Light | 16:01 / 21.12.2018
19787
4 дақиқада ўқилади

Қайноқ сувдаги қурбақа синдроми: Одамни янада кўпроғига чидашга нима мажбур қилади?

XIX аср инсоният ривожида катта аҳамиятга эга бўлди. Илм-фанни олға етаклайдиган механизмлар кашф этилди, тиббиёт ва психология каби муҳим соҳаларда кашфиётлар амалга оширилди, турли тажрибалар ўтказилди. XIX асрда ўтказилган ана шу каби тажрибалардан бири ҳақида сўз юритамиз.

“Қайноқ сувдаги қурбақа” тажрибасининг моҳияти шундан иборатки, бахтсиз қурбақани қулай ҳароратдаги сув тўлдирилган идишга солиб, кейин паст оловга қўйишган. Сув жуда секин қайнагани учун қурбақа мослашган ва бироз ноқулай шароитга кўниккан. Бунинг учун ўз ресурсларини сарфлаган. Иссиқ сувда қолиш имконсиз бўлган фурсатда эса қурбақада сакраш учун куч қолмаган. Яна бир бошқа назорат қурбақаси ҳам бўлган. У дарҳол қайноқ сувга солинган. Бу қурбақа ўз кучини мослашиш учун сарфламаган, сувдан ўша заҳоти сакраб, ташқарига чиққан. Ана шу йўл билан ўз ҳаётини сақлаб қолган.

Фото: Golbis

Бу тажриба нима учун эътиборимизни тортди? Гап шундаки, ҳаёти аста-секин исиётган сувдаги қурбақага ўхшаган кишиларнинг руҳшуносларга мурожаат этиш ҳоллари кузатилади. Уларнинг ҳаммаси эмас, бироқ кўпчилиги майда мураккабликлар ва қийин вазиятларнинг илк белгиларига эътибор бермаганликларини айтишади. Мослашишган, кўникишган, бироқ кейин вазият тобора қийин тус олган.

Бу ишдаги мажбуриятларнинг ортиши ҳам бўлиши мумкин. Охир-оқибат, уйга ҳам иш олиб кетиш ва ярим тунгача, саломатликка путур етгунига қадар ишлашга тўғри келади.

Бу оилавий жуфтлик орасидаги майда хафагарчиликларга кўз юмиш ҳам бўлиши мумкин. Диққатга сазовор жиҳати шундаки, бир киши сабр қилганида иккинчи одамнинг қўполлиги янада ортади.

Ўз-ўзидан аёнки, агар ўша омадсиз ишчига қўшимча ишнинг бор ҳажмини бошида кўрсатишганида у кучини ақл билан баҳолаб, ишлашни рад этарди. Оилавий жуфтликда ҳам худди шундай, турмуш ўртоғи бошида кейинчалик юз бергани каби ўзини тутганида ажралиш юз берарди. Қурбақа дарҳол сувдан ташқарига сакраган бўларди.

Одамларни кўпроғига чидашга нима мажбур қилади?

Гап мураккабликнинг аста-секинлик ортиб боришида. Дастлаб бари яхшидек туюлади, эплаш мумкин бўлган озгина қийинчилик юз берди холос. Айрим вазиятлар учун бу тўғри. Айниқса, қийинчилик вақтинчалик бўлса; кўнгилдаги нарса эмаслиги дарров аён бўлса.

Ундан кейин бироз қийинчилик юзага келади. Кейин яна ва яна. Бироқ моҳият ўзгармасдан қолади: илгари уддалар эдим, энди ҳам қўлимдан келади. Шундай қилиб, киши ўз муаммолари уюми ортида ўзини кўрмай қолади. Сўнгги томчига қадар. Эплай олиш имконсиз бўлгунига қадар – сув ўта қизиб кетди.

Яхшиямки, одамлар – қурбақалар эмас. Одамларда имкон бор. Ҳа, вазиятга чидаш имконсиз бўлганида асабийлашиш, саломатлик билан муаммолар юзага келади. Бироқ бундай мураккаб ҳолат содир бўлаётганларни баҳолаш ва ўйлаб кўриш имконини беради: тузалгандан кейин қайноқ сувга қайтиш керакмикан?

Фото: Golbis

Ҳаётнинг қайноқ сувдаги қурбақаникига ўхшамаслигини қандай тушуниш мумкин? Бунинг учун ўз-ўзингизга савол беринг. “Ҳаётимдаги ҳамма нарсадан кўнглим тўладими?”Агар жавоб “Ҳа!” бўлса, ҳаётингиз ўзингизга тегишли. Агар жавоб “Йўқ...” бўлса:

сизни қониқтирмаётган барча жиҳатларни санаб ўтинг;

илк қийинчиликлар қачон пайдо бўлганини эсланг;

сабаб-оқибат алоқаларини таққосланг ва шу йўл билан ҳозирда нима содир бўлаётганини тушунинг;

сув ўта исиб кетишидан олдин ундан сакраб чиқиш ҳаракатларини режалаштиринг;

ҳаракат қилинг!

Ўзингизни асранг ва ўз ҳаётингизнинг эгасига айланинг!

Мавзуга оид