Ўзбекистон | 16:45 / 03.12.2020
4391
4 дақиқада ўқилади

«Маъмурий тазйиқ ҳозирги кунда ишламайди. У акс натижани келтиради» – Содиқ Сафоев

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев журналистлар халқнинг манфаатидан келиб чиқиб иш олиб бораётгани, уларнинг танқидий фаолияти Ўзбекистон тараққиёти учун муҳим омил сифатида шаклланиб бораётгани ҳақида гапирди.

«Биринчи навбатда биз шуни тан олишимиз керак, мен буни барча – ҳам ҳукумат, ҳам парламент, медиа соҳа вакиллари, ҳам халқаро ҳамкорларимиз олдида айтаман, Ўзбекистондаги вазият бу борада кескин ўзгарди. Одамлар нафақат уларга тақдим этилаётган янгиликларнинг пассив истеъмолчиси, балки ахборот мезонини тўлдиришнинг фаол иштирокчисига айланди. Бу бизда бўлаётган фундаментал ўзгариш.

Илгари эски ахборот модели қуйидагича эди: ҳақиқатнинг ягона манбайи бор эди. Бу ҳақиқатми ёки ҳақиқатмасми, лекин шундай бир ҳаракат. Ҳозирги янги моделда ҳақиқатнинг, ахборотнинг манбаси кўп ва биз, яъни халқ уларни саралаймиз, деган ёндашувдан келиб чиқмоқдамиз. Бу янги ҳуқуқий мезонни талаб қилади. Бундан билишимиз керакки, медиа соҳа, журналистлар тўртинчи ҳокимиятга айланмоқда.

Уларнинг фаолияти бевосита ҳокимиятнинг барча бўғинларида – марказдан бошлаб, жойларгача кунда ижобий таъсир кўрсатмоқда. Улар халқнинг манфаатидан келиб чиқиб иш олиб бормоқда. Уларнинг танқидий фаолияти Ўзбекистон тараққиёти учун муҳим омил сифатида шаклланиб бормоқда. Бу ерда муаммолар кўп.

Асосий муаммо – бизда информацион вакуум, бўшлиқ бўлиши керак эмас. Агар вакуум пайдо бўлса, у албатта нопрофессионал, қандайдир нотўғри манбалардан тўлдирилиши мумкин. Ҳар бир вазирлик, ҳар бир ҳокимият органида таъсис этилган матбуот котибиятларнинг фаолияти батамом ўзгариши керак. Улар журналистларга дўст сифатида қараб, уларга ахборотни беришни ўз бурчи деб билиши кера», деди Содиқ Сафоев Халқаро пресс-клубнинг «Конституция ва қонунчиликда сўз ҳамда матбуот эркинлиги. Ўзбекистонда ОАВни ривожлантириш жараёнлари» мавзусидаги давра суҳбатида.

У бугунги кунда маъмурий тазйиқ иш бермаслиги, аксинча таъсир кўрсатиши ҳақида гапирди.

«Ниҳоятда муҳим хулосалардан бири – маъмурий тазйиқ ҳозирги кунда ишламайди. У акс натижани келтиради. Биз сиёсий иш олиб боришимиз керак. Ўйин қоидалари бўлиши керак, ўйин қоидаларига риоя қилишимиз керак. Бунинг учун биз аниқ, тўғри талқин этадиган қонунларни ишлаб чиқишимиз керак. Бу бизнинг – парлементнинг вазифамиз», деди Содиқ Сафоев.

Сенат раисининг биринчи ўринбосари ўз нутқи давомида Халқаро пресс-клуб платформасида ҳар ой медиа соҳа вакиллари ва ҳукумат органлари иштирокида учрашувлар ташкил этиш таклифини берди.

«Биз доимий, мунтазам, тизимли мулоқотга муҳтожмиз. Мен таклиф қиламан: халқаро пресс-клуб платформасида камида бир ойда бир марта блогерлар, медиа соҳа вакиллари ва ҳукуматнинг тегишли органлари ўртасида шошилиб, эфир учун, «хўжакўрсин» учун эмас, муаммоларни аниқ муҳокама қилиш учун тўпланиб, унинг натижасини ишлаб чиқиш ниҳоятда муҳим бўларди. Ўйлайманки, агар шу таклиф қўллаб-қувватланса, кейинги йил январь ойидан биз буни ишлашимиз мумкин. Пресс-клубга биринчи функцияси  - яъни журналистлар учун контент яратиш вақти келди. Сўнгги бир неча ой давомида биз бу контентни йўқотиб қўйдик», деди Сафоев.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид