Аёллар дунёси | 10:58 / 23.10.2025
3468
3 дақиқада ўқилади

Эркаклар тушунмайдиган ҳолат — аёллар кайфияти нега тез ўзгарувчан?

Аёл кайфияти бир кунда бир неча марта тубдан ўзгариши мумкин. Бу асабийлик ёки характер беқарорлиги эмас — табиий психологик цикл ҳисобланади.

Фото: iStock

Психологлар таъкидлашича, аёлларда бахт ҳисси эркакларга нисбатан тезроқ ўзгариши табиий жараён. Бу — характернинг беқарорлиги эмас, балки миянинг хавф-сигнал тизими кучлироқ ишлашидан келиб чиқади. Аёл организми ташқи муҳит, мулоқот руҳи ва ҳатто овоз интонациясига сезгир равишда жавоб қайтаради.

 Аёлнинг кайфияти тез ўзгариши унда муаммо борлигини англатмаслиги мумкин — у фақат ҳиссиёт тўлқинида ҳаракатланаётган бўлади. Аммо буни англаш ва бошқаришни ҳамма ҳам билавермайди. Айрим ҳолатларда бу бошқалар, яъни эркаклар ёки яқинлар томонидан “эркалик”, “инжиқлик”, “тантиқлик” дея талқин қилинади ва салбий баҳоланишга сабаб бўлади. Шунинг учун биз шундай ҳолатларни енгиллатувчи тавсиялар тайёрладик: аёллар учун ҳам, эркаклар учун ҳам.

Аёллар учун амалий тавсиялар

— Ҳиссиётни инкор қилиш эмас, қабул қилиш — “нега шундай бўляпти?” эмас, “ҳозир менда шундай тўлқин, ўтади” деган фикр руҳан енгиллаштиради.

— Энергияни талабга қараб тақсимлаш — илҳом пайтида ижод, мулоқот; тинчлик фазасида тозалаш, ўйланиш, ўзини тиклаш.

— Цикл тақвимидан фойдаланиш — PMS ёки паст энергия кунларида ўзига ёқимсиз ҳажмда юкламалар қўймаслик.

— “Қиймат ҳисси”ни қидириш — фақат ютуқ эмас, балки кимгадир фойда етказиш, аҳамиятлилик ҳиссини ошириш орқали бахт барқарор сақланади.

Эркаклар нималарни билиши керак?

Мутахассисларга кўра, аёл кайфияти ўзгарганда эркакнинг энг катта хатоси — масалани дарров “тузатишга” уриниши. Аслида аёл бу пайтда ечим эмас, эмпатия ва хавфсиз муҳит излаётган бўлади.

Бундай вазиятда аёл эркакдан “жонга тегдинг”, “нима бўлди яна?” деган саволни эмас, “Мен сен биланман. Сенинг ҳис-туйғуларинг мен учун муҳим” деган қўллаб-қувватлашни кутади. Бу жавоб энг яхши ечим бўлиб, аёлнинг ички босимини пастга туширади — шундан кейингина у муаммони ҳал қилишга тайёр бўлади.

Аёл руҳияти мустақил цикллар асосида ишлайди. Унинг кайфияти тез ўзгариши — муаммо эмас, табиий ҳолат. Агар аёл ўз ҳолатини тушуниб бошқарса, эркак эса тушунишга уриниш билан ёндашса — иккала томон бахт ҳиссини узоқ сақлаб қолиши мумкин.

Мавзуга оид