44 ёшли эркак Қарши туманидаги хонадонида эшак сўйиб, гўштини турли бозорларда сотиб келган. Унинг хонадонидан 247 кг истеъмолга яроқсиз гўшт ва қарийб 100 та эшак териси топилган. 2026 йил феврал ойида ҳам эшак гўшти сабаб судланиб, озодлиги чекланган эркакка судя “марҳамат кўрсатиб” яна шу турдаги жазони тайинлади.

Қашқадарёда эшак сўйиб сотиш билан шуғулланиб келган шахс жиноий жазога тортилди. У 3 ойда иккинчи бор шундай қилмиши учун судланди. Суднинг унга нисбатан тайинлаган жазоси эса бироз баҳсли.

Хонадондаги кушхона

1982 йилда туғилган И.Х. Қашқадарё вилоятининг турли ҳудудларидан эшакларни сотиб олиб, уларни Қарши туманидаги хонадонида сўйган. Гўштини эса турли бозорларда сотиб келган.  

Суд ҳужжатига кўра, И.Х. умумий ҳисобда 5 марта судланган. Шундан биттаси ўғрилик, яна биттаси босқинчилик бўлса, учтаси Жиноят кодексининг 186-моддаси, яъни хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш жиноятига алоқадор.

И.Х. 2026 йилнинг ўзида икки марта эшак гўшти сабаб судланган.

1-ҳолат

2025 йил 22 октябр куни Қашқадарё вилояти ИИБ ва Қарши тумани ИИБ ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда И.Х.нинг яшаш хонадонидан истеъмолга яроқсиз бўлган 61 кг гўшт, 112 та эшак териси ва 15 та эшак қовурғалари топилган. 

Қўзғатилган жиноят иши ЖИБ Касби туман судида кўриб чиқилган. Ушбу суднинг 2026 йил 20 февралдаги ҳукми билан И.Х. Жиноят кодексининг 186-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбли деб топилган. Унга 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

2-ҳолат

2025 йил 28 декабрда ички ишлар ходимлари И.Х.нинг хонадонида яна тезкор-тадбир ўтказган. Бу сафар истеъмолга яроқсиз 247 кг гўшт, эшак суяклари ва 99 та тери топилган.

Айни шу куни Қарши туманининг Пахтазор маҳалласидаги мол бозорида гўшт сотиш билан шуғулланиб келган фуқаро Ю.А.дан (аёл киши) 127 кг эшак гўшти расмийлаштириб олинган. У ушбу гўштни И.Х.дан килосини 60 минг сўмдан сотиб олган бўлган.

Ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши ЖИБ Қарши туман судида кўриб чиқилган. Ушбу суднинг 2026 йил 13 майдаги ҳукми билан И.Х.га Жиноят кодексининг 186-моддаси 2-қисми “в” банди бўйича 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Феврал ойидаги суд ҳукми билан тайинланган жазонинг ўталмай қолган қисмини қисман қўшиш орқали жазо муддати 3 йил 25 кунга келтирилган.