Ўзбекистон | 20:21 / 16.04.2021
39349
3 дақиқада ўқилади

«Биз билгандик шунақа бўлишини» — Тошкент метрополитени раҳбари Сергели йўналишидаги носозлик ҳақида

Тошкент метросининг Сергели йўналишида юз берган техник муаммо аввалдан кутилган бўлган, деб маълум қилди «Тошкент метрополитени» УК раҳбари Ойбек Худойқулов.

«Биз билгандик шунақа бўлишини, шунга тайёргарлик кўргандик. Фақат бир ойдан кейин бошланади деб тургандик. Чунки бу ҳаво ҳароратининг кўтарилиши билан боғлиқ ҳолат эди. Билардик рельсларнинг узайишини. Темир йўлда ҳам бор бу нарса. Ҳаммасини ҳисобга олиб қўйганмиз, лекин ҳали вақт бор деб ўйлагандик. Ҳарорат 20 градус бўлгани учун ҳали бор деб ўйлагандик, шундай ҳолат юз бериб қолди», – таъкидлади Худойқулов 16 апрел кунги матбуот анжуманида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ метронинг Сергели йўналишида техник муаммо сабаб метро ҳаракати 6 соатга тўхтаб қолган эди. Бунга йўналишдаги контакт рельсининг кронштейнни ушлаб туриш қурилмаларидан чиқиб кетиши сабаб бўлганди

Метрополитен раҳбарининг сўзларига кўра, метрода техник носозликларнинг олдини олиш мақсадида экспертиза гуруҳи иш олиб боради.

«Барча йўналишларимизда ишчи гуруҳ фаолият олиб борган, шахсан ўзим ҳам аъзоман гуруҳга. Аввало, йўловчи сифатида юриб кўрамиз, кейинчалик йўловчиларга бирор тўсқинлик қиладиган ҳолат бўлмаслиги учун. Биз ҳам шу ерда ишлаймиз, фойдаланамиз, тизимдаги 4 мингдан ортиқ ходим шу метрода бўламиз. Экспертизадан ўтгандан кейин ҳам ўзимиз қараб, текшириб чиқамиз. Бу масалада йўловчиларга бирорта хавф йўқ», – дейди у.

Ойбек Худойқуловнинг айтишича, 2021 йилнинг дастлабки 3 ойида йўловчилардан тушган маблағ 31,5 млрд сўмни ташкил этади. Метрода ҳафтанинг душанба–жума кунларида бир кунда 330 минггача йўловчи ташилади. Дам олиш кунлари йўловчилар нисбатан камаяди: 140–150 мингга тушади. Бир ойда йўловчилардан тушган маблағ 10,5 млрд сўм бўлади ва шундан 8,5 млрд сўм тизимда фаолият юритаётган 4200 нафар ходимга ойлик сифатида берилади. 3 млрддан ортиқроқ маблағ электр энергиясига сарфланади.

«Жамоат транспорти ўзини ўзи қопламаслиги сир эмас, шунинг учун ҳар йил якунида кейинги йил харажатлари учун сарфланиши кўзда тутилган маблағни тахминан ҳисоблаб, Молия вазирлигига маълум қиламиз. Жумладан, 2021 йил харажатлари учун бизга 45 млрд сўм маблағ давлат томонидан ажратилган. Тан олишимиз керак, топаётган пулимиз ўзимизнинг харажатларимизга етмайди. Бунинг олдини олиш мақсадида йўлкира нархларини кўтариш ҳақида ҳам таклиф киритганмиз. Лекин давлат раҳбари бунга йўл қўймасдан қолгани давлат томонидан субсидия қилиб берилиши ҳақида топшириқ берган», – деди Ойбек Худойқулов.

Мавзуга оид