Ўзбекистон | 17:36 / 21.01.2023
18747
9 дақиқада ўқилади

“Энергетикадаги муаммолар ҳал бўлиши учун соҳани хусусийлаштириш, тарифни бозор белгилаши керак” – экспертлар

— Туркияда яшовчи ҳамюртларимиз ушбу мамлакатда энергоресурслар қиммат, лекин барқарорлигини таъкидлайди. Яъни одамлар қор ёки ёмғир кўп ёғган пайтларда свет ўчиб қолиши, газ босими тушиб келишини ўйлашмайди. Аксарият экспертлар Ўзбекистонда ҳам худди шу нарса жорий этилиши мумкинлиги, бунинг учун соҳа хусусийлаштирилиши кераклигини таъкидлаб келади. Ўзбекистон ҳукумати ҳам шунинг ҳаракатида.

Ўтган йили 1 июлдан электр ва газ бўйича табақалаштирилган тарифларга ўтилиши эълон қилинган, бироқ жамоатчилик норозилигидан чўчиган ҳукумат охиригача туриб беролмай бу ислоҳотни номаълум муддатга кечиктирганди.

Нима деб ўйлайсиз, энергоресурслар тарифи икки баравар оширилса ва истеъмолчилар учун ижтимоий норма белгилаб берилганди, нормадан кўпроқ ишлатганлар қимматроқ тўласа, тизимдаги муаммолар ҳал бўладими? Ёки соҳадаги коррупция, ўғрилик, ҳисоб-китобларда шаффофликнинг йўқлиги фонида бу ислоҳот ҳам натижа бермайдими?

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Умид Мамадаминов, Stantop Energy МЧЖ раҳбари:

— Тариф масаласини Молия вазирлиги қўяди. Давлатга электр таннархни аслидан камайтирган ҳолатда халққа сотади. Лекин бу нарсани доимий ушлаб туриб бўлмайди. Бозор иқтисодиётига ўтиб борганимиз сари, нарх ҳам кўтарилиб бошлайди. Бу соҳада хусусий компаниялар ҳам кўпаймоқда, ўз-ўзидан бозор муҳити пайдо бўлади.

Бозор муҳитида эса биз хоҳласак-хоҳламасак ўша тизимга ўтамиз. Бу нарса масаланинг кўп қисмини ҳал қилади. Ишлаб чиқарувчи корхона ўз харажатларини қоплаб, фойда қилгач, албатта, ишлаб чиқаришни оширади, сифатни яхшилайди. Бу ҳолатда ҳудудий тармоқларда ҳам инфратузилма янгиланиб боради.

Умид Мамадаминов Фото: Kun.uz

— Давлат монополияси билан бу тизим амалга ошадими? Бунга қандай қарайсиз?

— Буни хусусийлаштириш керак деб ўйлайман. Лекин етказиб бериш ва тарқатиш қисмини хусусийлаштириш унчалик тўғри бўлмайди. Чунки бозор муҳитига ўтгач, бу қисмлар асосий структура бўлиб қолади, шунинг учун хусусийлаштириш тўғри эмас.

Аммо ҳозирги инфраструктурамиз бунга жавоб бермайди, барчамиз биламиз. Чунки эскирган. Муаммоларга энг асосий сабаблардан бири ҳам шу – эскиргани.

Сарвар Қурбонов, SKB Energy Company  МЧЖ ҚК раҳбари:

— Давлат ҳаммага бир хилда лимитни белгилаши керак. Энергия тежашда биз уй қурилиши, жойлашиши, деразалардан қуёш нури тушиши, ҳаво айланишигача ҳисобга олишимиз керак. Албатта, фойда беради булар. Айтганимдек, лимит қўйилса, аҳоли ўша лимит даражасига тушиш учун тежаш чораларини кўради.

Ҳозирги электр ўчиш пайтида халқ электр тармоқларидаги пастдаги бажарувчи ходимларни ёмон кўриб ётибди. Уларни эмас, юқорида турган, коррупция қилаётган, ўзини оқлаётган одамларни ёмон кўриш керак.

