Жаҳон | 20:52 / 21.03.2026
4941
2 дақиқада ўқилади

АҚШ адмирали: Эронда 8 мингдан ортиқ нишонга зарба бердик

Бу зарбалар натижасида, адмирал Брэд Купернинг сўзларига кўра, Теҳроннинг жанговар салоҳияти “сезиларли даражада пасайтирилган”. Масалан, Эрон 130 та кемасидан айрилгани айтилмоқда.

Фото: USCENTCOM

АҚШ армияси Эрондаги уруш бошидан бери 8 мингдан ортиқ нишонга зарба берди. Бу ҳақда уруш тўртинчи ҳафтасига ўтган 21 март куни АҚШ Марказий қўмондонлиги адмирали Брэд Купер маълум қилди.

New York Times'нинг ёзишича, гарчи минглаб нишонларга зарба берилган бўлса ҳам, АҚШ бу урушдан нимага эришмоқчи экани ҳалигача ноаниқ қолмоқда.

Брэд Купер шанба кунги баёнотида Теҳроннинг “жанговар салоҳияти сезиларли даражада пасайтирилгани”, Эрон шу жумладан 130 та кемасидан айрилганини айтди.

“Уларнинг флоти сузмай қўйди. Тактик қирувчилари учмаяпти. Ракеталар ва дронларни эса низо бошланган пайтдагичалик тез-тез учира олишмаяпти”, – деди армия расмийси 4 дақиқалик оператив чиқишида.

Шунга қарамай, NYT'нинг қайд этишича, Эрон ҳамон Исроилга ва АҚШнинг минтақадаги айрим ҳамкорларига ракеталар ва дронлар билан ҳужум қилишда давом этмоқда. Қолаверса, Ҳўрмуз бўғозини блокада қилишнинг ҳам уддасидан чиқяпти.

Америка адмиралининг сўзларига кўра, икки кун олдин АҚШ армияси юқори аниқликдаги ракеталар билан ўз тарихидаги энг узоқ масофали артиллерия зарбаларини берган.

“Бу зарба Эрон ҳарбий инфратузилмасини йўқ қилиб, АҚШ Қуролли кучларининг мисли кўрилмаган узоқ масофали ҳаракати ва вайронкор кучини намойиш этди”, – деди Купер.

Адмирал айнан қанча масофани назарда тутганини ва айнан қанақа нишонга зарба берилганини очиқламади.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид