Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зўравон тарбиячилар. Боғчалар қачон хавфсиз бўлади?
Боғча болаларига нисбатан зўравонлик ҳолатлари узоқ йиллардан бери долзарб муаммо бўлиб қоляпти. Қониқарли ўзгариш бўлмаётганини статистик рақамлар ҳам тасдиқлайди. Хўш, расмийлар вазиятни қандай кўряпти, тизимли ечимлар кун тартибида борми?
Биз бундан икки йил аввал ҳам боғчаларда болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари, унинг сабаб ва оқибатлари ҳақида суҳбат қилган эдик. Ўшанда калтакланаётган, тан жароҳати олаётган болалар мавзуси кун тартибида бўлган. Бугун эса масала янада оғирлашган – гап нафақат жисмоний зўравонлик, балки жинсий тазйиқ, болаларнинг беэътиборлик оқибатида жабр кўриши ва ҳатто фожиали ҳолатлар ҳақида бормоқда.
Зўравонлик ҳолатлари: рақамлар нимани кўрсатяпти?
Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова таъкидлашича, 2024 йилда келиб тушган мурожаатларнинг деярли ҳар бештаси зўравонликка оид бўлган ва ушбу мурожаатларнинг 28 фоизи айнан таълим муассасаларида болаларга нисбатан содир этилган ҳолатларга тўғри келади. 2025 йилда ҳам вазият жиддийлигича қолган.
«2025 йилда бизга тергов органларидан 512 та хабарнома келган. Бу хабарномалар айнан болага нисбатан содир этилган турли ҳолатлар юзасидан. Шу ўринда айтишим керак, бизга бўлаётган мурожаатлар натижасида ўрганилган ҳар бир ҳолат бўйича биз давлат органларига сўровлар киритамиз ва бунинг натижасида 2025 йил ҳисобидан 19 та жиноят иши ва 26 та маъмурий иш қўзғатилган, айнан болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича. Бундан ташқари, 20 та жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги қарорлар бекор қилиниб, бу масалада Болалар омбудсманининг аралашуви билан терговга, терговга қадар текширувга қайтарилган ва ўрганилиб, бу бўйича тўғри қарор қабул қилинган.
Тасаввур қилинг, 20 та жиноий таъқиб бўлмасдан, ёпиқлигича қолиши мумкин бўлган ҳолатда Болалар омбудсманининг ташаббуси билан шу болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш чоралари кўрилган», дейди у.
Кадрлар масаласи: педагог бола билан ишлашга тайёрми?
Мактабгача таълим соҳасида ишлаган аноним манба таълим муассасаларидаги мутахассисларнинг психологик текширувларида етарли эътибор йўқлигини айтди.
«Анча йил боғча-мактабларда ишладим. «Отдел кадр», хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари бўлиб ишладим. Шу вақт ичида педагогларнинг ишга қабул қилиш жараёнларини ичида туриб кўрдим ва бир нарса мени доим ўйлантиради. Мактабда, боғчада болалар калтаклангани тарқалган видеолар ҳозир кўп чиқяпти. Уларга умуман чидаб туриб бўлмаяпти. Бунақа «псих» тарбиячилар болаларни ҳам «псих» қиляпти, деб ўйлайман. Ишга кираётган ўқитувчи бўладими, боғча опа бўладими, ҳаммасининг психологиясини яхшилаб текшириш керак. Бизларда ҳамма хат-ҳужжатларни жойига қўйиб қўйишади: диплом бор, тиббий кўриклардан ўтиб келишган, лекин текширсангиз, уларнинг ҳаммасида хатолик чиқади. Психдиспансерга борасиз, у ерда соғлом деган «справка» беришади сизга. Ўзингиз айтинг, болаларни тарбиялаш учун шу етарлими? Болалар билан ишлаш оддий касб эмас. Ҳаммамиз болаларни яхши кўраман деяверамиз, лекин амалда бу жуда қийин. Ҳамма ҳам болаларни яхши кўравермайди. Ўзининг боласидай кўрмайдиганлар жудаям кўп.
Хусусий боғчалар тўғрисида гапирадиган бўлсак, зўр имтиёзлар берилди боғча очганларга, лекин педагогиканинг “п” ҳарфини ҳам тушунмайдиганлар, сиртқи таълимда ўқиб очиб олишяпти боғчаларни. Ўзларининг оила аъзолари, қариндошларини ишга олишган. Болалар билан бир кун ишлаб кўрмай, юзталаб болаларни қабул қилишяпти. Болалар билан шу касбни севадиганлар ишлаши керак. Йўқ, буларнинг кўпчилиги берилаётган субсидияларни эшитиб, пулнинг дарагини билиб очган боғчалар, яъни болаларни бизнес сифатида кўриб…
Болаларни яхши кўрмаган одамларга болаларнинг ҳаётини топшириб бўлмайди. Чунки ҳозир шунақа шароит, шуни тақозо қиляпти. Пулни деб, кўпчилик болаларни ўтга ташлашяпти».
Педагогларнинг психологик ҳолати бўйича талаблар йўқ
Бугунги кунда республикамизда 39 283 та мактабгача таълим ташкилоти бор. Шундан 7 114 таси давлат боғчаси, 32 169 таси эса хусусий боғча ҳисобланади. Уларда қарийб 180 мингга яқин педагог фаолият юритади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги МТТ фаолиятини мувофиқлаштириш департаменти директори Лола Бердиеванинг айтишича, ҳозиргача хусусий боғчаларда педагогларнинг психологик ҳолатига доир талаблар етарли даражада белгиланмаган.
«Ҳозирги пайтгача айнан хусусий мактабгача таълим ташкилотларига лицензия бериш жараёнларига талаблар қўйилган, педагогга нисбатан минимал талаблар бор, лекин уларнинг психологик ҳолати бўйича талаблар мавжуд эмас. Ҳозир биз Бухоро вилоятида бир тажриба ўтказяпмиз. Педагогларни ишга қабул қилиш жараёнида уларни психологик диагностикадан ўтказишни тажриба-синовдан ўтказяпмиз. Агар тажриба-синов жараёнлари натижаси ижобий чиққанда, қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиш чоралари кўрилади.
Бу қандай амалга оширилади? Биринчи босқичда педагоглар ўзларининг касбий маҳорати бўйича тестларни топширишади. Касбий маҳорати бўйича юқори, яхши натижаларга эга педагогларимиз психологик диагностикага юборилади. Улар стрессга чидамлилик, касбий сўниш ёки агрессивлик ҳолатларига диагностика қилинади. Диагностика натижалари салбий чиққан тақдирда, улар учун бепул психологик курслар ташкил этилади. Икки ҳафталик курс давомида уларга ўзини ўзи бошқариш кўникмалари ўргатилади. Шу курсдан кейин қайта диагностика қилинади. Агар қайта диагностика натижалари ижобий чиққан тақдирда, ушбу педагоглар билан меҳнат шартномаси тузилиб, фаолиятини бошлашга рухсат берилади ва акс ҳолда, агар психологик диагностика натижалари салбий чиқса, ушбу педагогларни яна бир маротаба ўқитиб, кейинчалик шунга қараб хулоса қабул қилинади.
Шу билан бирга, биз давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячиларига психологик ёрдам масалаларини жуда кўп йиллаб эътибордан четга солиб қўйганмиз. 30-35 та бола битта гуруҳда, битта тарбиячи, улар билан кун бўйи ишлаб, машғулот олиб бориш – бу баъзи пайтларда жуда оғирлик қиладиган юмуш. Ота-оналар вақти келганда иккита боласи билан ҳам ўтиришда уйда қийналишади.
Мана шу жараёнларда биз педагогларимизни психологик қўллаб-қувватлашимиз жуда муҳимлигини тушуниб етиб, ҳозирги кунда педагоглар учун “Мувозанат” лойиҳасини жорий қилдик. Мана шу “Мувозанат” лойиҳаси доирасида биз биринчи навбатда педагогларимизни психологик диагностикадан ўтказамиз. Психологик диагностикада касбидан сўниш, касбий зўриқиш, чарчаш ва қанақадир бир агрессив ҳолатларни кўрсатган педагогларимизни психологик тренингларда бепул ўқитиб оламиз. Бу нафақат давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячиларига, балки нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари учун ҳам вазирлик томонидан бепул амалга ошириладиган лойиҳа. Бу лойиҳа ҳозир ишлаяпти. Мана, жорий йилда иккинчи босқичи бошланди. Куни кеча диагностика натижаларини тугатдик, энди салбий натижа кўрсатган педагогларимиз билан психологик ўқувларни амалга оширамиз.
Бир-икки кунда таҳлил қилишимиз керак, чунки 122 мингта педагог тўлиқ диагностикадан ўтказилди, давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари», – дейди вазирлик расмийси.
Маълум қилинишича, болаларга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракат содир этган педагогларни 1 йил муддатга таълим билан боғлиқ фаолиятдан четлаштиришга оид қонун қабул қилинмоқда. Бу қонун Қонунчилик палатасидан ўтган ва ҳозирда Сенат томонидан кўриб чиқиляпти.
Мавзуга оид
14:13 / 16.04.2026
Янгиҳаётдаги боғчада тарбиячи болаларни ҳожатхонага қамагани айтилмоқда
10:40 / 12.04.2026
Ижтимоий тармоқ ва болалар. Кимга фойда, кимга зарар?
20:27 / 08.04.2026
Навоийда хусусий боғча тарбиячиси болаларни калтаклади
14:02 / 08.04.2026