ТАРМОҚДАГИ ТУЗОҚ

Қурол кўтарган болалар
2025 йил декабрида Москва области Одинцово районидаги Горки-2 посёлкасидаги мактабда рўй берган фожиа барчани даҳшатга солди. Шу мактабнинг 9-синф ўқувчиси бўлган 15 ёшли Тимофей мактабга пичоқ кўтариб келиб, қўриқчи ва ўқувчиларга ҳужум қилиши оқибатида 4-синф ўқувчиси Қобилжон Алиев ҳалок бўлди.

Тимофейнинг эгнида оммавий қотилликларга ишора қилувчи сўзлар ёзилган экипировка бўлган. Хусусан, нимчасида «No lives matter» ёзуви туширилганди. Бу оммавий қотилликлар ижрочилари ҳамда ўта ўнгчи гуруҳларга тақлид қилишга асосланган субмаданият белгисидир. Бошқа ёзувлар эса Андерс Брейвик томонидан содир этилган теракт, шунингдек АҚШ ва Янги Зеландиядаги мактаблар ва ибодатхоналарга қилинган ҳужумларга ишора қиларди. Бундан ташқари, ҳужумдан олдин Тимофей синфдошларига ўзининг «манифести»ни юборган, унда мусулмонлар, яҳудийлар, либераллар ва сўлларга қарши фикр билдириб, барча муаммоларда уларни айблаган.

Бу 2025 йилнинг ўзида мактаб ўқувчиси томонидан ксенофобик сабабларга кўра содир этилган ва жамоатчиликка маълум бўлган иккинчи қотилликдир. Биринчиси баҳорда, Москва яқинидаги Некрасовский қишлоғида содир этилганди. Ўшанда 14 ёшли ўсмир қирғизистонлик тўққиз ёшли болани ўлдирган, тергов буни миллатга нафрат асосидаги жиноят деб топганди. Маълумотларга кўра, 2023 йилдан бери мамлакатда нафратга асосланган жиноятлар сони кескин ошгани, жиноятчилар эса ёшариб бораётганини айтган.

2026 йилнинг дастлабки уч ойи давомида мактаб ўқувчилари томонидан жиноят содир этилгани тўғрисидаги айрим хабарларга эътибор қаратайлик.

Россия. Пермдаги мактабда ўқувчи ўқитувчини пичоқлади. Ўқитувчи аёл шифохонада вафот этди.

Россия. Свердловскда 13 ёшли бола пневматик тўппонча билан синфдош қизнинг бошига ўқ узди. Сўнгра уни қуролсизлантиришга ҳаракат қилган ўқитувчи ва мактаб ҳисобчисини яралади.

Россия. Челябинскдаги мактабда ўқувчи арбалетдан ўқитувчисига ўқ узди, ўқ ўқувчилардан бирига тегди. У шунингдек, синфдошларига кўздан ёш оқизувчи газ баллон билан зарар етказди ва ўзини синф деразасидан пастга ташлади.