Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ақлли одамлар ҳам оммага қўшилганда фикрлаш қобилиятини йўқотади. Нега?
Инсон оммага қўшилган заҳоти фикрлаш қобилиятини йўқотади. Баъзан кучли бир эҳтирос миллионта мантиқий далилни енгади. Сиёсатчиларнинг популизмидан тортиб журналист-блогерларнинг хайпигача - барчаси бир қонуниятга асосланади. Ва энг қизиғи, сиз бундан ўзингизни ҳимоя қила олмайсиз. Бугун “5 дақиқа”да Густав Лебоннинг “Омма психологияси” ҳақида гаплашамиз.
Ушбу асар омма деб аталадиган катта гуруҳлар қандай фикрлайди, қандай ҳаракат қилади ва нега баъзан мантиқсиз қарорлар қабул қилади, шуни тушунтиришга қаратилган. У оммавий руҳиятни очиб ташлаб, одамларнинг таъсирчан ва эҳтиросга мойил табиатини кўрсатади.
Асарнинг юраги - “оломон онги” деган тушунча. Яъни айрим ҳолларда одамлар ёлғиз ҳолатда жуда ақлли бўлиши мумкин, аммо оммага қўшилган заҳоти мантиқий фикрдан йироқлашиб кетади. Одам эмас, оломон қарор қабул қилади. Ва бу қарор кўпинча эҳтирос сабабли амалга ошади.
Оломон онги нима?
Омма мантиқ билан эмас, ҳиссиёт билан ҳаракат қилади. Агар бир нарса уларни қўрқитса - қочади. Илҳомлантирса - югуриб кетади. Шубҳаланса - ҳеч бир гапга ишонмайди. Лекин ишонса, ҳеч нарса уларни тўхтата олмайди. Лебоннинг таъбири билан айтганда, омма - бир лаҳзалик руҳий тўлқинларда яшайди.
Оммада мантиқ ўрнини рамзлар, образлар, шиорлар эгаллайди. Агар бир фикр содда ва таъсирли айтилса, омма унга ишонади. Бу вақтда қанчалик чуқур мантиқий далиллар келтирилмасин, оммага таъсир ўтказмайди. Шунинг учун сиёсатда, бизнесда ва ҳатто динга оид масалаларда ҳам оммани бошқарувчи асосий куч - ҳис-туйғулардир.
Одамлар лидерга муҳтож
Муаллифга кўра, Лидер - бу доно ёки буюк инсон эмас. У оммадаги яширин ҳиссиётларни уйғотиб бера оладиган одам.
Бу китобда лидерлар оммани қандай бошқариши ҳақида жуда қизиқ маълумотлар бор.
Такрорлаш, яъни бир фикрни қайта-қайта айтиш. Охири омма у фикрни “ҳақиқат” деб қабул қилади. Биз такрорланган нарсанинг келиб чиқиш тарихини унутиб юборамиз ва унга кўр-кўрона ишона бошлаймиз.
Таъсир ўтказиш. Демак, қатъият билан гапириш, ишончли нутқ ва кучли образ бўлса кифоя.
Лидер доимо шубҳаларсиз гапиради. “Менимча”, “балки” десангиз одамлар ишонишмайди.
Символлар – байроқ, рамз ва баландпарвоз шиорлар… Омма мана шу белгилар орқали ҳаракатга келади.
Оммани бошқаришнинг энг кучли ва энг хавфли қуроли - ҳиссиётдир. Чунки омма мантиқни эшитмайди, у фактларни таҳлил қилмайди, балки руҳий тўлқинлар орқали ҳаракат қилади. Шунинг учун раҳбарлар ва ҳукуматлар оммани ишонтиришда ақлга эмас, қўрқув, умид, ғурур, ғазаб каби кучли туйғуларга таянади. Қачонки оммада бир ҳиссиёт уйғотилса, у алоҳида фикрлашни йўқотади ва ўзини эмас, оммани ҳис қилади. Битта кучли эҳтирос миллионта мантиқий далилни енгиб ўта олади. Шу жиҳатдан, ҳиссиёт - омма онгининг дарвозаси, унга эгалик қилган одам эса омманинг қадамини белгилайдиган қудрат соҳиби ҳисобланади.
Айнан мана шундай бошқарувда мантиқ, адолат, ҳақиқат, деган нарсалар “инсоф қилиб” чеккага чиқиб туради. Омма ўзи томоша қилаётган спектакл таъсирига тушиб қолади.
Сиз ҳам омманинг бир вакилисиз
“Омма психологияси” 1895 йилда ёзилган бўлса ҳам, гўё кеча чоп этилгандек. Чунки сиёсий тарғиботлар, ижтимоий тармоқлардаги хайп, пиар, популизм, рекламалар... Буларнинг барчаси Лебон айтган қоидалар билан бирдай ишлайди.
Унинг назариясига кўра, бир кишини алдаш қийин, бир миллион одамни алдаш эса осон.
Бу фикрни ўқиб ҳар бир китобхон ўз жамиятига, медиага, тармоқлардаги вирусли видеоларга, кенг тарқалган фикрларга бошқача қараб қўяди. Наҳотки, биз, сиз ҳам омма бўлсангиз? Одамга алам қиладие, шунча ўқисанг, устингда ишласанг-у, сен ҳам омманинг бир вакили ўлароқ улкан оқимда оқиб кетаверсанг.
Хулоса
Бу асар сизга кучи бор одамлар эмас, оммани тушунган инсонлар жамиятни бошқара олишини англатади. Нега баъзи раҳбарлар тезда машҳур бўлади? Нега одамлар мантиққа зид қарорларни қўллаб-қувватлайди? Нега омма баъзан қирғинга, баъзан эса қаҳрамонликка мойил бўлади? Жавоб - мана шу китобда!
Шунинг учун бу китобни ўқиган одам энди омманинг қичқириқларига шунчаки қўшилиб кетмайди. Балки бир лаҳза нафас ростлаб, кўзни хира қилган тўлқинлар ортидаги ҳақиқий қудратни излайди.
Исомиддин Пўлатов
Мавзуга оид
17:30 / 28.03.2026
Одамзодни “мукаммаллаштириш” орзуси қандай якунланди? | 5 дақиқа
16:45 / 14.03.2026
Икки аср аввал огоҳлантирилган хавф: орзуларни умрингиз эвазига сотиб оласиз / 5 дақиқа
11:30 / 07.03.2026
Дунёнинг навбатдаги жароҳати — урушлар барчани мағлуб қилади / 5 дақиқа
16:30 / 28.02.2026