Жамият | 19:37 / 04.06.2026
10250
9 дақиқада ўқилади

Қашқадарёлик эшак гўшти савдогари: у уч ойда икки бор судланди

44 ёшли эркак Қарши туманидаги хонадонида эшак сўйиб, гўштини турли бозорларда сотиб келган. Унинг хонадонидан 247 кг истеъмолга яроқсиз гўшт ва қарийб 100 та эшак териси топилган. 2026 йил феврал ойида ҳам эшак гўшти сабаб судланиб, озодлиги чекланган эркакка судя “марҳамат кўрсатиб” яна шу турдаги жазони тайинлади.

Қашқадарёда эшак сўйиб сотиш билан шуғулланиб келган шахс жиноий жазога тортилди. У 3 ойда иккинчи бор шундай қилмиши учун судланди. Суднинг унга нисбатан тайинлаган жазоси эса бироз баҳсли.

Хонадондаги кушхона

1982 йилда туғилган И.Х. Қашқадарё вилоятининг турли ҳудудларидан эшакларни сотиб олиб, уларни Қарши туманидаги хонадонида сўйган. Гўштини эса турли бозорларда сотиб келган.  

Суд ҳужжатига кўра, И.Х. умумий ҳисобда 5 марта судланган. Шундан биттаси ўғрилик, яна биттаси босқинчилик бўлса, учтаси Жиноят кодексининг 186-моддаси, яъни хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш жиноятига алоқадор.

И.Х. 2026 йилнинг ўзида икки марта эшак гўшти сабаб судланган.

1-ҳолат

2025 йил 22 октябр куни Қашқадарё вилояти ИИБ ва Қарши тумани ИИБ ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда И.Х.нинг яшаш хонадонидан истеъмолга яроқсиз бўлган 61 кг гўшт, 112 та эшак териси ва 15 та эшак қовурғалари топилган. 

Қўзғатилган жиноят иши ЖИБ Касби туман судида кўриб чиқилган. Ушбу суднинг 2026 йил 20 февралдаги ҳукми билан И.Х. Жиноят кодексининг 186-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбли деб топилган. Унга 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

2-ҳолат

2025 йил 28 декабрда ички ишлар ходимлари И.Х.нинг хонадонида яна тезкор-тадбир ўтказган. Бу сафар истеъмолга яроқсиз 247 кг гўшт, эшак суяклари ва 99 та тери топилган.

Айни шу куни Қарши туманининг Пахтазор маҳалласидаги мол бозорида гўшт сотиш билан шуғулланиб келган фуқаро Ю.А.дан (аёл киши) 127 кг эшак гўшти расмийлаштириб олинган. У ушбу гўштни И.Х.дан килосини 60 минг сўмдан сотиб олган бўлган.

Ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши ЖИБ Қарши туман судида кўриб чиқилган. Ушбу суднинг 2026 йил 13 майдаги ҳукми билан И.Х.га Жиноят кодексининг 186-моддаси 2-қисми “в” банди бўйича 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Феврал ойидаги суд ҳукми билан тайинланган жазонинг ўталмай қолган қисмини қисман қўшиш орқали жазо муддати 3 йил 25 кунга келтирилган.

Мазкур жиноят иши бўйича Ю.А. ҳам судланган бўлиб, у Жиноят кодексининг 186-моддаси 1-қисми билан 1,5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига тортилган. 

“Хотиним касал”

И.Х. судда айбига қисман иқрор бўлган ва хаста турмуш ўртоғини даволатиш учун шу ишга қўл урганини айтган.

2025 йил август ойида ҳовлимнинг тўридан молхона қурдим. Сўнг Сурхондарёга бориб, бир кишидан пулини бўлиб тўлаш шарти билан 75 млн сўмга Ford машинасини сотиб олдим.

Ушбу машинада Косон ва Қамаши туманларидаги мол бозорларига бориб, ҳар сафар 6-7 та эшак олиб келдим. Кейин уларни сўйиб, гўштини Тошкент шаҳрига қатновчи ҳайдовчилар билан келишган ҳолда Чорсу бозорига олиб бориб, ит боқувчи шахсларга сотиб келдим.

Ford машинасини 2025 йил охирида сотиб юбордим. Сўйилган эшакларнинг тери ва ичакларини Тошкент йўлида жойлашган Қўнғиртоғ атрофидаги чиқиндихонага олиб бориб ташладим.

Турмуш ўртоғим мия саратони касаллигига чалинган. Уни ҳар ой даволатиш учун кўп пул керак бўлди. Шу сабабли бу ишларни қилганман”, деган И.Х. кўрсатмасида.

У қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини айтиб, суддан енгиллик сўраган. 