Бахтиёр Ғозиев, ABREST Energy Engineering МЧЖ тижорат директори:

Лимит ҳақида гап кетяпти. Мен Ҳиндистон тажрибасини ўрганганман бу борада. Аҳолиси, ишлаб чиқариши, саноати катта бўлган Ҳиндистон қандай қилиб энергия тизимини барқарорлаштирган, деган савол қизиқтирган. Ва бориб шу нарсага гувоҳ бўлганманки, улар аҳолига ҳам, юридик ташкилотларга ҳам — ҳаммасига лимит қўйган. Қайсидир тоифага лимитдан кўп электр берилмайди дейилган, яна қайсидирларига бир неча баробар қимматроқ таърифда пул тўлаши белгиланган.

Корхоналарни, ташкилотларни кўрдим, улар лимитдан ошган электрни ўзлари ишлаб чиқаришга шароит яратган. Умуман, барча имкониятдан фойдаланишган. Ўз-ўзидан булар мамлакатнинг умумий электр тармоқларига енгиллик берган ва барқарор энергетика таъминотини йўлга қўйган.

Бизда ҳам имкониятлар бор. Масалан, Ўзбекистонда ҳам 500 КВтгача бўлган гидро электростанциялар қуришга рухсат берилган. Дейлик, ишлаб чиқарувчилар кичик канал ва ариқларга ўрнатиши мумкин. Бунга эса тарифлар оширилиши мажбурлайди, албатта.

Бахтиёр Ғозиев Фото: Kun.uz

Аҳолидаги норозилик кайфиятига сабаб бўлаётган омиллардан бири сўнгги йилларда Ўзбекистон энергетика соҳасига жуда катта сармоялар олган, қарзлар олган. Лекин энергетика тизимимиз қисман яхшиланган, тўлиқ эмас. Олинган пуллар энергия тизимига борган, лекин мақсадли сарфланганми — шуниси муҳим.

Биздаги Askue тизими унча-мунча ривожланган давлатда йўқ. Биз бу тизимга жуда катта пул сарфладик. Лекин ўша 5-6 йил илгари шу тизим жорий этилганда, унданам актуалроқ масалалар бор эди, балки, деган савол мавжуд. Яна масалан, юқори кучланишли пост станцияларни модернизация қилиш лойиҳаси бор. Бунга Жаҳон банки жуда катта пул ажратган. Шу лойиҳа доирасида битта станцияга бир йили трансформатор ўрнатилган, яна бир йили бошқа нарса. Ўша ҳар йили лойиҳа қилинган бу учун. Шу нарсани ақлли менежмент билан, дейлик, бирданига 22 та пост станциянинг бир қисмини эмас, 3-4 тасини комплекс тарзда қилиш мумкин эди. Ҳар битта таъмирлаш пайтида қўшимча харажатлар юзага келган.

Масалан, чет элда шундай масалалар муҳокамасида нодавлат ташкилотлар ҳам қатнашиб, ўз хулосаларини, тавсияларини беради. Бизда хам шундай тизим йўлга қўйиш керак, деб ўйлайман.

Сарвар Қурбонов:

— Бир неча йил олдин аҳолига энергияни сотиш тизимида хусусийлаштириш бўлган. Бир танишим хусусийлаштириб ишлатган тизимни. Лекин энди фойда кела бошлаган, тизим яхшиланган пайтда давлат яна қайтариб олган.

— Ҳозирги ҳолатда тўланаётган 295 сўм ёки 385 сўмнинг таннархидаги сарфланаётган нарсалар нималар? Нега буни вазирлик очиқламайди?

Умид Мамадаминов:

— Сарфланаётган харажатлар, операцион тизимдаги сарфлар ҳам аниқ. Бемалол чиқариб берса бўлади. Лекин нима учун бундай бўлаётганини билмадим.

Бахтиёр Ғозиев:

— Таннархни ҳисоблаб чиқиш учун электр энергия ишлаб чиқариш жараёнидан то бизнинг хонадонга етиб келгунча бўлган жараёндаги харажатлар ҳисобланиши керак. Лекин бу мураккаб. Чунки бизда турли хил электр энергия ишлаб чиқарувчилар бор. Масалан, кўмирда ишлайдиган станция, газда ишлайдиган, электр станция, қуёш электростанция, шамол электростанциялари бор бизда. Буларнинг барчаси ҳар хил сарф ва тизимда ишлайди. Дейлик, қуёш электростанцияларидан келаётган электр куннинг бир қисмида камаяди ёки тўхтайди, шу жараёнда бошқа электростанциялар унинг ўрнини тўлдиради. Шунинг учун ҳам ҳисоблашда мураккаблик келиб чиқади.

