Жаҳон | 09:29
752
3 дақиқада ўқилади

Писториус: Россияга нисбатан санкцияларни юмшатиш мумкин эмас

Японияга ташрифи чоғида Германия мудофаа вазири Борис Писториус Эрондаги уруш фонида нефт нархлари ошиши орқали Россия фойда кўришига йўл қўймасликка чақирди.

Фото: David Mareuil/AP

Жаҳон энергетика бозоридаги кескин вазиятга қарамай, Россияга нисбатан жорий этилган санкцияларни юмшатиш мумкин эмас. Германия мудофаа вазири Борис Писториус 22 март, якшанба куни Японияга ташрифи давомида ана шундай фикр билдирди.

“Айни шу вазиятдан айнан Россия фойда кўришига йўл қўйиб бўлмайди”, — деб иқтибос келтиради Германия мудофаа вазири сўзларидан AFP агентлиги.

Шу тариқа, Писториус билвосита АҚШ президенти Доналд Трампнинг Эрондаги уруш ва у билан боғлиқ нефт нархлари ўсиши фонида Россияга нисбатан санкцияларни вақтинча юмшатиш қарорини танқид қилди. Бироқ у ўз чиқишида АҚШни тўғридан тўғри тилга олмади.

Шу билан бирга, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши ҳақида фикр билдирган Борис Писториус Ислом Республикасини жаҳон нефт ташувлари учун ниҳоятда муҳим бўлган Ҳўрмуз бўғозини зудлик билан блокада қилишни тўхтатишга чақирди.

“Денгиз йўллари эркин бўлиши керак, бу эркинликни тиклаш зарур”, — дея таъкидлади Германия мудофаа идораси раҳбари.

У, шунингдек, Берлин бу борада “қўшма саъй-ҳаракатлар”ни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини, аммо фақат ҳарбий ҳаракатлар тугаганидан кейинлигини яна бир бор таъкидлади.

“Биз бу урушга тортилишни истамаймиз”, — деди Писториус.

Шу билан бирга, у Германия ва Япониянинг ташқи сиёсат соҳасидаги ҳамкорлигини юқори баҳолади.

“Халқаро вазиятга қарашларимиз умумий”, — деди Писториус Япония мудофаа вазири Синдзиро Коидзуми билан Йокосука ҳарбий-денгиз базасидаги учрашув чоғида.

Германия вазирининг тушунтиришича, бу ҳам Украинадаги урушга, ҳам Яқин Шарқдаги вазиятга, шунингдек Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги ҳолатга тааллуқлидир.

Айни пайтда, Писториус Берлин ва Токио ўртасида мудофаа сиёсати ҳамда қуролланиш лойиҳалари бўйича ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тарафдори эканини ҳам билдирди.

“Бу ерда ҳар икки томон учун ҳам салоҳият бор ва биз ундан фойдаланиш ниятидамиз”, — деди у.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид