Жаҳон | 09:40 / 17.11.2021
57681
6 дақиқада ўқилади

Қон билан яралган сана: қийноққа солинган ва қатл этилган талабалар хотираси ҳақида ҳикоя

Бугун, 17 ноябр — халқаро талабалар куни. Бу куннинг тарихи қонли ўтмишга, қийноққа солинган ва судсиз қатл этилган талабалар фожиасига бориб тақалади.

Фото: obessu.org

Талабалар байрами 1946 йил 17 ноябр Прага шаҳрида бутун дунё талабалар конгрессида тасдиқланган. Унинг тарихи Иккинчи жаҳон уруши вақтида Чехословакияда бошланган фожиали воқеаларга бориб тақалади.

Ҳитлер истилоси

Халқаро талабалар кунини нишонлаш контекстини яхшироқ тушуниш учун Иккинчи жаҳон уруши олдидан Европа тарихига назар ташлаш керак. 1933 йилда Германияда ҳокимият тепасига Адолф Ҳитлер келди. Кейинги йилларда мамлакат ўз чегараларидан ташқарида бўлган, аммо улар Германия Рейхига тегишли деб ҳисоблаган ҳудудларга нисбатан тобора тажовузкор даъволарни билдирди.

1938 йилда Ҳитлер ўз ватани Австрияни аннексия қилди. Кўп ўтмай Чехословакия ўз ҳудудининг бир қисмидан воз кечишга мажбур бўлди ва Учинчи Рейхга Чехословакиянинг ҳудудлари устидан назоратни берди. Чехословакия бўлиниб, мустамлакага айланди.

1939 йил март. Прага. Диктатор Адолф Гитлер босқини даври. Манба: Wikipedia

Намойишдан сўнг қамоққа олинган ва судсиз қатл этилган талабалар

1939 йил охирида Чехия ва Моравия протекторатининг нацист ҳукумати Прагада Чарлз (Charles University) университетининг тиббиёт факултети талабалари томонидан уюштирилган намойишни бостиришди. Намойиш 28 октябрда Чехословакия Республикаси мустақиллиги байрами муносабати билан бўлиб ўтди. Ушбу намойиш пайтида талаба Ян Оплетал ўқдан жароҳатланган, кейинчалик у 11 ноябрда олган жароҳатларидан вафот этган.

15 ноябр куни унинг жасади Прагадан Моравиядаги уйига олиб кетилиши керак эди. Унинг дафн маросими тадбири минглаб талабалардан иборат нацистларга қарши намойишга айланиб кетди.

Ян Оплеталнинг дафн маросими. 1939 йил 16 ноябр. Манба: Wikipedia
Ян Оплеталнинг дафн маросими. 1939 йил 16 ноябр. Манба: Wikipedia

Бироқ нацистлар ҳукумати бунга жавобан шафқатсиз чоралар кўрди: улар барча Чехия университетларини ёпдилар, 1200 дан ортиқ талабани ҳибсга олиб, уларни Sachsenhausen концлагерларига юборишди.

Сургун қилинган 1200 нафар талабадан камида 20 нафари қамоқдан омон қолмаган. Прагадаги Германия университетидан ташқари барча университетлар уруш охиригача ёпиқлигича қолди.

17 ноябрда эса тўққиз нафар талаба ва профессор судсиз қатл этилди. Улар:

Йозеф Матушек — тарихчи ва доцент; Оплеталнинг дафн маросимини ташкил этишда иштирок этган;

Ярослав Клима — ҳуқуқ факултети талабаси; Чехия талабалари миллий ассоциациясининг Чехия ва Моравия раиси, Оплеталнинг дафн маросимида гестапо (фашистларнинг махфий полицияси) томонидан ҳибсга олинган талабаларни озод қилишни сўраган;

Ян Вайнерт — Боҳемистика ва германшунослик талабаси; Оплеталнинг дафн маросимида Гестапо томонидан ҳибсга олинган талабаларни озод қилишни сўраган;

