Ўзбекистон | 15:30 / 10.10.2022
18044
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга боради

Давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов журналистлар билан анъанавий брифинг ўтказди. У президентнинг жорий ҳафтадаги иш режалари тўғрисида маълумот берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

“11 октябрь куни давлат раҳбари мамлакатимизга ташриф билан келган Татаристон Республикаси раҳбари Рустам Миннихановни қабул қилади. Унда ҳудудлараро ҳамкорликни янги мазмун ва аниқ лойиҳалар билан янада ривожлантириш ҳамда амалга оширилаётган ҳамкорликдаги қўшма дастурларни янада жадаллаштириш масалаларининг муҳокамаси кўзда тутилган.

Шунингдек, 12-14 октябрь кунлари президентимиз Осиёда ҳамкорлик ва ўзаро ишонч чоралари бўйича кенгаш йиғилиши, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси ҳамда “Марказий Осиё – Россия” саммитида иштирок этиш учун Қозоғистон Республикасига ташриф буюради.

Ташриф кун тартибида хорижий давлатлар, шу жумладан, Вьетнам вице-президенти Во Тхи Ань Суан, Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф ва бир қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказиш ҳам кўзда тутилган. 

Бундан ташқари ҳафта давомида президентнинг мамлакатимиз иқтисодий ва ижтимоий ривожига бағишланган қатор муҳокамаларни ўтказишлари режалаштирилган”, – дея маълумот берди Шерзод Асадов ОАВ вакиллари билан ўтказилган брифинг чоғида.

Мавзуга оид