Ўзбекистон | 10:23 / 05.04.2024
14161
2 дақиқада ўқилади

Ангрен шаҳар ИИБ ЖҚБ ходими гиёҳванд модда савдосига аралашгани учун қамоққа олинди

Дастлабки суриштирувларда жиноят қидирув бўлими ходими гиёҳванд моддани шериги билан сотиш мақсадида сақлаб келаётгани аниқланган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ходим ва унинг шериги қамоққа олинган.

Kun.uz манбасининг маълум қилишича, 2024 йил 3 март ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси ходимлари томонидан Ангрен шаҳрида “Қорадори-24” тадбири ўтказилган.

Тадбирда Ангрен шаҳар ИИБ ТҚҲ жиноят қидирув бўлими тезкор вакили Р.Ю. бошқарувида бўлган Cobalt машинаси кўздан кечирилганда 4 дона қоғоз ўрамда бўлган гиёҳванд моддага ўхшаш сақичсимон модда топилган.

2024 йил 4 апрел куни ўтказилган суд-кимёвий экспертизаси хулосасида ушбу модда гашиш гиёҳванд моддаси экани аниқланган.

Дастлабки суриштирувда тезкор вакил шериги фуқаро Ш.Ж. билан гиёҳванд моддани сотиш учун сақлаб келаётгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан Р.Ю. ва фуқаро Ш.Ж.га нисбатан Ангрен шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси, 3 қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Тезкор ходим ва унинг шеригига қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 273-моддаси 3-қисми “б” банди ( бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш)да назарда тутилган жиноятни содир этганлик учун 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Мавзуга оид