Ўзбекистон | 21:26 / 16.12.2025
1497
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда йирик иссиқлик таъминоти маркази ва қўқонлик табибнинг судга берилиши – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Президент Тошкентдаги йирик иссиқлик таъминоти маркази фаолияти билан танишди

Шавкат Мирзиёев Юнусобод туманида барпо этилган йирик қувватли когенерация станцияси фаолияти билан танишди.

Хитойнинг CNTIC компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳа 3,5 гектар майдонда жойлашди. Уни молиялаштириш учун 65 миллион доллар бевосита хорижий инвестиция йўналтирилди. Когенерация иншоотига Буюк Британиянинг Rolls-Royce компаниясининг 70 та газ-поршен ускуналари ўрнатилди.

Қозонхоналардан истеъмолчиларгача бўлган иссиқлик таъминоти инфратузилмаси реконструкция қилинди. Иссиқлик магистраллари янгиланди. Тармоқлар изоляцияли қувурлар билан алмаштирилди. Бу эса турли даражадаги энергия йўқотишларининг олдини олиш имконини беради.

Қўқонлик табиб яна судга берилди

Халқ орасида табиблик билан шуғулланиб, «бионур соҳиби» сифатида танилган Иқбол Солиев ноқонуний фолият юритаётгани аниқланди.

Қайд этилишича, унинг фаолияти қонунийлиги ўрганилганда солиқ органларидан «Халқ табобати» фаолият тури бўйича 2020 йилда рўйхатдан ўтгани, аммо Ўзбекистон Халқ табобати ассоциацияси томонидан берилган гувоҳнома муддати 2024 йил декабрида тугагани маълум бўлган. У маъмурий жавобгарликка тортилиб, 7,5 млн сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Шунингдек, унинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлгани инобатга олиниб, ИИО ходимлари томонидан расмий огоҳлантирилган. Шунга қарамай, Иқбол Солиев ўз фаолиятини давом эттириб, видеороликларни ижтимоий тармоқларга жойлаб келгани аниқланган. Бу бўйича очилган маъмурий иш 27 ноябр куни Қўқон шаҳар ИИБ томонидан суд органига юборилган.

Никоҳ шартномасини видео-конференц-алоқа орқали қайд этиш имконияти жорий қилинди

Нотариуслар томонидан никоҳ шартномасини тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низом ишлаб чиқилди.

Унда никоҳ шартномасини расмийлаштиришнинг бир нечта шакли белгиланган. Хусусан, шартнома нотариал идора биносида, видео-конференц-алоқа орқали ёки мурожаат қилувчи хоҳишига кўра сайёр тартибда расмийлаштирилиши мумкин.

Видео-конференц-алоқа орқали расмийлаштирилганда бу ҳолат тасдиқловчи ёзувда қайд этилади ҳамда жараён «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизимида автоматик равишда аудио ва видеода ёзиб борилиши назарда тутилган.

Самарқандда мармар тошлар орасига яширилган 37 кг опий аниқланди

«Хавфсиз ва соғлом юрт» тадбирлари доирасида Самарқанд вилоятида ДХХ, ИИБ ва божхона ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда хорижий фуқаро ҳамда 3 нафар маҳаллий фуқаро қўлга олинди.

Аниқланишича, чет эллик фуқаро қурилишда фойдаланиладиган мармар тошлар орасига гиёҳвандлик воситаларини яширган ҳолда мамлакатимизга олиб келган. Маҳаллий фуқаролар эса ушбу гиёҳвандлик моддасини сотиш билан шуғулланган.

Тезкор тадбир давомида жами 37 кг 421 г экстракцион опий гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил сифатида олинди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид