шу мақсадда 1922 йилда Туркистондан илк талабалар гуруҳи Германияга ўқишга юборилади. Улар орасида бор-йўғи 2 нафар қиз: Марям Султонмуродова ва Хайринисо Мажидхоновалар бор эди.
Фото: Баҳром Ирзаев
Kun.uz илк бор чет эл таълимини олган ўзбекистонлик хотин-қизлар ва уларнинг аянчли тарихи ҳақида адабиётшунос олим, жамоат арбоби Наим Каримов билан суҳбатлашди.
Орзудаги мустақил давлатни бошқариш учун кадрлар керак эди
20-аср бошларида мамлакатимиз Туркистон деб аталарди. Бу даврда Туркистонда жадидчилик – миллий уйғониш ҳаракати бошланди. Халқнинг турмуш тарзи, маданияти, фан, санъати ниҳоятда оғир аҳволда эди. Туркистон – Чор Россияси мустамлакаси эди, жадидлар мустамлака занжирларини парчалаш учун болаларни, ёшларни ўқитиш, замонавий фанларга ўргатиш керак деган қарорга келишади. Уларнинг бу режалари қаторида ёшларни Европага ўқишга юбориш ҳам ўрин олганди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий: “Агар биз диний уламоларни тайёрлаб чиқармоқчи бўлсак, Арабистон, Мисрга ёшларни юборишимиз керак. Агар замонавий фанлар, техникани ривожлантиришни мақсад қилсак, унда Европа мамлакатларига талабаларни юборишимиз керак”, деган шиор билан чиққан. Бу шиорни амалга ошириш учун ҳали вақт пишиб етилмаган эди.
1917 йилда Қўқонда Туркистон мухторияти тузилади, лекин ҳарбий томондан заиф мухторият бироз ўтиб қонга ботирилади. Шундан сўнг юртда совет ҳукмронлиги ўрнатилади. Мана шу орада Ўзбекистонда “Билим ҳайъати” тузилади. Ташкилотнинг асосий мақсадларидан бири талабаларни четга ўқишга юборишдан иборат эди.
Ташкилот аъзолари: “Ҳар йили 70 нафар талабани хорижга ўқишга юборсак, яқин орада мустақилликка эришишимиз мумкин ва мустақил Ўзбекистонни бошқара оладиган кадрлар етишиб чиқади”, деб ишонишган. Шундай қилиб 1922 йилда илк марта талабаларни ўқишга юбориш режаси амалга ошади. Ўша вақтда Туркистон ҳукумати ихтиёрида Бухоро амиридан қолган олтинларнинг бир қисми бор эди, хазинанинг асосий қисми Россияга ташиб кетилганди.
1922 йилда 70 нафар талаба Германияга ўқишга юборилади. У пайти ҳали йигитлар ўзининг шаҳридан бошқасига, қизлар эса, эҳтимол, маҳалласидан нарига ўтмаган эди. Улар ўзбек тилидан бошқа тилни ҳам билишмаган ҳатто.
“Ўрта Осиёдан туялар, эшаклар келди”
Ёшлар орасида ўқишга кетган Вали Қаюм исмли талабанинг кейинчалик хотирлашича, Абдурауф Фитрат талабалар ўқишга кетишидан олдин ўзига яқин бўлган шогирдларини тўплаб Самарқанддаги Амир Темур ҳилхонасига олиб бориб, уларнинг ваъдасини олади. Мазмуни қуйидагича эди: “Биз ёш ўзбек йигитлари Германияга бориб, саноат, аниқ фанлар, қишлоқ хўжалиги бўйича мутахассис бўлиб келиб, бутун ҳаётимизни Ўзбекистон равнақи учун сарфлаймиз”.
Улар Германияга боргач, бирданига таълим муассасаларига қабул қилиниши қийин эди. Сабаби тил билишмасди. Илк бор ўзбекистонлик талабалар Германияга етиб бориб поезддан тушишганда Россиядан бориб шу давлатда ўқиётган талабалар оқ, қизил байроқлар кўтариб олиб “Ўрта Осиёдан туялар, эшаклар келди”, деб келган ёшларни ҳақорат қилиб, немисларда бизнинг талабаларга нисбатан нафрат уйғотишга ҳаракат қилган.
Ватандош талабалар немис оилаларига тақсимлаб берилади ва улар немис тилини ўрганишади, оилаларнинг уларга меҳри тушади. Шундан сўнг ўзбекистонлик талабалар турли таълим муассасаларига ўқишга жойлаштирилади.
Четда ўқиган биринчи ўзбек қизлари
Германияга ўқишга кетган талабалар орасида 2 нафар қиз бор эди: Хайринисо Мажидхонова ва Марям Султонмуродова.
Фото: Баҳром Ирзаев
Хайринисо Мажидхонова Тошкентда ўзбек халқининг зиёлилари билан битта кўчада яшаган. Отаси Мажидхон ҳам зиёли инсон эди. Хайринисо отаси зиёли инсон бўлгани сабаб Мунавварқори Абдурашидхонов очган жадид мактабида саводи чиқади. Янгича усулда таълим олгани учун ҳам Германияда таълим олишга унчалик қийналмаган бўлиши мумкин.
Хайринисо Германияда дастлаб техникумда, кейин эса университетда тиббиёт ва болалар педагогикаси йўналишларида таҳсил олади.
“Эзилган миллатлар, қоронғиликда қолган юртини келгусида чин билим билан ёритмоқ учун бу йил хорижга кетган талабалар орасида қизим Хайринисо ҳам бор эди. Билим учун узоқ элларга биринчи ўзбек қизини юбориш шарафи, шукрлар бўлсунким, менга насиб бўлмиш”, деб хурсанд бўлган эди Хайринисо Мажидхонованинг отаси.
Ҳали ёшлар Германия таҳсилини давом эттираётган пайтларида совет ҳукумати бир баҳона билан уларнинг стипендиясини тўхтатиб қўяди. Шундан сўнг ёшлар моддий қийинчиликлар билан таҳсилни давом эттиришади.
Талабалар Германиядан қайтгач, “Улар Европанинг таъсирига тушган, Россияни ёмон кўради”, деган айбловлар билан қамоққа олина бошланади. Ҳибсга олинганлар орасида Хайринисо Мажидхонова ҳам бор эди, унинг Германиядан олиб келган ҳамма материаллари ёқиб юборилади.
Фото: Баҳром Ирзаев
Хайринисо Мажидхонованинг ёндирилган китоблари орасида Германиядан олиб келинган тиббий асарлар, болалар китоблари билан бирга Гёте, Шиллернинг немис тилидаги китоблари, Абдулла Қодирий, Чўлпон каби буюк ўзбек шоир ва ёзувчиларининг ўзбек тилидаги асарлари ҳам бор эди. Хайринисо Мажидова қора айбловлар билан отувга ҳукм қилинади. Ҳукм 1938 йил 9 октябрда ижро этилади.
Хайринисо Мажидхонованинг жияни у ҳақида шундай хотирлайди: “Хайринисо холамнинг орзулари катта эди. Холам Германиядан келтирган тиббиётга оид турли қўлланмаларни немис тилидан ўзбек тилига таржима қилишга киришган, илмий тадқиқотларини бошлаган эдилар”.
Хайринисо Мажидхонова 1999 йилга келибгина тўла оқланади.
Илм олиб кун кўрмаган яна бир Туркистон қизи
Хайринисо Мажидхонова билан бирга Германияга ўқишга кетган қизлардан яна бири – Марям Султонмуродова эди.
У хоразмлик Жуманиёз исмли зиёли инсоннинг қизи эди. Бу одам Хива хонлигидаги давлат тўнтаришида қатнашиб, бу ерда жадидлар ҳукмронлигини ўрнатиш орзуси билан яшаган. Шу сабаб қамоққа олинади ва ўлдирилади. Марям илғор кишининг қизи бўлгани учун татар мактабида ўқийди ва 1911 йилда Тошкентдаги татар маориф институтига ўқишга киради. 1922 йилда 70 талаба орасида Германияга ўқишга кетади.
Марям Султонмуродова журналистика соҳасида мутахассис бўлиб етишади, немис адабиётини чуқур ўрганади.
Фото: Баҳром Ирзаев
Ўзбекистонга қайтгач бир муддат маориф бошқаруви тизимида, журналистика соҳасида ишлайди, немис тилидан таржималар қилади. 1937 йилда эса Германия таълимини олиб келганларни қамаш бошлангач, Марям Султонмуродова биринчилардан бўлиб қамоққа олинади. Унинг қўлида ёш боласи бор эди.
Фото: Баҳром Ирзаев
Бу ҳақда ўзи шундай эслайди:“1937 йилги терговдаги кўрсатмаларни тасдиқламайман. Шахсан ўзим бундай кўрсатма бермаганман. Мени тергов қилган чоғларида қайдномага имзо чекишга мажбур қилдилар. Лекин унда нима ёзилганлигини ўқимаганман, ўқишга беришмаган ҳам. Бу ҳужжатларнинг мазмуни билан танишишга ихтиёр билдирганимда, “болангни олиб қўямиз”, деб қўрқитишди”.
1939 йилда Марям Султонмуродовага 10 йиллик қамоқ жазоси тайинланади. Жазони аввалига Тошкент, кейин Қозон ва Москва яқинидаги Суздаль турмаларида ўтаган, ундан сўнг узоқ шарққа юборилиб, қурилишда ишлатилган.
Марям Султонмуродова 10 йиллик қамоқни тугатиб чиққач ҳам, 1949 йилда яна қамоққа олинади, бу сафар Красноярскка сургун қилинади. Сталин ўлимидан сўнг 1957 йилга келибгина тинмай мурожаат қилавериб, ўзининг айбсиз қамалганини исботлашга муваффақ бўлади.
Ҳаёти таъқиб, четлатишлар билан ўтган Марямга Хоразмда иш беришмайди, уни сиғдиришмайди. Шундан сўнг у чекка қишлоққа кетиб, ўша ерда касалхона очиб одамларга ёрдам бериш билан ҳаёт кечиради.
Зилола Ғайбуллаева тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов.
Мавзуга оид
14:35 / 20.11.2025
СССРни ларзага солган жосуслик. Нега КГБ генерали ўта махфий маълумотларни америкаликларга берганди?
17:25 / 10.11.2025
Суперлига ўйинини тўрт нафар аёл ҳакам бошқаради
13:22 / 16.10.2025
Ишга олиш учун аёлга жинсий алоқа таклиф қилган мактаб директори ишдан олинди
11:09 / 09.10.2025