Ўзбекистон | 14:05 / 03.04.2024
16375
2 дақиқада ўқилади

Амир Темур шоҳкўчасидаги давлат идоралари бинолари бизнес лойиҳаларига берилади

Президент Амир Темур шоҳкўчасидаги саккизта давлат идорасининг эски биноларини реконструкция қилиш ва савдо объектлари, офис ва ерости автотураргоҳига эга меҳмонхоналар қуриш учун тадбиркорларга беришни таклиф этди.

Фото: Kun.uz

Шавкат Мирзиёев 3 апрел куни халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгаши сессиясида Юнусобод туманидаги давлат муассасаларининг эски биноларини тадбиркорлик лойиҳалари учун беришни таклиф этди.

«Юнусобод пойтахтнинг энг қулай қисмида жойлашгани учун кредит олмасдан, ўз сармоясини киритиб, иш ўрни яратишга интилаётган ташаббускорлар жуда кўп. Лекин уларни энг қийнайдиган масала — туманда бўш жой топиш.

Амир Темур шоҳкўчаси сўнгги етти йилда тадбиркорлар учун энг жозибадор кўчага, ҳудуднинг ўсиш нуқтасига айланди. Лекин кўчанинг 6 километр қисмида эскирган қиёфадаги 3–4 қаватли 8 та давлат идоралари жойлашган.

Бу биноларни ерости автотураргоҳи бор кўп қаватли савдо, хизмат ва овқатланиш объектлари, офис ва меҳмонхона шаклида қайта қуриш шарти билан лойиҳалар амалга оширилса, тадбиркорлар ва иш ўринлари сонини кўпайтириш мумкин», – дея президентдан иқтибос келтиради унинг матбуот котиби.

Шундай лойиҳаларни банк филиаллари ўрнида ҳамда давлат ташкилотлари эгаллаб турган 24,5 гектар негизида ҳам амалга ошириш мумкинлиги таъкидланган.

Маълумот учун, Амир Темур майдонидан катта ҳалқа йўлигача борадиган Амир Темур шоҳкўчасида Юнусобод тумани ҳокимлиги, Тошкент молия институти, ФҲДЁ архив биноси, туман солиқ бўлими, Мажбурий ижро бюроси ва бошқа объектлар жойлашган.

Мавзуга оид