Аёллар дунёси | 19:27 / 25.10.2025
8727
4 дақиқада ўқилади

Куз келди, лекин ҳис қилинмаяпти. Бу — хавотирланиш учун сабабми?

Ўзбекистонда бу йил куз ҳақиқатда “келмагандек” кечмоқда — ҳаво ҳали ҳам ёзни эслатади, ёмғир деярли йўқ, ҳаво қуриб кетган. Ҳаёт табиий циклдан чиқиб кетгандек. Бу фақат об-ҳаводагина ўзгариш эмас — психологик ва ижтимоий муҳитга ҳам таъсир қилувчи жиддий сигнал, деб ҳисоблайди мутахассислар.

Фото: Kun.uz 

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовга кўра, бунга йил давомида юз берган жазирама иссиқ сабаб.

“Ўзбекистонда октябр ойи фавқулодда қуруқ ва иссиқ ўтишда давом этмоқда. Йил бўйи кузатилган жазирамалар ва ёғинсиз кунлар афсуски эндиликда ҳавода мавсумий намгарчиликнинг ортиб боришини чеклаб қўймоқда. Шу сабабдан минтақага ташриф буюраётган нам ҳаво оқимларидан ёмғир ҳосил бўлмаяпти. Нам ҳаво оқимлари ҳатто тоғларга ўз қувватини ташлаб кета олмаяпти. Кузнинг учинчи ойи бошланиб ҳам ёғингарчилик бўлмаётганига шу омил бўляпти”, дейди у.

Психологлар фикрича, инсон руҳияти фасллар алмашинувига органик равишда боғланган: куз ёмғирсиз ва ҳаво совимасдан ўтса, мия ўзи кутган “режим”ни ишга туширолмайди. Бу одамлардаги ички беқарорлик, сабабсиз изтироб, тушунарсиз ҳузурсизликка олиб келиши мумкин. Чунки инсон мияси бу номутаносибликни хавф деб қабул қилади.

Бундай иқлим инсон кайфиятига қандай таъсир қилади?

Психологлар кузни руҳий қайта созланиш фасли деб аташади. Аммо табиий ҳукмронлик, яъни ҳазон, ҳидлар, ёмғир, совуқ ҳаво бўлмаганида:

  • депрессияга мойил одамларда руҳий чарчоқ ошади
  • асабийлик, тўсатдан портлаш ҳолатлари кўпайиши мумкин
  • болаларда диққат сусайиши кузатилади
  • катталарда умидсизлик, кайфиятсизлик, “рангсиз ҳаёт” ҳисси ортади.

Яъни бу фақат об-ҳаво эмас — одамларнинг кундалик муносабатларигача таъсир қилувчи омил ҳисобланади.

Бир муаммо изидан иккинчиси

Таҳлилчилар фикрича, бу каби узоқ қуруқлик сув танқислигини кучайтиради, қишлоқ хўжалиги иқтисодига зарба бериши, энергия тизимига босимни ошириши ва энг муҳими, инсонларда яширин хавотирни юқори даражага олиб чиқиши мумкин.

Экофаол Ақида ушбу муаммо ортидан яна бир муаммо – сувсизлик ҳам келаётганидан огоҳлантирган:

“Ноябр келяпти ҳамки, ёмғирдан дарак йўқ. Кун иссиқ.

Иқлим ўзгариши — бу келажак ҳақида эмас, бу бугунги кун ҳақида.

Ҳар йили дунё бўйлаб иссиқ тўлқинлар кучаймоқда, ёмғирлар нормадагидан камаймоқда ёки тескариси — сел ва сув тошқинлари кўпаймоқда. Бу табиатнинг сигналидир.

Ўзбекистонда ҳам иқлим ўзгариши ўз таъсирини кўрсатмоқда — ёзлар тобора иссиқ, қишлар қуруқ ва сув манбалари қисқармоқда.

Хўш, сизнингча бу муаммога ечим топишда қандай қилиб ўз ҳиссамизни қўша оламиз?” деб ёзади у.

Бундан энг кўп ким азият чекиши мумкин?

Иқлим ўзгариши жамиятдаги барча қатламларга таъсир кўрсатади, аммо глобал кузатишлар шуни кўрсатадики — энг катта психологик ва маиший зарба аввало аёллар зиммасига тушади. Аёллар уйдаги сув, озиқ-овқат, болалар парвариши, қариялар қарамоғи каби асосий ресурсларни бошқаргани учун иқлимдаги ҳар бир ўзгаришни биринчи бўлиб ҳис қилади. Қуруқ куз, ёмғирсиз ҳафта ёки ҳавoнинг ғалати иссиқ-салқин алмашинуви — бу эркак учун факт, аёл учун эса кундалик стресс манбаи.

Психологлар таъкидлашича, иқлим стрессининг энг кўп руҳий зарбаси аёлларга сезилади. Сувни тежаш, болалар саломатлигини таъминлаш, озиқ-овқат парҳезини ўзгартириш — буларнинг барчаси аввал аёл тажрибасида шаклланади.

UN Women маълумотларига кўра, дунёда бир қатор минтақаларда иқлим кризиси туфайли қиз болаларни эрта турмушга бериш ҳолатлари ортиб борган — ота-оналар учун иқтисодий юкни камайтириш воситаси сифатида. Демак, бу муаммо фақат экологик эмас, ижтимоий адолат билан боғлиқ масала ҳам саналади.

Шу ерда савол пайдо бўлади: биз иқлим ўзгаришини фақат табиат муаммоси деб ҳисоблашда давом этсак — кеч қолмаймизми?

Мавзуга оид