Ўзбекистон | 17:30
852
5 дақиқада ўқилади

Одамзодни “мукаммаллаштириш” орзуси қандай якунланди? | 5 дақиқа

Агар инсонга қўйиб берилса, у самоларда учишни, денгизларда сузишни, яна кўп-кўп нарсаларни хоҳлайди. Бу истаклар илм тилига таржима қилинганда, инсонни номукаммал яратиққа айлантириб қўяди. Ваҳоланки, инсоннинг яралиши Яратгувчининг қўлида ва У шундай бўлишини хоҳлаган. Бироқ илмий кашфиёт эгалари ҳамиша одамзодни ўзгартириш, кучлироқ қилиш истагида бўлишган. Александр Беляевнинг “Амфибия одам” романи айнан шу мавзу атрофида баҳс юритади.

Асар воқеалари илиқ денгиз соҳилларида, одамлар ва табиат ўртасидаги нозик чизиқ бузилаётган бир маконда кечади. Бош қаҳрамон - Ихтиандр. У сиз-у биздан фарқ қилади, яъни сув остида яшай оладиган, жабралар орқали нафас оладиган “амфибия одам”. У инсон ақлининг табиат устидан ҳукмронлик қилишга уринишининг маҳсули. Уни доктор Сальватор исмли олим яратади ва табиатни тўлиқ англаш орқали уни ўзгартириш мумкин, деб ҳисоблайди.

Сальватор ўзини нажоткор деб ҳисоблайди. У болани ўлимдан қутқаради, унга янги ҳаёт бердим, деб ҳисоблайди. Бироқ олим бир нарсани унутади - инсон фақат биологик мавжудот эмас. У жамиятнинг бир бўлаги. Ихтиандр эса жамиятга сиғмайди, икки дунё ўртасида қолиб кетади. У денгизда эркин ҳаракатланса-да, қуруқликка чиққан заҳоти нафақат жисмонан, балки руҳан нафас олишда қийналади.

Йигитнинг ҳаётини Гуттиэре исмли бир соҳибжамол бутунлай ўзгартириб юборади. Муҳаббат сабаб Ихтиандр илк бор ўзини инсон деб ҳис қила бошлайди. Лекин муҳаббат Ихтиандрни қутқармайди. Аксинча, ҳалокатга етаклайди. Чунки бу муҳаббат жамиятнинг қонунларига тўғри келмасди. Гуттиэре оддий инсон, у жамият доирасида яшашга мажбур. Ихтиандр эса бу доирадан ташқарида. Уларнинг муносабатини икки оламнинг тўқнашуви, дейиш мумкин эди. Беляев муҳаббатни идеаллаштирмайди, аксинча, ожиз қилиб кўрсатади, муҳаббат жамиятга қарши кураша олмайди.

Асарда инсонларнинг очкўзлик йўлидаги ҳаракатларига алоҳида эътибор берилган. Ихтиандрнинг ноёблиги кимлар учундир бойлик манбаига айланади. Одамлар уни қўлга олиш, фойдаланиш, пул топиш воситаси сифатида кўришади. Шу ўринда инсоннинг ҳақиқий қиёфаси очилади: у нафқат табиатни, балки бир-бирини ҳам истеъмол қиладиган мавжудот.

Сальваторнинг мақсади жуда баҳсли. У илм орқали инсон имкониятларини кенгайтиришни истайди. Лекин унинг яратган нарсаси оқибат мукаммал бўлиб чиқмайди. Балки янада кўпроқ азобга маҳкум қилинган мавжудот бўлиб қолади. Бу ерда ёзувчи жуда нозик фикрни илгари суради: инсон табиатан номукаммал, лекин уни сунъий равишда “мукаммаллаштириш”га уриниш янада катта номукаммалликни келтириб чиқаради.

Аввал ҳам бир ўринда айтган эдик. Одамлар ўзи қабул қила олмаган ҳар қандай “бошқача” инсонларни йўқ қилишга тайёр. Ихтиандрнинг айби бошқача эди. У ёмон эмасди, хавфли эмасди. Фақат жамият стандартларига тўғри келмасди.

Асарда табиат ва инсон муносабатлари ҳақида чуқур мулоҳазалар ўртага ташланган. Денгиз - эркинликка қиёсланади. У ерда Ихтиандр ўзини тўлиқ, бутун ҳис қилади. Қуруқлик эса чекловлар, қонунлар ва сунъийлик макони. Ёзувчи шу орқали ҳақиқий ҳаёт қаерда - табиат қўйнидами ёки цивилизация ичидами, деган саволни кўнглингизга солиб қўяди. Ва яна бир гап, инсон цивилизация орқали ривожланяптими ёки ўзини йўқотяптими?

Аслида ҳам шу, инсонни ўзгартиришдан олдин, жамиятни ўзгартириш лозим. Акс ҳолда ҳар қандай “янги инсон” эски муаммолар ичида йўқолиб кетаверади. Илм қанчалик тараққий этмасин, агар инсоният ўзгармаса, натижа ҳамиша нолга тенг бўлиб қолаверади.

Хулоса

Доктор Сальваторни суд қилишади. Худонинг ишларига аралашма, дейишади. Бироқ ҳамма унинг ишларига аралашиш билан оввора бўлган жамиятда бу айбловларнинг ўзи кулгили эди.

Асарда докторнинг жуда кучли сўнг сўзи бор. Дўстимиз Ихтиандрнинг тақдири ҳам мавҳум эмас, мободо бу асар ҳақида кўрган филмингизда ҳаммасини айтишган, деб ўйласангиз, адашасиз. Хуллас, буларнинг ҳаммасини ўзингиз ўқиб оласиз, деб ишонаман.

Исомиддин Пулатов
Тайёрлаган Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид