Жамият | 16:30
1258
5 дақиқада ўқилади

Ўз келажаги – болаларини "истеъмол" қилаётган жамият юзини очмоқда / 5 дақиқа

Сўнгги бир неча ҳафта давомида Эпштейн можароси дунё жамоатчилигини ўз домига тортди. Яширин олам ҳақида кўплаб маълумотлар юзага чиқмоқда. Замонавий жаҳон адабиёти вакили Мо Яннинг “Мусаллас мамлакати” романи ҳам бизга шундай расво дунё ҳақида хабар беради. Бугун “5 дақиқа”да каннибализм, яъни одам гўшти, аниқроғи, ўз болаларини тановул қилаётган жамият ҳақида гаплашамиз.

Асарда ҳамма нарса аниқ вазифадан бошланади: прокуратура терговчиси Динг Гоуэрга махфий тизимни фош этиш топшириғи берилади. Гўёки провенцияда одамнинг ақлига сиғмайдиган ишлар бўляпти, дейилади. У ерда болалар гўштидан таом тайёрланиб, зиёфатларда едирилаётгани ҳақида айтилади.

Динг Гоуэр “Мусаллас мамлакати” томон кетаркан, кўмир ташувчи юк машинасида ғадир-будур йўллардан чайқалиб боради. Уни бошқараётган ёш ҳайдовчи қиз билан ўртасида ҳазил, ҳақорат, шаҳвоний лавҳалар юзага келади. Бу саҳна терговчининг ички заиф нуқтасини илк лаҳзалардаёқ очиб беради: терговчи қатъиятли давлат ходими бўлиши керак, аммо у ҳам танаси, истаги, кайфияти билан яшайдиган одам.

Динг Гоуэрга хушомад ва зиёфатлар таклиф қилинади. Терговчини кутиб олган посбонлар унинг олдига мусаллас қўйишади, кейин яна мусаллас. Бу ичириш шунчаки зиёфат эмас, назорат усули эди. Терговчининг онги лойқалаша боргани сайин, савол бериш қийинлашади. У муҳитга мослаштирилади.

Ниҳоят, Динг Гоуэр кон директори ва партия қўмитаси котиби билан юзма-юз туради. Муаллиф уларни атайлаб бир хил қилиб тасвирлайди. Иккаласи ҳам эллик ёшлар атрофида, қорин қўйган, истарали, қўл бериш меъёри ҳам жуда силлиқ. Улар ҳатто эгизакдек кўринади. Бу образ ўқувчига муҳим сигнални беради: бу жойда шахслар алмашиб туради, бироқ тизимнинг юзи ўзгармайди. Динг Гоуэр ким билан гаплашаётганини аниқ ажрата олмаслиги – терговнинг келажакда қандай қийинлашишидан дарак берарди.

Директор ва котиб терговчини “ўз одами” қилиб олишга ҳаракат қилади. Бу ерда шантаж ҳам, таҳдид ҳам шарт эмас. Улар уни қадаҳ кўтаришга чақиришади, “биз бир оиламиз” деган илтифот билан қонун эмас, “қариндошчилик” туйғусини ишга солишади. Қаршилик қилиш қўполликка айлантирилади, рози бўлиш – адолатдан узоқлаштиради. Мо Ян шу тарзда жамиятдаги энг хавфли усулни кўрсатади: одамни бузиш учун уни синдириш шарт эмас, унга хушомад қилиб, эркалатиб ҳам енгиш мумкин.

Маст бўлган терговчи ўзи нафратланиб турган жамият ва одамларнинг бирига айланиб бораверади.

Ҳушини деярли йўқотган терговчининг олдига дўмбоққина болакайни олиб келишади. Бу инсон эмас, фақат инсон шаклидаги таом, бошқа масаллиқлардан тайёрланган, деб ишонтиришади. Терговчи ҳар сафар бундай деталлар билан тўқнаш келганида ўзининг асл мақсади - адолатни эслаб қолади. Бироқ яна бир қадам ортга ташлашга, ўзлигини йўқотишга мажбур бўлаверади. Уларга қўшилиб ўша таомни истъемол қилади.

Бола гўшти шу ерда рамзга айланади. У тўғридан тўғри ошхонадаги таом эмас, балки жамиятнинг келажагига ишора эди. Бола – эртанги кун. Агар тизим манфаат учун ҳар нарсани қурбон қилаверса, у эртани ҳам қурбон қилади. Мусаллас жамиятдаги унуттириш воситасига айланади. Мусаллас бор жойда хотира заифлашади, уят сусаяди, масъулият унутилади. Шунинг учун Динг Гоуэрнинг тергови ҳам, унинг ички дунёси ҳам аста-секин парчаланиб боради.

Мо Ян романда ҳамма сирларни сизга очиб бермайди, айрим эшиклар ёпиқ қолади, калитни ўзингиз излайсиз. Чунки асарда бундай расво ишларнинг ким томонидан қилинаётгани, нега бу ҳолатлар содир бўлаётгани муҳим. Агар жамиятда инсон қадри арзонлашса, агар манфаат ахлоқдан устун келса, унда даҳшат фақат миш-миш эмас, ҳақиқатга айланади.

***

Мо Ян шу мазмундаги асарлари учун Нобел мукофотига лойиқ кўрилган. Хусусан, “Мусаллас мамлакати” ҳам гўдаклар ва ёш қизларни қурбонликка тайёрлаган эпштейнлар жамиятининг қандай барпо бўлиши ҳақидаги аччиқ маълумотларни беради.

Исомиддин Пулатов
Муаллиф Исомиддин Пулатов

Мавзуга оид