Ўзбекистон | 20:50 / 26.09.2019
33168
3 дақиқада ўқилади

Турколог олим Андрей Кубатин тўлиқ оқланди ва суд залидан озод этилди, Омбудсман бу қарорни олқишлади

Бугун, 26 сентябрь куни Тошкент вилояти судида ўзбекистонлик тарихчи олим, туркология мутахассиси Андрей Кубатиннинг иши кўриб чиқилди ва олим тўлиқ оқланиб, суд залидан озод этилди. Бу маълумотни Андрей Кубатиннинг рафиқаси Феруза Жуманиёзова фейсбукдаги саҳифасида маълум қилган.

Фото: Facebook/ Feruza Djumaniyazova

Тошкент давлат шарқшунослик институтининг катта ўқитувчиси бўлиб ишлаган ушбу ёш олим 2017 йили Жиноят кодексининг 157-моддасида («давлатга хоинлик қилиш») назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбланиб ҳибсга олинганди.

Ўша йили Кубатинга нисбатан 11 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди. Унга нисбатан эълон қилинган суд ҳукмида у чет эл фуқаросига (Туркия) маълум миқдордаги пул эвазига гўёки Ўзбекистон Давлат архиви ва Шарқшунослик институтида сақланган электрон китобларни, давлат сири акс этган ҳужжатларни бериб юборгани айтилганди.

Ёш олимга жазо белгиланиши фаолларнинг ҳамда дунё илмий ҳамжамиятининг кескин норозилигига сабаб бўлган эди. Ўзбекистонлик ва хорижлик олимлар, ҳуқуқшунослар, Кубатиннинг яқинлари ва ҳамкасблари томонидан айтилган кўплаб эътирозлар, турли инстанцияларга йўлланган мурожаатлардан сўнг иш қайта кўриб чиқилди.

Натижада Андрей Кубатин айбсиз эканлиги эътироф этилди ва у ЖПКнинг 83-моддаси бўйича («Реабилитация учун асослар») суд залидан озод қилинди.

Ўзбекистон Омбудсмани ҳам Кубатин иши бўйича баёнот берди.

«Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Олий судига Омбудсманнинг тегишли мурожаати йўлланган эди. Омбудсман ўз мурожаатларида Андрей Кубатиннинг Ватанга дахлдорлик ҳисси ва Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларни рўёбга чиқаришда фаол иштирок этишга тайёрлиги, давлат ва жамиятнинг ривожи йўлида меҳнат қилиши ҳақидаги сўзларини алоҳида қайд этиб ўтганди.

Омбудсман вакиллари суднинг инстанция апелляцияси мажлисларида қатнашган. 

Омбудсман суд қарорини олқишлайди», — дейилади Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили баёнотида.

Мавзуга оид