Ўзбекистон | 12:14 / 12.07.2020
28963
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда тест синовлари етарли даражада ўтказиляптими: дунё давлатлари билан қиёс

Ўзбекистонда коронавирус пандемиясининг илк даврида (март-апрель ойларида) кунига 7-8 минг киши тест қилинди. Бу даврда кунлик ўсиш кўрсаткичи ўртача 100та ҳолат эди. Июнь ойи охирига келиб кунлик тестлар сони ўртача 17 мингга етди ва жами тестлар сони 1 миллиондан ошди.

2020 йил 24 июндан бошлаб нодавлат тиббиёт ташкилотларига ихтиёрий мурожаат қилган давлат ва нодавлат ташкилотларининг ходимлари ҳамда фуқароларни ушбу инфекцияга пуллик асосда текширишга рухсат берилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳрида «Тиббиёт дунёси», Swiss Lab, Vitros Diagnostics, «Генотехнология» ва Akfa Medline сингари нодавлат тиббиёт ташкилотлари ўз лабораторияларида коронавирус инфекциясини пуллик асосда текшириш хизматини ташкил этиш бўйича шартнома имзолагани ҳақида хабар берди.

10 июль куни Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков Ўзбекистонда 9 июль куни 17785та тест ўтказилгани, 10 июль ҳолатига кўра, мавжуд вирусологик лабораторияларда жами 1 млн 377 минг 915 кишидан коронавирусни аниқлаш бўйича намуналар олингани ҳақида маълумот берди.  

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда СЭС марказларида навбатлар катталиги туфайли тест топшириш имконсиз ишга айлангани, «Тошкентдаги тест олиши мумкин бўлган аксарият хусусий клиникалар 10 июль, жума кунидан бошлаб тест олишни ҳам тўхтатгани» ҳақида хабарлар тарқалди.

Ўзбекистонда ўтказилаётган тестлар сони етарли даражадами? Қуйида қўшни мамлакатлар ва бошқа хорижий мамлакатлар билан қиёс келтирилади.

Айни пайтда Ўзбекистон ўтказилган тестлар сони бўйича Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қозоғистондан кейинги ўринда бормоқда. Қозоғистонда 10 июль ҳолатига кўра, 1 659 543та тест ўтказилган бўлиб, тестлар сони умумий аҳоли сони нисбатига кўра ҳар 11-кишига тўғри келмоқда. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич ҳар ҳар 24-кишига, Қирғизистонда ҳар 27-кишига, Афғонистонда ҳар 493-кишига тўғри келмоқда.

Коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари бўйича дунё рейтингида Ўзбекистон жой олган ўнлик, яъни 60-70-ўринлардаги мамлакатларда бу кўрсаткич Сербияда ҳар 18-кишига, Непалда ҳар 49-кишига, Морокашда ҳар 43-кишига, Жанубий Кореяда ҳар 36-кишига, Чехияда ҳар 18-кишига, Данияда ҳар 4-кишига, Кот-д'Ивуарда ҳар 363-кишига, Суданда 109 минг 396-кишига, Австралияда ҳар 8-кишига тўғри келмоқда. Умумий ҳисобда тест синовларини ўтказиш бўйича Ўзбекистон мазкур ўнликда 5-ўриндан жой олган.

Тест синови маълумотлари нима учун муҳим?

Ҳеч бир мамлакат Сovid-19 вирусига чалинганларнинг умумий сонини аниқ билмайди. Шу боис, лаборатория томонидан тасдиқланган инфекцияга эга бўлганларнинг барчаси тасдиқланган ҳолатлар, деб ҳисобланади. Бу шуни англатадики, тасдиқланган ҳолатларнинг сони мамлакатда ўтказилаётган тестларга боғлиқ. 

Шунингдек, вирусни юқтириш манбаси тўғрисида маълумотга эга бўлмай туриб, пандемияни тушунишнинг имкони йўқ. Ушбу маълумотларсиз биз қайси давлатлар яхши иш олиб бораётгани ҳақида ҳам маълумотга эга бўла олмаймиз. Тасдиқланган ҳолатлар бўйича ҳар қандай маълумотни шарҳлаш учун эса мамлакатда амалда қанча тест синови ўтказилганини билиш керак.

Тест – вируснинг тарқалиши ва таъсирини секинлаштириш, камайтиришга қаратилган курашда энг муҳим воситалардан биридир. Тестлар вирус юқтирган одамларни аниқлаш имконини беради ва уларга кўрсатиладиган тиббий хизматга раҳбарлик қилади. Касалликка чалинганларни изоляция қилишга, уларнинг алоқаларини аниқлашга, шунингдек, тиббий ресурслар ва ходимларни янада самарали тақсимлашга ёрдам беради.

Тасдиқланган ҳолатлар сони пандемиянинг ривожланиши ҳақида маълумот беради. Яъни эпидемия тарқалиши ҳақида тақдим этилган ахборот ва ўлим ҳолатлари тўғрисидаги маълумотларнинг ишончлилигини баҳолаш учун тест синовлари тўғрисидаги ишончли маълумотга эга бўлиш зарур.

Ўтказилаётган тестлар сони етарли ёки етарли эмаслиги қандай аниқланади?

Вирус тарқалишини тўғри кузатиб бориш учун эпидемия кенг тарқалган мамлакатлар кўпроқ синов ўтказиши лозим. Шундай қилиб, муайян давлат етарлича тест ўтказяптими ёки йўқми – буни билишнинг энг муҳим усулларидан бири вирусга чалингани расман қайд этилганлар сони ва ўтказилган тест синовлари ўртасидаги нисбатни аниқлашдир.

Австралия, Жанубий Корея ва Уругвай каби баъзи мамлакатларда мусбат кўрсаткич 1 фоиздан кам. Мазкур мамлакатларда биргина ҳолатни аниқлаш учун юзлаб, ҳатто минглаб тест ўтказиш талаб этилган.

Бошқа мамлакатлар, масалан, Мексика ва Нигерияда 20-50 фоиз ёки ундан ҳам юқори мусбат кўрсаткичлар қайд этилган. Яъни, ушбу мамлакатларда ўтказилган учинчи ёки тўртинчи тестда янги бир ҳолат аниқланмоқда.

Тасдиқланган ҳолатлар сони тестлар сонига нисбатан юқори бўлса, бу ҳолат эпидемияни тўғри назорат қилиш учун етарли миқдорда тест ўтказилмаётганини англатади. Бундай мамлакатларда инфекциянинг ҳақиқий сони тасдиқланган ҳолатлардан анча юқори бўлиши мумкин.

Жуда юқори мусбат кўрсаткичлар кузатилаётган давлатлар барча ҳолатлар учун етарли даражада кенг қамровли тест ўтказа олмайди, албатта. ЖССТ етарлича синовнинг умумий кўрсаткичи сифатида мусбат кўрсаткичнинг 2-3 фоиз атрофида бўлишини маълум қилган. Ўзбекистонда 9 июль куни 17785та тест ўтказилган, 472 кишида касаллик аниқланган, бу эса 2,6 фоизлик кўрсаткичдир.

Лекин кўрсаткич 1 фоиздан кам бўлишига эришиш ҳам мумкин эди. Агар апрель ойидаёқ Жанубий Кореядаги каби оммавий тест ўтказилганида касаллик тарқалиши занжирлари етарлича узилган бўлар ва ҳозирда аҳоли орасида тест топширишдаги қийинчиликлар бўйича ваҳима келиб чиқмасди. Агар май ойида Ўзбекистонда ҳудудлараро транспорт ҳаракатига рухсат берилганида йўловчилардан тест олиш мажбурийлиги сақлаб қолинганида (тест олиш нархи 224 минг сўм этиб белгилангани ижтимоий тармоқда норозиликларга сабаб бўлгач, бу тартиб бекор қилинди), аҳвол ҳозиргидек жиддийлашмаган бўларди.

Отабек Тиллаев тайёрлади

Мавзуга оид