12:57 / 09.11.2022
17510

Financial Times: Ўзбекистон ЕИдан Алишер Усмоновга қўйилган санкцияларни бекор қилишни сўрамоқда

Ўзбекистон томони Алишер Усмоновга нисбатан санкциялар миллиардернинг Ўзбекистонга сармоя киритишига тўсқинлик қилаётганини айтмоқда. ОАВ маълумотига кўра, агар Европа Иттифоқи санкцияларни олиб ташлашни рад этса, Ўзбекистон Усмоновга ҳуқуқий ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.

© Alexei Druzhinin/Sputnik/Kremlin Pool Photo/AP

Financial Times нашри Ўзбекистон Европа Иттифоқини Алишер Усмонов ва унинг синглисига нисбатан санкцияларни бекор қилиш учун лобби қилаётгани ҳақида ёзмоқда.

«Усмонов феврал ойида Владимир Путин Украинага бостириб кирганидан сўнг Европа Иттифоқи санкциясига учраган 26 нафар россияликдан бири бўлди. Иттифоқ уни Россия президентининг «севимли олигархларидан» бири деб атаган. Унинг синглиси Гулбаҳор Исмоилова ҳам Усмоновнинг 600 миллион долларлик «Дилбар» яхтаси каби айрим мол-мулкларининг қонуний эгаси бўлганлиги сабабли санкцияга тушган», – деб ёзди нашр.

Ўзаро муҳокамалардан хабардор бўлган икки манбанинг айтишича, Ўзбекистон расмийлари Европа Иттифоқи билан сўнгги учрашувларда санкциялар юзасидан хавотирларини билдирган. Агар Европа Иттифоқи чекловларни олиб ташлаш талабларини рад этса, Ўзбекистон Усмоновга ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини айтган.

«Тошкент миллиардерга қарши санкциялар, жумладан активларини музлатиш ва саёҳатни тақиқлаш Усмонов туғилиб ўсган Ўзбекистонга сармоя киритиш имкониятини чеклаётганини таъкидламоқда», – деб ёзди нашр.

Путин босқинидан олдин унинг 20 млрд долларга яқин бойлиги бўлган.

Усмоновнинг матбуот котиби «Биз Ўзбекистон ҳукуматининг хатти-ҳаракатларини изоҳлай олмаймиз, аммо санкциялар ҳақиқатан ҳам сармоявий ва хайрия лойиҳаларига тўсқинлик қилмоқда», дея жавоб берган нашр сўровига.

Европа Иттифоқининг Усмоновга санкциялари

УСМ ҳолдинг асосчиси, келиб чиқиши ўзбек бўлган рус миллиардери Алишер Усмонов Путин босқинидан сўнг Европа Иттифоқининг «қора рўйхат»идан жой олди.

Европа Иттифоқи Усмоновни молиявий оқимларни сақлаш ишониб топширилган россиялик ишбилармон-мансабдор шахслар орасида Путиннинг «энг севимли олигархи» деб таърифлаган. Бу «мавқе»ни ким эгаллаши Путиннинг хоҳиш-истакларига боғлиқ. Усмонов бизнес муаммоларини ҳал қилишда Путиндан ёрдам олиб келишда гумонланади.

Усмонов темир рудаси ва пўлат ишлаб чиқариш, оммавий ахборот воситалари ва интернет компанияларида улушларга эга. Энг катта ҳолдинги – пўлат гиганти «Металлоинвест».

Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган миллиардер охирги йилларда Ўзбекистонда қатор лойиҳаларга ҳомийлик қилмоқда. Шунингдек, унга тегишли компаниялар сўнгги вақтларда «Капиталбанк» ва «Оҳангаронцемент» акциядорига айланди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойида Германия Усмоновнинг яхтасини хатловга олди. Миллиардер «Дилбар»ни 2016 йилда Лурссен кемасозлик компаниясидан 600 млн долларга сотиб олган.

Май ойида Алишер Усмонов Европа кенгашини судга берган эди. Усмонов Еврокенгашнинг унга нисбатан чеклов чоралари киритиш тўғрисидаги қарорини бекор қилишни ва суд ҳукмига қадар чеклов чоралари ижросини тўхтатиб туришни талаб қилганди.

Top