Жамият | 11:19 / 17.02.2022
25464
2 дақиқада ўқилади

Президент селекторда уйида 60 бош новвос боқаётган чорвадорни тилга олди. Kun.uz бу хонадондан кўрсатув тайёрлаганди

Kun.uz мухбири Балиқчи туманининг Тумор қишлоғида яшовчи Абдусамин Хусаинов ўзининг 6 сотихли ҳовлисида 60 бош новвос боқаётгани ҳақида кўрсатув тайёрлаганди. Президент навбатдаги селекторда ушбу тажрибани тилга олиб, воҳа вилоятлари учун ўрнак сифатида кўрсатди.

Фото: Kun.uz

Kun.uz сайтида жорий йил 8 февраль куни "6 сотих жойда 60 бош новвос боқаётган хонадон" сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Унда Балиқчи туманининг Тумор қишлоғида қорамол боқиш бўйича ўзига хос тажриба йўлга қўйилгани, жумладан, шу маҳаллада яшовчи фуқаро Абдусамин Хусаинов ўзининг 6 сотихли ҳовлисида 60 бош зотли қорамолларни парвариш қилаётгани ҳақида сўз юритилганди.

Президент Шавкат Мирзиёев 16 февраль куни чорвачилик тармоғини қўллаб-қувватлаш, соҳада илғор технологияларни кенг қўллаш орқали гўшт, сут ва тухум ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мазкур масалага эътибор қаратди.

“Ёки ер ресурслари энг чегараланган Андижон вилоятида, хусусан Балиқчининг Тумор қишлоғидаги аҳоли хонадонларида 20тагача зотли қорамол боқиш йўлга қўйилган. Ушбу маҳаллада яшовчи Абдусамин Ҳусайинов 6 сотих ҳовлисида 60 бош қорамол боқади. Ерлари бепоён бўлган Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах, Тошкент вилоятларида бундай тажриба қачон пайдо бўлади деган савол мени қийнайди", деди президент.

Йиғилишда Миришкор ва Чуст туманлари билан бир қаторда ер ресурслари чекланган шароитда хонадонларда 20 тагача зотли қорамол боқилаётган Балиқчи тажрибасини кенг ёйиш юзасидан топшириқлар берилди. Жумладан, 1 майга қадар томорқа хизмати корхоналари орқали Чуст ва Балиқчи тажрибаларини барча туманларда жорий этиш ва бунинг учун оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 300 миллиард сўм ажратиш, 1 сентябрга қадар ҳар бир вилоятда камида 2 мингтадан хонадонга наслли чорва молларини тарқатишни ташкил этиш вазифаси мутасаддилар зиммасига юкланди.

Мавзуга оид