Йозеф Адамек — юридик факултет талабаси; Чехия талабалари миллий ассоциациясининг Чехия ва Моравия котиби;

Ян Cерни — тиббиёт факултети талабаси; Оплеталнинг дафн маросимида Гестапо томонидан ҳибсга олинган талабаларни озод қилишни сўраган;

Марек Фраувирт — иқтисод факултети талабаси; Прагадаги Словакия элчихонаси ходими сифатида нацистлардан қочишга уринган яҳудийларга сохта паспортлар берган;

Бедрич Кула — ҳуқуқ факултети талабаси; Чехиядаги Чехия талабалари уюшмаси котиби;

Ватслав Шафранек — архитектура факултети талабаси;

Франтисек Скорковский — юридик факултет талабаси; Халқаро талабалар конфедерацияси қўмитаси директори, Чехия талабалари миллий ассоциациясининг Чехия ва Моравиядаги хорижий бўлими раиси.

Тарихчиларнинг тахминларига кўра, нацистлар намойиш уюштирилишини хоҳлашгани учун дафн маросимига рухсат беришган. Бу уларга Чехия университетларни ёпиш ва антифашист диссидентларни тозалаш учун баҳона эди.

1939 йил октябр ва ноябр ойларида бўлиб ўтган икки намойиш Чехословакия аҳолисининг фашист кучларига қарши ягона йирик қўзғолонлари бўлиб қолди.

Қийноққа солинган ва қатл этилган талабалар хотираси учун

Немислар томонидан босиб олинган Чехословакияда талабаларга қилинган ваҳшийликни қоралаш ва уларнинг хотирасини абадийлаштиришнинг илк ғояси 1940 йилда Чехословакия армияси томонидан Англияда муҳокама қилинган.

1941 йилда, воқеалардан икки йил ўтиб, Лондонда (Буюк Британия) Халқаро талабалар кенгаши бўлиб ўтди, улар орасида бир қатор қочқин талабалар ҳам бор эди. Кенгашда ушбу воқеа муносабати билан 17 ноябр халқаро талабалар кунини жорий этишга қарор қилинди.

Бутун 1941 йил давомида бошқа мамлакатлар талабаларини 17 ноябрни хотирлаш, нишонлаш ва нацистларга қаршилик кўрсатиш ҳамда барча мамлакатларда эркинлик ва демократия учун курашни рағбатлантириш куни сифатида тан олишга кўндириш ишлари олиб борилди. Натижада, ўн тўртта давлат қуйидаги баёнотга рози бўлди ва имзолади:

«Биз, Буюк Британия ва унинг ҳудудлари, шунингдек, Ҳиндистон, Шимолий ва Жанубий Америка, СССР, Белгия, Чехословакия, Франция, Греция, Хитой, Голландия, Норвегия, Полша, Югославия ва барча эркин мамлакатлар талабалари фашистлар зулмига биринчи бўлиб қарши чиққан, 1939 йилги босқинни қоралаган, натижада қийноққа солинган ва қатл этилган талабалар хотираси учун 17 ноябрни Халқаро талабалар куни деб эълон қиламиз».

Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йилларда бу анъана Халқаро талабалар иттифоқи ва бир қатор бошқа ташкилотлар томонидан кузатилди.

17 ноябр бугунги кунда

Бугун Чехия ва Словакия 17 ноябрни «Озодлик ва демократия учун кураш куни» сифатида нишонлайдилар.

Бироқ бу кун бошқа мамлакатларда ҳам катта аҳамиятга эга. Ўзининг қайғули тарихи билан 17 ноябр бугунги кунда талабаларни хотирлаш ва уларнинг фаоллик кунидир. Европа мактаби талабалари уюшмаларининг ташкилий бюроси OBESSU ҳар йили талабалар ва жамият учун олий таълимни янада кенгроқ миқёсда яхшилаш мақсадида турли тадбирлар орқали талабаларнинг ўз ҳуқуқларидан хабардорликни ошириб борадилар.

Мадина Очилова тайёрлади.

Мавзуга оид