Кореяга жўнатиш ваъдаси билан топилган миллиардлар нималарга ишлатилган?
Жиноий йўл билан топилган пулларга Юнусободдаги «Тошкент» кафеси, Тошкент вилоятидаги завод ва турли машиналар сотиб олинган. Жабрланганлар сони – 3500га яқин. МЧЖнинг 6 ходими ҳибсда, бир киши қидирувга берилган.
Kun.uz «Korean and migration xususiy bandlik agentligi» МЧЖ мутасаддиларига нисбатан жиноят иши очилгани, улар минглаб фуқароларни Жанубий Кореяга ишга юборишни ваъда қилиб, уларнинг миллионлаб пулларини ўзлаштирганликда айбланаётгани ҳақида 2019 йил октябрь ойида хабар берган эди.
Айбловга кўра, ташкилот мансабдорлари томонидан Ўзбекистон фуқароларини Жанубий Кореяга ишга жойлаштириш ваъда қилиниб, улардан 27 миллиондан 34 миллион сўмгача бўлган, умумий миқдорда 20 миллиард сўмга яқин пул маблағлари олинган, лекин улар корхона мансабдорларининг шахсий эхтиёжлари учун сарфлаб юборилган.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти ушбу жиноят иши юзасидан янги тафсилотларни маълум қилди.
«Korean and migration хусусий бандлик агентлиги» МЧЖ мансабдор шахслари томонидан чамаси 3500га яқин Ўзбекистон Республикаси фуқаролари фирибгарлик йўли билан алданган. Улардан олинган 20 миллиард сўмга яқин пул маблағлари корхона мансабдор шахсларининг шахсий эҳтиёжлари учун сарфланиб, кўчмас ва кўчар мулк кўринишига келтирилган.
Мисол учун, жиноий йўл билан топилган бу пулларга Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида жойлашган қуруқ меваларни қайта ишлаб чиқариш заводи, Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги «Тошкент» кафеси, шунингдек турли хил русумдаги транспорт воситалари харид қилинишига сарфлаб юборилган», – дейди Тергов департаменти катта терговчиси Умиджон Абдуҳакимов.
Унга кўра, Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги меморандумга асосан, Ўзбекистон фуқароларини Жанубий Кореяда ишга жойлаштиришга фақатгина Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатли ҳисобланади.
Олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида «Korean and migration xususiy bandlik agentligi»нинг 6 нафар ходимига Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси, 4-қисми «а» банди билан (фирибгарлик йўли билан ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини қўлга киритиш) айб эълон қилиниб, уларга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган, яна бир нафар ходимига нисбатан қидирув эълон қилинган.
Етказилган моддий зарарни ундириш мақсадида, корхона чиқим қилган пул манбаларини аниқлаб, тахминан 7,6 млрд сўм Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментининг ҳисоб рақамига кирим қилинган. Бундан ташқари 9,5 млрд сўм атрофидаги кўчмас ва кўчар мулк объектлари хатлаб қўйилган.
Хусусий бандлик агентлиги томонидан фуқароларга етказилган қарийб 20 млрд сўмлик моддий зарарнинг 17 миллиарди ундирилган.
«Ундирилган пул маблағлари ва хатланган кўчмас ҳамда кўчар мулклар дастлабки тергов якунига етганидан сўнг, суд ихтиёрига жиноят иши ҳужжатлари билан бирга тақдим этилади. Ундириб олинган маблағлар фақат суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билангина жабрланувчиларга қайтарилиши таъминланади», – дейди Умиджон Абдуҳакимов.
Жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Аввалроқ бу иш бўйича энг кўп жабрланувчи Қашқадарё вилоятидан экани хабар қилинган эди.
Мавзуга оид
16:55 / 06.07.2022
Лицензияга эга ХБАлар сони 9та қолди. Хорижда иш ваъда қилувчи фирибгарлардан огоҳ бўлинг
17:51 / 13.11.2021
Хусусий бандлик агентликлари билан кузатилган фирибгарликлар такрорланмайдими? Вазир ўринбосари ойдинлик киритди
16:58 / 03.04.2021
Фирибгарлар уддабуронми ё одамлар лақма?
17:30 / 09.11.2020