Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
2026 йилги солиқ ставкалари ва ҳудудларда электр таъминотидаги узилишлар – маҳаллий дайжест
Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
2026 йилда асосий солиқлар бўйича ставкалар ўзгармайди
Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида маъқулланган қонунда белгилаб қўйилган. Қайд қилинишича, 2026 йилги солиқ сиёсатида асосий солиқ ставкалари қўшилган қиймат солиғи 12 фоиз, фойда солиғининг базавий ставкаси 15 фоиз, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 12 фоиз, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 1,5 фоиз, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ер солиғи – 0,95 фоиз, ижтимоий солиқ 12 фоиз (бюджет ташкилотлари 25 фоиз), айланмадан олинадиган солиқ 4 фоиз миқдорида ўзгаришсиз қолади.
Таъкидланганишича, кейинги йилга мўлжалланган солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари, шу жумладан, амалдаги қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш, президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Ҳудудларда электр таъминоти билан боғлиқ узилишлар кузатиляпти
Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларидан электр таъминоти билан боғлиқ узилишлар юзасидан мурожаатлар кўпайди. Самарқанд вилояти Ургут туманидаги маҳаллаларда 2 кундан бери, Сурхондарë вилояти Шеробод туманида айрим қишлоқларда эса 4 кундан бери свет йўқлиги айтиляпти.
Энергетика вазирлигига кўра, Ўзбекистонда электр энергияси етишмовчилиги масаласида муаммо қолмаган. Охирги йилларда қурилган ўнлаб электр станциялари ҳисобига, генерация қилинаётган энергия ички эҳтиёжни «тўла қондира олади». «Свет ўчишлари» эса, расмийлар изоҳига кўра, «ток» етишмовчилигидан эмас: эскирган тармоқлар баъзи вақтларда мавжуд юкламани кўтара олмаётганидан. Тармоққа юклама максимал кўрсаткичга яқинлашганда, тақсимлаш пунктлари ишдан чиқмаслиги учун ҳудудий электр корхоналари таъминотни узиб қўйишга мажбур бўлади.
Йўл қурилишида дрон ва космик тасвирлар асосида мониторинг жорий этилади
Президент фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 июлдан автомобил йўллари қурилиши жараёнларида космик тасвирлар ва дронлардан фойдаланган ҳолда мониторинг ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади. Бунда қурилиш ишлари ҳажмлари молиялаштириш кўрсаткичлари билан солиштириб борилади.
Фармонда белгиланишича, мазкур механизм йўл қурилишидаги жараёнларнинг шаффофлиги ва ҳисобдорлигини ошириш, амалга оширилаётган ишлар ҳажмини реал вақт режимига яқин тарзда баҳолаш ҳамда молия маблағларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилишга хизмат қилади.
Конституциявий суд фаолияти такомиллаштирилади, рақамли технологиялар жорий этилади
Конституциявий назорат самарадорлигини янги босқичга олиб чиқиш, Конституциявий суд фаолиятини босқичма-босқич рақамлаштириш, конституциявий одил судловга эришиш кафолатларини кучайтириш ҳамда Конституциявий суднинг қонун устуворлигини таъминлашдаги ролини янада ошириш мақсадида янги фармон қабул қилинди.
Унда белгиланишича, муайян иш бўйича суд томонидан қўлланилган қонуннинг Конституциявий суд томонидан Конституцияга мувофиқ эмас деб топилиши суд ҳужжатини ўрнатилган тартибда қайта кўришга асос бўлади.
Шунингдек, муайян иш бўйича қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан Конституциявий судга Олий суд томонидан мурожаат киритилиши ҳолатини судда тегишли иш бўйича иш юритувини тўхтатишга асос бўлади.
Нефт-газ соҳасида кутилган натижаларга эришилмаётгани қайд этилди
18 декабр куни “Ўзбекнефтгаз” АЖда бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда компания бошқаруви раиси лавозимига тасдиқланган Абдуғани Сангинов жамоага расман таништирилди ва қазиб чиқаришни барқарорлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Нефт ва газ соҳасини янги босқичга олиб чиқиш учун президент яратиб бераётган имкониятларга қарамай, соҳада кутилган натижаларга эришилмаяпти, деди Жамшид Қўчқоров.
Сангинов қисқа муддатларда “Ўзбекнефтгаз”ни трансформация қилиш бўйича янги стратегияни қабул қилиши, жамоа билан бирга газ қазиб чиқаришни барқарорлаштириш ва соҳада тизимли натижаларга эришилишини маълум қилди.
Мавзуга оид
21:52 / 17.12.2025
Тошкентда янги «сити»лар ва XCM молиявий пирамидасининг қулаши – маҳаллий дайжест
21:26 / 16.12.2025
Тошкентда йирик иссиқлик таъминоти маркази ва қўқонлик табибнинг судга берилиши – маҳаллий дайжест
21:30 / 15.12.2025
Тадбиркорлар учун янги имкониятлар ва ИИБ ходимининг мудҳиш жинояти – маҳаллий дайжест
21:02 / 12.12.2025