Лекин ишлаб чиқариш тарифи, узатиш ва бошқариш тарифи ва тақсимлаш тарифлари бор. Ушбу алоҳида тарифларни қўшиб чиқадиган бўлсак, таннархни чиқарсак бўлади. Менимча, очиқланмаётганининг сабабларидан бири газда ишлайдиган электростанциялар фойдали иш коэффициенти жуда паст, газни самарасиз ишлатади ва уларга давлат газни жуда арзон беради. Шу нарсани очиқ кўрсатиш қийиндир, балки.

— Барчамиз биламиз, энергетика тизимидаги техника-қурилмалар эскириб бўлган, модернизация қилиниши керак. Бунинг учун эса тарифлар оширилиши, бозор муносабатлари соҳага киритилиши керак. Дейлик, тарифлар ошириладиган бўлса, халқ ҳамма нарса шаффоф бўлишини хоҳлайди, албатта. Кейин, ўша оширилган тарифлардаги қанча маблағ ишлаб чиқаришга, қанчаси соҳа модернизациясига кетади? Шу нарсалар очиқланишига қўшиласизми?

Умид Мамадаминов:

— Биз бир нарсани тушунишимиз керак: тарифни оширган билан, ўша сумма бизнинг инфраструктурамизни янгилаб беради дейиш хато. Биринчи ўринда давлат томонидан ёки сармоя қилинаётган маблағларни, лойиҳаларни тўғри ташкиллаштиришимиз керак.

Масалан, биз миллий электр тармоқлари билан бир лойиҳа қилдик. Лекин тўлиқ маълумот олишимиз қийин бўлди. Лойиҳа қилинаётганда, махсус дастурларга киритилади маълумотлар ва дастур чиқариб беради қаерга пост станциялар қуриш керак, қанча кучланиш... Лекин тўғри маълумот киритилмаса, ўша дастур ҳам нотўғри таҳлил чиқаради. Демоқчиманки, тарифларни кўтариш инфратузилмани бирдан яхшиламайди, босқичма-босқич бўлади бу нарсалар. Лекин тарифни кўтариш тизимнинг тўғри йўлдан кетишига сабаб бўлади.

Бахтиёр Ғозиев:

Истеъмолчи сифатида ёндашиб, қўшимча қилмоқчиман. Чет элда электр энергия билан таъминловчи компаниялар рейтинги тушиб кетмаслиги учун ўзининг сарф-харажатларини очиқлаб қўяди истеъмолчиларга.

Менга ҳам, умуман, барчамизга ўзимиз фойдаланаётган ҳудудий электр тармоқлари компанияси пулларини нималарга сарфлаётгани қизиқ. Кейин, хусусийлаштиришнинг яна бир яхши томони бор: сарфланаётган пул фақатгина ўша ҳудуд учун сарфланади. Ҳозир эса бир ҳудуддан тушаётган сумма бошқа жойдаги камчиликни тўғрилаш учун сарфланиши мумкин.

Юқорида айтилган маълумотлар очиқланиши учун хусусийлаштириш керак, менимча.

Сарвар Қурбонов Фото: Kun.uz

Сарвар Қурбонов:

— Тарифларни бирдан кўтаришга мен ҳам қаршиман. Тарифни кўтаришдан олдин аҳолининг энергия тежамкорлик маданиятини ошириб олиш керак. Босқичма-босқич амалга оширса, халқ тайёрланиб боради, тушунча шаклланади. Халқимиз энергия тежамкорлик маданиятини ўзида шакллантириши ва кунлик энергия тарифини ҳам режали тарзда амалга ошириши керак.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.
Тасвирчи: Мирвоҳид Мирраҳимов
Монтаж устаси: Абдуқодир Тўлқинов

Муаллиф:  Жамшид Ниёзов

Мавзуга оид