Ўзбекистон | 12:37 / 11.12.2024
19214
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов лавозимини тарк этади

Нурмуродовни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тўғрисида давлат раҳбари томонидан Сенатга тақдимнома киритилди. 64 ёшли иқтисодчи 2017 йил июнидан бошлаб мамлакат пул-кредит сиёсатига раҳбарлик қилиб, банк-молия сектори ислоҳотларида, хусусан валютани эркинлаштиришда муҳим ўрин тутди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуродов лавозимидан озод этилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон президенти Олий Мажлис Сенатига Нурмуродовни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тўғрисида тақдимнома киритди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

64 ёшли иқтисодчи 2017 йилдан бошлаб мамлакат пул-кредит сиёсатига раҳбарлик қилиб, банк-молия сектори ислоҳотларида муҳим ўрин тутди.

Мамаризо Нурмуродов – Ўзбекистон Марказий банкининг иккинчи раиси. Бунга қадар мамлакат молиявий тизими регуляторига 1991–2017 йилларда Файзулла Муллажонов раҳбарлик қилган.

Муллажонов 2017 йил май ойида узоқ касалликдан сўнг вафот этган, ўша йил июнида Мамаризо Нурмуродов Марказий банк раиси этиб тайинланган эди.

Ушбу тайинловдан бироз вақт ўтиб, 2017 йил 5 сентябрдан эътиборан Ўзбекистонда эркин валюта конвертацияси очилганди.

Мамаризо Нурмуратов 1960 йили Самарқанд вилоятида туғилган. 1977 йили Тошкент халқ хўжалиги институтига ўқишга кириб, 1982 йили Ленинград иқтисодиёт-молия институтини тамомлаган. 1982-1985 йилларда Тошкент Халқ хўжалиги институтида ўқитувчилик қилган. 1985-1988 йилларда Москва Молия институти аспирантурасида таҳсил олган. Иқтисодиёт фанлари номзоди.

У 1989-1993 йилларда Тошкент халқ хўжалиги институти ва Молия институтларида доцент бўлиб ишлаган. 1993 йилдан бошлаб Марказий банк тизимида фаолият кўрсата бошлаган: Марказий банкда Илмий тадқиқотлар маркази бошлиғи, Бошқарув раисининг ўринбосари, Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Нурмуродов 2000-2004 йилларда Ўзбекистон молия вазири лавозимида фаолият юритган. 2004-2006 йилларда Самарқанд вилояти ҳокими бўлган. 2006-2017 йилларда Ўзбекистон Марказий банки раисининг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган.

2017 йилда МБ раҳбарлигига тайинланишидан олдин Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси лавозимида фаолият юритиб келган.

Мамаризо Нурмуродовнинг ушбу лавозимдаги илк 5 йиллик ваколати 2022 йилда якунига етган ва Сенат уни лавозимга қайта тайинлаган эди.

Мавзуга оид