“Қозоғистонники деди” 

Ю.А. Қарши туманидаги молбозорда калла-поча ва гўшт сотиб келган. У судда тезкор тадбирда топилган эшак гўштини И.Х.дан сотиб олганини билдирган.

Ўша куни мол бозорига чиққанимда олдиндан таниш бўлмаган шахс келиб, “бу гўшт Қозоғистонники, ҳалол гўшт, 60 минг сўмдан сотаман”, деди. Ундан аввал ҳам 20-30 кг гўшт сотиб олганим сабабли бу сафар янги йил олди сотишни мақсад қилиб, йиғиб қўйган пулимга килосини 60 минг сўмдан 100 кг гўшт сотиб олдим”, деган аёл ўз кўрсатмасида.

У И.Х. билан олдиндан жиноий тил бириктирмаганини айтган. 

“Ҳафтада 2 марта Тошкентда сотиб келарди”

Судда гувоҳ сифатида И.Х.нинг турмуш ўртоғи ҳам сўралган. У ўз кўрсатмасида шундай деган:

2023 йилда мия саратони касаллигига чалиниб қолдим. Бундан ташқари, Қарши шаҳрида яшовчи қайнотамнинг ҳам юрак касаллиги бор. 2024 йил Қарши тумани Ғубдин маҳалласига кўчиб келдик. Турмуш ўртоғим мени ва қайнотамни даволатиш учун ҳовлига молхона қурди. Сўнгра вилоятнинг турли туманларидан эшак олиб келиб, шу молхонада сўйган ҳолда гўштини ҳафтада 2 марта Тошкент шаҳрига олиб бориб, сотиб кела бошлади. Уларни кимларга сотаётганини сўрамаганман”.

Жазо баҳсли

ЖИБ Қарши туман судининг И.Х.га нисбатан тайинлаган жазоси бироз баҳсли.

И.Х.нинг қилмиши такрор содир этилгани сабабли Жиноят кодексининг 186-моддаси 2-қисми “в” банди билан малакаланган. Суд унга ушбу модда бўйича 3 йил озодликни чеклаш жазоси қўллаган.

Жиноят кодексига кўра, ушбу модда учун БҲМнинг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилиши назарда тутилган. Аммо феврал ойида айни шундай қилмиши учун жазога тортилганига қарамай, орадан 3 ой ўтиб яна жиноятга қўл урган судланувчи бу сафар ҳам очиқда қолдирилган.

Ҳукмда келтирилишича, суд И.Х.га жазо тури ва миқдорини белгилашда унинг “айбига иқрор ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, турмуш ўртоғи оғир касалликка чалингани, оилавий аҳволини” жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топган. Жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар эса эътироф этилмаган, яъни топилмаган.

И.Х. 3 ой аввал ҳам эшак гўшти сабаб судланганида “айбига иқрор ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон” бўлган. 

Шунингдек, И.Х. турмуш ўртоғини даволатиш мақсадида пул зарурлиги сабаб шу ишга қўл урганини айтган. Лекин унинг суддаги кўрсатмасида “2025 йил 28 декабр куни соат 7:00 ларда ўзига тегишли бўлган Malibu машинасида Қарши туманидаги мол бозорига янги йил байрамида сўйиб ейиш учун қўзичоқ олгани чиққани” ҳақида гап бор. Бу И.Х. аёлини даволатиш учун Malibu машинасини сотиб ишлатишдек иқтисодий имкониятга эга бўлганини англатади.

Бироқ у Malibu’сини эмас, истеъмолга яроқсиз эшак гўштини алдаб сотишни афзал билган ҳамда бу орқали одамлар соғлиғи ва ҳаётини хавф остига қўйган. 

Ҳукмнинг муҳим нуқтаси яширилган

И.Х.га нисбатан чиқарилган суд ҳукми Олий суднинг интерактив хизматлари порталида эълон қилинган. Аммо унинг асосий қисми негадир яшириб қўйилган.

Сурат 01

Эшак сўйиб сотиш билан боғлиқ жиноят ишлари олдин ҳам бўлган. Масалан, ўтган йили 47 ёшли эркак Тошкент вилоятининг Пискент ва Ўрта Чирчиқ туманлари ҳудудида маҳаллий аҳолидан 100-200 минг сўмга эшак сотиб олиб, гўштини Паркентдаги сомсапазнинг ўғлига пуллаб келгани учун судланганди. У Жиноят кодексининг 186-моддаси 2-қисми “б, в” бандлари бўйича айбли деб топилган. 3 нафар вояга етмаган фарзанди бўлган, муқаддам судланмаган эркакка Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланган ҳолатда 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид