Жамият | 17:25 / 25.02.2026
8619
6 дақиқада ўқилади

Бефарқлик ортидан фожиа: Фарғонадаги боғчада болани юқори кучланишли ток урди

Фарғона шаҳридаги 66-сон давлат боғчасида 6 ёшли тарбияланувчи юқори кучланишли трансформатор пунктига йиқилиб, ток уриши оқибатида тана аъзолари куйиб кетди. Янги қурилган боғча ҳудудидаги ТП ертўлада жойлашган бўлиб, чуқурнинг усти тайинли ёпилмаган, атрофи тўсиқлар билан ўралмаган. Kun.uz мухбири воқеа тафсилотларини ўрганди.

18 феврал куни соат 10:00 лар атрофида Фарғона шаҳрида жойлашган 66-сон давлат боғчасининг 6 ёшли тарбияланувчиси Абузар Равшанжонов боғча ҳудудида, ер остига ўрнатилган юқори кучланишли транформатор пунктига тушиб кетиши оқибатида жиддий жароҳат олиб, тана аъзолари куйиб кетган.

Абузар Равшанжонов

Таажжубланарли томони, боғча қуриб фойдаланишга топширилганига 2 йил бўлишига қарамай, инсон ҳаёти учун хавфли бўлган ертўла атрофи махсус тўсиқлар билан ўралмаган. Ертўла эшиги эса оддий целлофан пакет билан ёпиб қўйилган.

Бахтсиз ҳодиса юз беришидан аввалги ҳолат

Абузар ўйнаб бориб устига целлофан ташланган ертўла туйнугига қадам қўйиши билан, ичкарига тушиб кетган. Бахтсиз ҳодисадан кейингина хавфли ҳудуд атрофи дарҳол махсус панжаралар билан тўсилган.

Айни пайтда Абузар шифохонада қолмоқда.

“Неварамнинг ўша кунги ҳолатини умуман тасаввур ҳам қилолмайсиз. Қўллари куйиб кетган, елкаларини, орқалари куйган, думбалари, асосий тана аъзолари ҳам куйган. Қандай қилиб мана шундай катта кучланиш токни олдида болаларни беэътибор қолдиришлари мумкин? Неварам боғчага қандай соғлом борган бўлса, қўлимизга ана шундай соғлом ҳолда қайтариб беришсин.

Бошлари ҳам ёрилган. Қўллари тинмай қалтираяпти, кўзи бир томонга тортяпти. Қандай қувноқ бола эди-я... Ҳар бир инсон ўз фарзандини ўрнига қўйиб кўрсин. Бола чидолмаяпти, иложи йўқ.

Мана шу панжараларни фалокат юз бергандан кейин болам йиқилгандан кейин, қўйишди. Мутасаддилар, ТПни қурган ташкилот нега хавфли жойни аввалроқ ўраб қўймаган? Ким жавоб беради?” – дейди болакайнинг бувиси Ҳаётхон Раҳимова.

Ҳаётхон Раҳимова

Боғчада ТП борлигини ҳеч ким билмаган...

“66-боғчага иккита неварам боради. Катта ўғлим Абдураҳмон телефон қилиб, Абузар боғчада “шит”нинг ичига тушиб кетибди деди. Ўзи қалай экан десам, билмайман деди. Касалхонага қараб кетдик.

Абузар йиқилган жой

Боғча ҳудудидан юқори кучланишли трансформатор пункти (ТП) ўтган бўлган. ТП Фарғона эко шаҳарни “свет” билан таъминлаган. Бефарқлик ҳам шу даражада бўладими? Неварам билмасдан ўйнаб келиб, ичкарига тушиб кетган. Чуқур очиқ турган бўлганида ҳам уни кўрган бўларди, лекин ертўла оғзи пластик ва целлофан билан ёпилган бўлган.

Тарбиячиларнинг айтишича, ертўла ичида нима борлигини ҳатто улар ҳам билишмаган. Бу ерда юқори кучланишни билдирувчи бирорта белги йўқ. Неварам йиқилгандан кейин бир қанча вақт у ерда ҳушсиз ҳолатда ётган. Бахтсиз ҳодисадан кейин атрофни ўраб қўйишди. Аввал қаерда эди қурувчи-ю бошқаси?” – дейди Абузарнинг бобоси Равшанжон Раҳимов.

Равшанжон Раҳимов

Айбдорларга қатъий чора кўрилсин...

“Боғчадан телефон бўлиб ўғлингиз йиқилиб боши ёрилди, дейишди. Касалхонага борсам “шит”га тушиб кетди дейишди. Кўрдимки, ўғлимнинг бутун танаси куйиб кетган экан. Шўрлик болам йиғлаб, кўкариб ётибди. Кейин ҳушидан кетди.

Боғча ҳудудига ТП қуришди, хўп... Лекин уни қабул қилиб олган қурилиш инспекцияси қаерга қараган? Хавфли ҳудуд атрофи ўралмагани, эшиги очиқ қолганига ким жавоб беради? Электросет ходимлари қаерга қараган?! Айбни ҳеч ким бўйнига олмаяпти. Калтак айланиб келиб, боғча директорининг бошида синяпти.

Катта кучланишли ток урган ўғлимни. Ўғлимнинг келажаги қандай бўлади энди? Ток ургандан кейин боланинг миясига ҳам шикаст етган бўлиши мумкин, биз шундан хавотирмиз. Айбдорларга қатъий чора кўрилсин. Нима учун шу пайтгача ТП атрофи ўралмаган? Боғча ичига ТПни ким жойлаштирган? Жавоб беришсин”, дейди боланинг отаси Абдураҳмон Қодиров.

Абдураҳмон Қодиров

Ҳолат бўйича изоҳ олиш учун 66-давлат мактабгача таълим ташкилоти директори Гулрухсор Абдусаматова билан боғландик. У боғча ҳудудига бироздан кейин боришини айтди-ю, лекин анча куттирди, охир-оқибат келмади.

Сметада йўқ эди...

Боғча ҳудудига юқори кучланишли трансформатор пунктини қурган корхона раҳбари билан телефон орқали мулоқот қилдик. Қурувчи ТП атрофини ўраш лойиҳага киритилмаганини маълум қилди.

Корхонамиз электромонтаж ишлари билан шуғулланади, электросетнинг пудратчисимиз. ТП атрофини ўраш сметада йўқ эди. Лекин устини ёпишимиз керак эди... У ерда битталик ТП эди, яқинда иккиталик қилиб ўзгартирган эдик. Ишчиларим озгина бефарқлик қилишибди-да”, дейди транформатор подстанциясини қурган “Фахр” ХК раҳбари Ризо Асадуллаев.

Оғир жароҳатланган Абузар Равшанжонов айни пайтда тез тиббий ёрдам бўлимининг куйиш бўлимида қолмоқда.

Сарвар Зияев
Муаллиф Сарвар Зияев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид