Ўзбекистон | 18:42 / 25.03.2022
167185
11 дақиқада ўқилади

2 ёшдан боғчага қабул, кучини йўқотадиган «права» ва санаторийга бепул йўлланма — 1 апрелдан нималар ўзгаради?

Kun.uz сайти 2022 йил 1 апрелдан Ўзбекистон қонунчилигида кучга кирадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.

2010 йилгача бўлган даврда берилган ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади

Ҳукумат қарорига биноан 2010 йилгача бўлган даврда берилган эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари — 2022 йил 1 апрелдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Бироқ, Давлат хизматлари агентлигининг маълум қилишича, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш хизмати 19 мартдан бошлаб 2 ҳафтага тўхтатилган. Гувоҳномани алмаштиришнинг охирги муддатлари янги қарор билан мутаносиб тарзда 2023 йилнинг 31 декабригача узайтирилиши кутилмоқда. 2022 йил 1 апрелидан бошлаб ҳақиқий эмас деб топиладиган ҳайдовчилик гувоҳномалари бўйича, истисно тариқасида чора кўрилмайди.

Ноқонуний дарахт кесиш ҳолатлари ҳақида хабар берганларга 270 минг сўм мукофот берилади

Президент фармонига мувофиқ, аҳоли томонидан ИИВ ва Давлат экология қўмитасининг махсус ахборот тизимига юборилган, дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш бўйича ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фотосурат ва видеоёзувлар МЖТКда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Бунда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги фотосурат ва видеоёзувларни юборган шахслар ҳар бир тасдиқланган ҳолат бўйича ҳуқуқбузардан ундирилган маблағлар ҳисобидан БҲМнинг бир баравари (270 минг сўм) миқдордаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади. Бунда, ҳуқуқбузарлик тегишли органлар томонидан бевосита аниқлангандан сўнг келиб тушган хабарлар бўйича рағбатлантириш амалга оширилмайди.

Жисмоний шахсларнинг акциялардан оладиган дивидендлари даромад солиғидан озод қилинади

Президент қарорига асосан 2024 йил 31 декабрга қадар:

Ўзбекистон Республикасининг резиденти ва норезиденти бўлган жисмоний шахсларнинг акциялар бўйича ҳисобланган дивидендлар тарзидаги даромадлари даромад солиғидан озод қилинади;

Ўзбекистон Республикасининг норезиденти бўлган юридик шахсларнинг акциялар бўйича ҳисобланган дивидендлар тарзидаги даромадларига Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган юридик шахслар сингари фойда солиғининг 5 фоиз ставкаси татбиқ этилади;

Ўзбекистон Республикасининг резиденти ва норезиденти бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг хўжалик жамиятлари облигациялари бўйича ҳисобланган фоизлар тарзидаги даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва юридик шахслардан олинадиган фойда солиғидан озод қилинади.

Шунингдек, маҳаллий эмитентларга ўз акцияларини дастлаб «Тошкент» РФБда жойлаштиргандан сўнг андеррайтер тавсиясига кўра уларни хорижий фонд бозорларида ёки бир вақтда маҳаллий ва хорижий фонд биржаларида жойлаштириш ҳуқуқи берилади.

Айрим боғчаларга болаларни 2 ёшдан қабул қилишга рухсат берилади

Президент фармонига кўра, боқувчисини йўқотган хотин-қизларнинг фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотларига тўланадиган ота-оналар бадалидан озод қилинади. Шунингдек, уларнинг 3 ёшгача бўлган фарзандлари учун нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига Давлат бюджетидан субсидиялар ажратилади.

Фармонга асосан тўлиқ қувват билан ишламаётган давлат мактабгача таълим ташкилотларига 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган болаларни пуллик хизмат кўрсатиш шаклида қабул қилишга рухсат берилади.

Бундан ташқари, кечки сменада хотин-қизлар ишлайдиган корхона ва ташкилотлар ўз ҳузурида мактабгача таълим ташкилотини ташкил қилганда, улардаги тарбиячиларнинг иш ҳақи Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Ёлғиз яшайдиган кексалар ҳар йили бир маротаба санаторийларда бепул соғломлаштирилади

Президент қарорига мувофиқ 2022 йил 1 апрелдан кексалар учун қуйидаги бир қатор ижтимоий кафолатлар кучга киради:

а) ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексалар ҳар йили бир маротаба санаторийларда бепул соғломлаштирилади;

б) шароити оғир ва кам таъминланган кексаларга шифокорларнинг рецептларига асосан 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситалари, тиббий ва махсус протез-ортопедия мосламалари олиб берилади ҳамда жарроҳлик амалиётларининг харажатлари қопланади;

в) оғир ташхисли касалликлари ҳамда ногиронлиги бўлган кексаларга шифокорларнинг рецептларига мувофиқ, 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситаларининг 50 фоизигача бўлган суммаси компенсация қилинади;

г) кексаларнинг жисмоний тарбия ва спорт йўналишидаги муассасаларда (стадион, спорт заллари, бассейн ва бошқа спорт мажмуалари) жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун абонемент харажатлари қопланади;

д) давлат театрлари ва музейларига кексалар учун чипта нархлари тўлиқ қоплаб берилади.

Маҳаллийлаштириладиган фармацевтика маҳсулотларини кафолатли харид қилиш механизми жорий этилади

Президент фармонига кўра, фармацевтика маҳсулотлари харидларига ажратилиши режалаштирилган Давлат бюджети маблағлари миқдори доирасида маҳаллийлаштириладиган фармацевтика маҳсулотларини уч йил муддатга шартнома тузиш орқали кафолатли харид қилиш механизми жорий этилади.

Шунингдек, фармацевтика соҳасида янги ишлаб чиқарувчи корхоналар, улгуржи ва чакана савдо ташкилотлари мос равишда «Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP)», «Зарур дистрибьюторлик амалиёти (GDP)» ва «Зарур фармацевтика (дорихона) амалиёти (GPP)» талабларига мувофиқ равишда ташкил этилади.

Эндокрин касалликларни эрта аниқлаш ва мақсадли кузатиш учун тиббий кузатув ва патронажнинг янги модели жорий этилади

Президент қарорига мувофиқ эндокрин касалликларни эрта аниқлаш ва мақсадли кузатишни таъминлаш учун тиббий кузатув ва патронажнинг янги модели жорий этилади. Бунда оилавий шифокорлар эндокрин касалликларни ташхислаш ҳамда даволаш бўйича қайта тайёрланади, эндокрин касалликлар мавжуд оилаларга махсус тайёргарликдан ўтган патронаж ҳамшираси бириктирилади ва бошқа бир қатор чоралар кўрилади.

Айрим соҳалардаги тадбиркорлик субъектлари учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади

Президент қарорига асосан 2025 йил 1 январга қадар чакана савдо ва умумий овқатланиш, меҳмонхона (жойлаштириш) хизматлари, автотранспортда йўловчи ва юк ташиш, транспорт воситаларини таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, компьютер хизматлари, маиший техникани таъмирлаш, агро ва ветеринария хизматларини кўрсатувчи ҳамда кўнгилочар масканларда хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади.

Шунингдек, 2025 йил 1 январга қадар айрим туман ва шаҳарларда белгиланадиган туризм ҳудудларида рўйхатдан ўтган ҳамда ушбу ҳудудда умумий овқатланиш, меҳмонхона (жойлаштириш), савдо, кўнгилочар, туроператор ва турагент хизматларини кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари учун:

айланмадан олинадиган солиқ ставкаси — 1 фоиз;

ушбу ҳудудлардаги объектлар ва улар эгаллаган ер участкаси бўйича юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи миқдорлари — мазкур солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизи миқдорида белгиланади.

Миллий чолғу асбобларини ишлаб чиқарувчиларга солиқ имтиёзлари берилади

Президент қарорига кўра, миллий мусиқа чолғу асбобларини ишлаб чиқаришдан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60 фоизини ташкил этадиган ташкилотлар учун айланмадан солиқ ва ижтимоий солиқ ставкаси 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар 1 фоиз этиб белгиланади.

Ўлим ҳақида тиббий гувоҳнома бериш тартиби бекор қилинади

Тошкент шаҳрида тиббиёт муассасалари томонидан ўлим ҳақида тиббий гувоҳнома бериш тартиби бекор қилиниб, фақат электрон тизим орқали ўлим ҳақида тиббий маълумотнома шакллантириш тартиби жорий этилади.

2022 йил 1 июлдан мазкур тартиб бутун республика ҳудудида жорий этилади.

Вазирлик ва идоралар веб-сайтларига талаблар кучайтирилади

Президент қарорига асосан 2022 йил 1 апрелдан бошлаб вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз расмий веб-сайтларида ўзларининг таркибига кирувчи давлат муассасаларининг номи, фаолият тури, функция ва ваколатлари ҳамда раҳбарлари тўғрисидаги маълумотларни жойлаштиради ва унинг доимий равишда янгилаб борилишини таъминлайди, давлат муассасаларининг ҳудудлар ва юқори турувчи органлари кесимидаги маълумотлар Давлат активларини бошқариш агентлигининг веб-сайтига жойлаштирилади.

Бундан ташқари, очиқ маълумотлар порталида фойдаланувчилар учун қулай форматларда кўриш имкониятини яратган ҳолда муассасаларнинг юқори турувчи ташкилоти, кўчмас мулк объектлари, қурилиши тугалланмаган объектлар ва автотранспорт воситалари, режалаштирилган ва амалга оширилган харажатлар таркиби ҳақидаги ва бошқа маълумотларни эълон қилиш амалиёти жорий этилади.

Меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақасининг энг кам миқдори оширилади

Президент фармонига асосан меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ҳамда иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда — 440 000 сўмдан 622 000 сўмгача оширилади.

Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган қонуний вакилга ҳар ойда 500 минг сўм миқдорида нафақа тўлови (парваришлаш нафақаси) жорий этилади.

«UzAuto Motors» билан шартнома тузилганда автомобил шартнома тузган шахс номига расмийлаштириладиган тартиб кучга киради

Ҳукумат қарорига кўра, «UzAuto Motors» АЖ томонидан автомототранспорт воситасини харид қилиш бўйича шартнома тузган шахсга автоматик равишда расмийлаштириладиган ҳисоб-маълумотни ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига фақат электрон шаклда тақдим этиш амалиёти жорий қилинади.

Давлат молиявий назорати соҳасидаги қоидабузарликлар ҳақида хабар берганларга мукофот тўланади

Давлат молиявий назорати соҳасида қоидабузарликлар ҳолатлари тўғрисида Давлат молиявий назорати инспекциясига «Давлат аудити» дастурий комплекси орқали хабар берган жисмоний шахсларга, ушбу маълумот асосида молиявий текширувлар жараёнида аниқланиб, давлат фойдасига ундирилган маблағлар ҳисобидан мукофот тўланади.

Пойабзал ишлаб чиқарувчилардан ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорда ундирилади

2025 йил 1 январгача қуйидаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорда ундирилади:

ишлаб чиқарувчининг ялпи тушумида болалар, аёллар ва спорт пойабзаллари, сунъий (эко) чарм, фурнитура, пойабзал қолиплари ва тагликлари ишлаб чиқаришдан тушган тушумнинг улуши ҳисобот даври якуни бўйича камида 60 фоизни ташкил қилган ишлаб чиқарувчилар;

ялпи тушумининг умумий ҳажмида пойабзаллар, чарм-атторлик маҳсулотлари ва мўйнадан тайёрланган буюмлар экспортидан тушган тушумнинг ҳажми 80 фоизни ташкил қилган ишлаб чиқарувчилар.

Жисмоний шахсларнинг аҳоли хонадонларида балиқ етиштириш йўналиши бўйича ўқув курсларида ўқиш харажатлари қоплаб берилади

Президент қарори билан 2025 йил 1 январга қадар жисмоний шахсларнинг аҳоли хонадонларида балиқ етиштириш йўналиши бўйича ўқув курсларида ўқиш харажатларини қоплаш учун Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан БҲМнинг икки баробаридан ошмаган миқдорда бир марталик субсидия ажратилади.

«Масофавий электрон декларациялаш» божхона постлари барча ҳудудларда ташкил этилади

Давлат божхона қўмитасининг божхона органларининг умумий чекланган штатлар сони доирасида тоифадан ташқари мақомга эга бўлган «Масофавий электрон декларациялаш» божхона постлари қўмитанинг барча ҳудудий бошқармаларида босқичма-босқич ташкил этилади.

«Масофавий электрон декларациялаш» божхона постлари 2021 йил 1 октябрдан бошлаб қўмитанинг Тошкент, Сирдарё, Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари бўйича бошқармаларида ташкил этилганди.

Мавзуга оид