Спорт | 22:38 / 09.04.2026
5516
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик ҳакамлар ЖЧ-2026 ўйинларини бошқаради

Илгиз Танташев бош ҳакам сифатида ишлайди. Унга қанотларда Андрей Цапенко ва Тимур Гайнуллин ёрдам беради.

Фото: UFA

Ўзбекистонлик ҳакамлар АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этади. Бу ҳақда ФИФА (.pdf) эълон қилди.

Жаҳон чемпионатида бош ҳакам сифатида иштирок этадиган 52 нафар шахс орасида Илгиз Танташев бор. Шунингдек, унга қанотларда Андрей Цапенко ва Тимур Гайнуллин ёрдам беради.

Тимур Гайнуллин ва Андрей Цапенко

Илгиз Танташев 42 ёшда, фаолиятини қанот ҳаками сифатида бошлаган. Кейинчалик Бухоро шаҳри вакили сифатида Ўзбекистон чемпионати ўйинларида бош ҳакам бўлди. Шунингдек, Саудия Арабистони ва Ҳиндистон чемпионатлари ўйинларини бошқаришга таклиф қилинди.

2013 йилдан ФИФА ҳаками. 2014 йилда халқаро даражадаги ҳакамликни бошлади ва ОФК Кубогида, кейинги йили эса ОФК Чемпионлар лигасида дебют қилди. 2016, 2020, 2022 йилларда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати ўйинларини бошқарди. 2019 йилги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида захира ҳаками бўлди. 2019 ва 2023 йиллардаги Осиё Кубокларида бош ҳакам сифатида ишлади. 2021 йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг энг яхши ҳаками деб топилди.

2024 йилда Танташев Париждаги Олимпия ўйинлари ўйинларини бошқаришга таклиф қилинди. Марокаш ва Испания олимпия жамоалари ўртасидаги яримфинал ўйинида 12-дақиқада ҳимоячи Марк Пубил билан тўқнашиб, жароҳат олди. Оқибатда, ўйиннинг қолган қисмини Гленн Нюберг (Швеция) бошқарган эди.

Жаҳон чемпионати ўйинлари 11 июндан 19 июлга қадар АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид