Ўзбекистон | 17:30 / 09.11.2020
7257
2 дақиқада ўқилади

«International Experience» ХБА масъулларига суд ҳукми ўқилди

70 га яқин жабрланувчига қарийб 1,5 млрд сўм моддий зарар етказилган

2020 йил октябрь ойининг 5 куни жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “в” банди, 189-моддаси 1-қисми, 19211-моддаси 2-қисми “а, б” бандлари ва 227-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган INTERNATIONAL EXPERIENCE XUSUSIY BANDLIK AGENTLIGI” МЧЖ директори О.К. ва халқаро алоқалар бўйича менеджери Ҳ.К. айбдор деб топилган.

Суд томонидан фирма раҳбари О.К.га (аёл киши) 4 йил 5 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш шартли жазоси тайинланиб, 2 йил синов муддати белгиланган. Шунингдек, етказилган моддий зарарни 1 йил 6 ой мобайнида тўлиқ қоплаш мажбурияти юклатилган.

Фирма менеджери Ҳ.К.га (аёл киши) ташкилий-фармойиш ва маъмурий-хўжалик фаолият юритиш ҳуқуқини берувчи лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан 3 йил муддатга маҳрум қилиб, 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Суд ҳукми билан 70 га яқин жабрланувчига қарийб 1,5 млрд сўм моддий зарарни тўлаш белгиланган. Айни пайтда тергов органининг депозит ҳисоб рақамида сақланаётган 449 млн сўм пул етказилган моддий зарарни қоплашга қаратилади.

Маълумот учун, 10 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида бўлиб ўтган матбуот анжуманида “INTERNATIONAL EXPERIENCE XUSUSIY BANDLIK AGENTLIGI” МЧЖ масъулларига оид суд ҳукми ҳақида қисқача маълумот бериб ўтилганди.

Мавзуга оид