Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Комолон кўприги: Чала таъмир, бетартиб чорраҳа, қадрсиз пиёда
Кўчада яёв юрмайдиган Тошкент расмийлари пиёдаларни ердан чиққан омадсиз қўзиқорин деб ўйлайди шекилли, йўл таъмирлаш ишлари пиёдалар учун хавфли ва чала ҳолатда ойлаб чўзилиб ётаверади. Бу – схемаси буткул ўзгартирилган Комолондаги чорраҳада ҳам такрорланди. Kun.uz реконструкциядан кейинги бедодликлар ҳақида ҳикоя қилади.
Тошкентда, Халқлар дўстлиги майдонидан Бунёдкор шоҳкўчаси орқали Чилонзор туманига кириб келишда – Бўрижар канали устида ўзига хос “кўприкзор” бор. Бу ерни Ўзбекистондаги энг мураккаб чорраҳа дейиш мумкин. Эҳтимолки, шаҳримизнинг айни шу нуқтаси мураккаблиги бўйича минтақадаги энг ноёб чорраҳалардан бири бўлса ҳам ажаб эмас.
Шу сабабли ҳам шаҳарсоз экспертлар Аркадий Гершман ва Александр Девяткин бу чорраҳани қайта лойиҳалаштириш устида икки ой ишлагани, бу борадаги муҳокамалар жуда узоқ соатлар давом этиб, ярим тунгача чўзилганини тўғри тушуниш мумкин.
Халқ орасида Комолон кўприги деб ном олган чорраҳада нақ 8та йўл бир жойда туташган, автомобиллар оқими эса оз эмас. Устига устак, кўприклардан бири анча тор. Шундай шароитда россиялик мутахассислар ўз лойиҳаси орқали чорраҳада мутлақо светофорсиз ҳаракат ташкил қила олгани эътиборга лойиқ.
Буткул янги схема асосидаги реконструкциядан аввал бу улкан чорраҳада ўнга яқин йўналишдаги светофорлар бор эди, ақлли режалаштириш натижасида ҳозир улардан бирортаси ҳам қолмаган.
Бироқ афсуски, кўп бора кузатилганидек, бу ерда ҳам йўлтаъмир ишлари бир неча ҳафтадан бери чала ётибди. Ҳайдовчилар ва айниқса пиёдалар учун хавфли жой бўлган чорраҳа ҳозир янада хавфлилашган:
- қўпориб ташланган тротуарлар ўша ҳолида ташлаб кетилган:

- автомобил ва пиёдалар йўлларида хавфли объектлар бор:
- пиёдалар йўл белгилари ҳамма жойга ҳам ўрнатилмаган, натижада ҳайдовчиларда пиёдаларга йўл бериш мажбурияти йўқ, пиёда ҳаётини хавфга қўйишга мажбур;
- асосий ва иккинчи даражали йўлни кўрсатувчи йўл белгилари ўрнатилмаган, йўл чизиқлари чизилмаган, натижада тушунмовчиликлар ва ЙТҲлар рўй беряпти; агар ўнг қўл қоидасига асосланилган, ҳамма ўзидан ўнг тарафдаги автомобилни ўтказиб юбориши керак бўлса, бу борада тарғибот ишларига катта зарурат бор.

Нафақат пудрат ишлари, балки лойиҳанинг ўзига нисбатан ҳам саволлар йўқ эмас: чорраҳанинг бир қисмида (метро кўпригининг остида) йўлнинг нариги томонига ўтиш учун оролчалар орқали нақ 4 марта (!) йўлнинг қатнов қисмини кесиб ўтишга тўғри келади.
Чорраҳага “Ўзбекфилм” ва собиқ “Ўзбекнефтгаз” АЁҚШ томонлардан, Бўрижар канали ёқалаб (каналнинг ҳар иккала тарафида соя-салқин ва дарахтзор тротуар бор) келишда пиёда ўзи ҳаракатланиб келаётган кўчанинг нариги тарафига ўтиши ҳаддан ташқари мураккаб ва хавфли қилиб қўйилган. Буни ҳал қилиш учун ҳам Сеул, ҳам Новза (Комил Ёрматов) кўчаларида метро кўпригининг периметри бўйлаб “зебра”лар ташкил этиш тўғрироқ бўларди, бизнингча.
Худди шу периметр бўйлаб канал устидан пиёдалар кўприги қурилиши ҳам мақсадга мувофиқ. Чунки ҳозир тор кўприкнинг пиёдалар учун ажратилган қисми ҳам ўта тор: унда қарама-қарши кетаётган икки пиёда ўтиши учун албатта бири иккинчисига йўл беришга мажбур; болалар коляскаси билан кўприкдан ўтиш ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади.

Шаҳар масъулларидан чорраҳа реконструкциясини тезроқ охирига етказишларини, тротуарлар ва йўл белгилари муаммосини ҳал қилишларини сўраб қоламиз. Муаммони кечиктиравериш ЙТҲларни кўпайтираверади: бугун, 18 июн куни ҳам бу ерда навбатдаги “авария” содир бўлди.
Бобур Акмалов,
Абдуқодир Тўлқинов,
Kun.uz.
Мавзуга оид
20:18 / 15.01.2026
Тошкентдаги айрим кўчаларда жамоат транспорти ҳаракати схемаси ўзгартирилади
12:08 / 14.01.2026
102 га қўнғироқ қилиб, “Трампга чора кўришни” сўраган фуқаро маъмурий жазога тортилди
15:29 / 13.01.2026
Қорақалпоғистон ва Тошкентда қалбаки доллар ўтказмоқчи бўлганлар ушланди
23:15 / 11.01.2026