Жамият | 16:45
2108
5 дақиқада ўқилади

Икки аср аввал огоҳлантирилган хавф: орзуларни умрингиз эвазига сотиб оласиз / 5 дақиқа

Дунёда ҳар бир истакнинг баҳоси, бадали бўлиши ҳақида эшитганмисиз? Айтайлик, хоҳишларингиз эвазига умрингиз қисқариб бориши ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Оноре де Балзакнинг “Сағри тери тилсими” романи мана шундай саволларга жавоб беради. Асар инсон табиати, орзу, нафс ва ҳаёт қиймати ҳақида баҳс юритади. “5 дақиқа”нинг бугунги сонида биз орзулар бадали, инсоннинг чегара билмас истаклари тўғрисида гаплашамиз.

“Сағри тери тилсими”нинг асосий қаҳрамонларидан бири Рафаэл де Валентен исмли ёш йигит. У аслзода табақага мансуб, ўқимишли, орзуларга берилган, таъсирчан инсон. Лекин орзунинг катталиги ҳамма вақт ҳам инсонни қутқармайди. Рафаэл ҳаётда ўзи истаган мавқега эриша олмайди, молиявий қийинчиликларга ботади, руҳан синади ва охир-оқибат ҳаётдан бутунлай кўнгли совийди.

Шундай руҳий тушкунлик пайтида Рафаэл Париждаги антиқа буюмлар дўконига кириб қолади. Дўкон эгаси йигитга сеҳрли хусусиятга эга бўлган сағри терисини кўрсатади. Бу тери ғоят ғайриоддий кучга эга бўлиб, у ҳар қандай истакни амалга оширади. Лекин бу мукофот текинга берилмайди. Ҳар бир бажарилган истак билан тери бироз кичраяди, тери кичрайган сари истак эгасининг ҳам умри қисқаради.

Тери — шунчаки сеҳрли нарса эмас. У инсон ҳаёти, вақти, қуввати ва тақдирининг рамзига айланади. Рафаэл бошида бу огоҳлантиришни жиддий қабул қилмайди. Чунки умидсиз, қашшоқ ва руҳан синган одам учун тез бойиш, тезроқ бахтли бўлиш имконияти ўлим хавфидан ҳам кучлироқ туюлади. Шунинг учун у терини қабул қилади ва истак билдиришни бошлайди.

***

Рафаэлнинг истаклари асосан бойлик, мавқе, ҳузур-ҳаловат ва муҳаббат атрофида айланади. У қашшоқликдан қутулишни, жамиятда танилишни, ҳаётнинг лаззатларини татиб кўришни хоҳлайди. Унинг ҳаёти бир лаҳзада ўзгаради: кечагина ҳеч ким бўлмаган йигит бирдан имкониятлар, пул ва таъсир доирасига кириб боради.

Бироқ Рафаэл ҳар гал тери кичрайганини кўрганида, ўзи ҳам ўлимга яқинлашаётганини ҳис қилади. Шундай қилиб, орзу инсонни қутқарувчи кучдан ҳалокат қуролига айланади.

Рафаэл маълум бир нуқтадан кейин истак қилишдан қўрқа бошлайди. У ҳаётдан роҳат олиш ўрнига, ҳар бир қадамда ўз умрининг қолган қисмини ҳисоблаб яшайди. Ҳатто қалбида туғилган табиий хоҳиш ҳам уни даҳшатга сола бошлайди. Чунки у биладики, истак бу фақат хоҳиш эмас, балки умрдан узилган бир бўлакдир.

Йигитнинг ҳаётида турли аёл образлари орқали икки хил олам намоён бўлади. Бир томонда ташқи гўзаллик, ҳавойи ҳавас, жамиятнинг ялтироқ, аммо ичи бўш муҳити туради. Иккинчи томонда эса самимият, қалб поклиги, инсонга инсон сифатида меҳр қўя олиш қобилияти намоён бўлади. Балзак шу орқали инсонни ҳалокатга олиб борадиган фақат пул ёки ҳирс эмаслигини, баъзан нотўғри танланган муҳаббат ва сохта ҳиссиётлар ҳам уни ботқоққа тортииши мумкинлигини кўрсатади.

“Сағри тери тилсими”ни очиғи, кўпчилигимиз орзу қилиб кўрганмиз. Қанийди орзуларни рўёбга чиқарувчи бир куч бўлса-ю, барча истакларингга эриша қолсанг. Бироқ истаклар янги истакларни чақиради, инсон тўхташни унутиб қўяди.

Бугун ҳам кўпчилигимиз тез бойишни, танилишни, муваффақиятга эришишни истаймиз. Ижтимоий тармоқлар, реклама, доимий рақобат одамни шундай кайфиятга соладики, у гўё бир умр орзуларни амалга ошириш учун югуриши керакдек. Пул, нуфуз, қулайлик, эътибор — буларнинг бари замонавий инсониятнинг янги сағри терисига айланган.

Рафаэл терини катталаштириш ёки унинг таъсирини йўқ қилиш учун турли йўлларни қидиради. Аммо ҳеч ким бу сирли кучни енголмайди. Инсон тақдирида шундай чегаралар борки, уларни бойлик, илм ва ҳокимият билан ҳам енгиб бўлмайди.

Дарҳақиқат, инсоннинг ҳақиқий муаммоси имконият йўқлигида эмас, балки мавжуд имкониятни қандай ишлатишида. Агар орзу ҳаётдан устун қўйилса, орзу ҳалокатга айланади. Агар нафс ақлдан устун келса, инсон ўз қўли билан ўзини йўқ қилади.

Исомиддин Пулатов
Тайёрлаган Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид