Ўзбекистон | 09:33 / 24.02.2021
9734
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда заргарлик буюмларини электрон тижорат орқали сотишга рухсат берилмоқда

Президент “Заргарлик саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинган.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Марказий банк ва “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмасининг 2023 йил 1 мартга қадар заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга қимматбаҳо металларни тўғридан тўғри шартнома асосида ёки кечиктириб тўлаш шарти билан сотиш тартибини жорий қилиш бўйича таклифлари маъқулланди.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ 2021 йил 1 апрелдан бошлаб:

а) заргарлик буюмларига асиллик даражаси тамғаси ва ишлаб чиқарувчининг шахсий тамғаси механик (зарб) ёки лазер усуллари ёрдамида туширишга рухсат этилади. Бунда заргарлик буюмларига лазер усуллари ёрдамида туширилган шахсий тамғанинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш ишлаб чиқарувчининг зиммасига юкланади;

б) заргарлик буюмларига асиллик даражаси тамғаси ва ишлаб чиқарувчининг шахсий тамғаси билан тамғалаш усули заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар томонидан мустақил белгиланади;

в) аффинаж фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензияга эга бўлган юридик шахсларга ўзлари ишлаб чиқарган ўлчовли ёмбиларни жисмоний ва юридик шахсларга сотишга рухсат берилади. Бунда, ёмбиларни сотиш нархи ҳисоб-китоб амалга оширилган санадаги Лондон қимматбаҳо металлар биржасининг эрталабки фиксинг нархи ва Марказий банкнинг курсидан кам бўлмаган миқдорда ишлаб чиқарувчи томонидан мустақил белгиланади;

г) қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо (ярим қимматбаҳо) тошлардан ясалган заргарлик буюмларини ички ва ташқи бозорларда электрон тижорат орқали сотишга рухсат берилади;

д) қуйидаги ҳолларда қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлар билан боғлиқ бўлган операцияларни амалга оширувчи шахслар томонидан мижозни, унинг вакилини ва бенефициар мулкдорни текшириш (улардан шахсини тасдиқловчи ҳужжат, давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома, таъсис ҳужжатлари ва бошқа маълумотларни сўраб олиш) талаб этилмайди:

нақд пулда ўзаро ҳисоб-китоб амалга оширилганда операциянинг умумий суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 600 бараваридан ошмаган тақдирда;

операциянинг умумий суммасидан қатъи назар, ўзаро ҳисоб-китоб нақд пулсиз ва жисмоний шахсларнинг пластик карталари орқали амалга оширилганда.

Бунда, мижоз, унинг вакили ва бенефициар мулкдорнинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга алоқадорлиги ҳақида асосланган шубҳалар мавжуд бўлган ҳолатларда операциянинг суммаси ва тўлов шаклидан қатъи назар, мижозни, унинг вакилини ва бенефициар мулкдорни текшириш чоралари кўрилиши лозим.

Бухоро, Самарқанд, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари Бухоро, Самарқанд, Наманган ва Қўқон шаҳарлари ҳудудларида жойлашган йирик бозорларнинг заргарлик буюмларини чакана сотишга ихтисослашган савдо расталари ўрнида миллий бренд асосида ишлаб чиқариладиган заргарлик буюмларининг замонавий кўргазма-савдо дўконлари ва заргарлик савдо-ишлаб чиқариш марказларини ташкил этиш чораларини кўради.

Мавзуга оид