Ўзбекистон | 19:20 / 14.11.2017
37943
2 дақиқада ўқилади

Шеробод тумани ҳокими лавозимдан озод этилди

13 ноябрь куни халқ депутатлари Шеробод туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўрилди. 

Сессияда Сурхондарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этди ва туманда қўлга киритилаётган ютуқлар билан бир қаторда айрим камчиликлар ҳам учраб турганини қайд этди. У жорий йилнинг 9 ойи давомида фуқаролардан тушган мурожаатларнинг аксарияти, яъни 80 фоизи фақатгина тушунтиришлар бериш билан чегаралангани, тумандаги мутасадди идораларда мурожаатлар билан ишлаш, масалани ҳал этиш қониқарсиз аҳволда эканини айтиб ўтди. 

Шунингдек, аҳолининг коммунал тўловлардан қарздорлиги юқори даражада сақланиб қолаётгани, ички йўлларни таъмирлаш, туманнинг экспорт салоҳияти паст аҳволда экани, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, қишлоқ хўжалигида агротехник тадбирларнинг ўз вақтида олиб борилмаётгани туман иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди. 

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати берган хабарга кўра, сессия кун тартибида туман ҳокими вазифасида ишлаб келаётган Абдулҳаким Эшмуратов лавозимидан озод этилди. 

Туман фаоллари, депутатлар, сиёсий партиялар вакилларининг таклиф ва мулоҳазалари инобатга олиниб, туман ҳокими лавозимига шу кунга қадар Сурхондарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган Ўрол Абрайқулович Бобоқулов туман ҳокими лавозимига тасдиқланди.

Бундан аввалроқ «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти бош директори Яшин Соҳибович Хидиров лавозимдан олиниб, Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманига ҳокимнинг ижтимоий-иқтисодий ишлар бўйича ўринбосари этиб тайинлангани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид