Ўзбекистон | 23:07 / 10.10.2025
5747
4 дақиқада ўқилади

Жиззах боғчаларида заҳарланиш ва кийим ишлаб чиқаришда янги рекорд – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Жиззахда боғча болалари оммавий заҳарланди

Фориш туманидаги 4 та давлат мактабгача таълим муассасасининг 37 нафар тарбияланувчиси иситма кўтарилиши, кўнгил айниши ва ҳолсизлик каби шикоятлар билан шифохонага мурожаат қилган.

Шифокорлар томонидан ўтказилган эпидемиологик суриштирув давомида болалар 8 октябр куни мактабгача таълим муассасаларида биокефир, пишлоқ ва сариёғ каби маҳсулотлар истеъмол қилгани аниқланган. Уларга анамнез ва биринчи текширувлар асосида «ўткир диарея» ташхиси қўйилиб, стационар равишда тиббий ёрдам кўрсатилган.

Ҳолат юзасидан Фориш туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва суриштирув олиб борилмоқда.

Иссиқхона соҳасини ривожлантириш бўйича президент фармони қабул қилинди

«Иссиқхона хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва экспорт ҳажмини кўпайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди.

Фармонни қабул қилишдан кўзланган мақсад мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ҳажмини кўпайтириш, иссиқхона хўжаликлари фаолиятини янада ривожлантириш ҳамда янги захира ва имкониятларни ишга солиш экани таъкидланмоқда.

Фармон билан иссиқхона хўжаликларини табиий газ билан кафолатли таъминлаган ҳолда мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ҳажмини 2026 йилда – 620 минг тоннага, 2027 йилда 670 минг тоннага етказиш, ушбу маҳсулотларнинг экспорти ҳажмини 30 фоиздан 70 фоизга ошириш мақсадли кўрсаткич этиб белгиланди.

Ўзбекистонда кийим ишлаб чиқаришда янги рекорд қайд этилди

2025 йилнинг январ–август ойларида Ўзбекистонда йирик корхоналар томонидан 24,4 трлн сўмлик кийим маҳсулотлари ишлаб чиқарилган.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 16,9 фоиз ўсган.

Ҳудудлар кесимида кийим ишлаб чиқариш бўйича етакчилар: Андижон вилояти – 9,6 трлн сўм; Наманган вилояти – 2,7 трлн сўм ва Тошкент вилояти – 2,6 трлн сўм.

Ўзбекистон бозорида UzAuto Motors улуши 83 фоизгача қисқарди

2024 йил январ-сентябр ойларида Ўзбекистонда сотилган ҳар 100 та машинанинг 89 донаси Chevrolet брендига тегишли бўлган бўлса, жорий йилнинг ўтган 9 ойида бу кўрсаткич 83 тагача қисқарди.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида UzAuto Motors 141 304 дона, Khorezm Auto 103 837 дона, ADM Jizzakh 32 987 дона, BYD Uzbekistan Factory 16 846 дона, Asaka Motors 937 дона, SamAuto 341 дона, Alyans Auto 79 дона автомобилни харидорларга етказиб берган. Таққослаш учун, 2024 йилнинг январ-сентябр ойларида Сhevrolet бренди остидаги 303 373 дона машина сотилган. Бу жорий йилдаги сотув миқдоридан ҳам 26 мингтага кўп.

Банк картаси блокланганда нима қилиш керак?

Банк карталари блокировкаси – турли сабаблар билан учраб турадиган, ҳар ким билан рўй бериши мумкин бўлган ҳолат. Шу сабаб тўғри ечимларни билиб қўйиш фойдадан холи эмас.

Блоклаш – бу карта орқали тўловларни амалга оширишга тақиқ қўйишдир. Яъни картадан фойдалана олмай қоласиз. Тўлов қилиш, пул ўтказиш ва ўтказмаларни қабул қилиш ёки нақд пул ечиш имконсиз бўлиб қолади.

Банк картани мижознинг талаби ёки ўз ташаббуси билан блоклаши мумкин, бунинг асосий сабаби – мижоз пулларининг хавфсизлигини таъминлаш ҳисобланади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид