Ўзбекистон | 18:54 / 10.04.2026
3941
3 дақиқада ўқилади

SIM-карта ва банк картаси эгаси бир шахс бўлади: янги тизим қандай ишлайди?

Онлайн пул ўтказмалари ва рақамли ҳисобварақларда фирибгарликнинг олдини олувчи «телеком антифрод» тизими жорий этилиши ортидан энди телефон рақами ва банк картаси эгасининг бир шахс бўлишига оид талаб киритилмоқда.

Бу тизим қандай ишлайди? «Телеком антифрод» фуқароларни молиявий хатарлардан қай даражада ҳимоя қила олади? Унинг харажатлари кимнинг зиммасида бўлади? Kun.uz шу каби саволларга расмийлардан жавоб олди.

Ўзбекистонда молиявий хавфсизликни таъминлаш мақсадида «телеком антифрод» тизими жорий этилганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Ушбу тизим банк карталари, онлайн тўловлар ва рақамли ҳисобварақлардаги фирибгарлик ҳаракатларини реал вақт режимида аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган.

Тизим шубҳали транзакцияларни блоклаш орқали мижозлар маблағлари ҳамда бизнес хавфсизлигини ҳимоя қилиши айтилади. Хўш, бу тизим амалда қандай ишлайди? Фуқароларни киберфирибгарлардан қанчалик ҳимоя қила олади? Шу каби саволларга Телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази бўлим бошлиғи Азизбек Қаюмов жавоб берди.

«Телеком антифрод» тизими қандай ишлайди?

— «Телеком антифрод» тизими бу – банк мижозларига келган OTP кодларни ўзи орқали ўтказади ва хешлайди, кодлайди. Ушбу OTP кодларни бошқа мобил қурилмаларда киритишнинг олдини олади. Тизим ишга тушганидан бери 207 миллион операция амалга оширилган, бу операциядан 10 фоизи фирибгарлик аломатлари бор деб бизнинг тизим чиқариб берган. Таҳлил қилганимизда тизимда – ишлатаётган банк мобил иловаларда OTP, яъни ўша смс-код билан боғлиқ фирибгарликлар 90 фоизга камайган.

Ҳар бир тасдиқловчи смс учун тўлов кимнинг зиммасида бўлади?

— Бу тўлов тўлиқ банк зиммасига тушади. Яъни бундан олдин ҳам бу тўлов бўлган. Мижозларга OTP смс-кодлар келиб юрарди, банк олдин ҳам тўларди, ҳозир ҳам ўша тўловни қилади, яъни банкка ҳам қўшимча мажбурий тўлов бўлмайди.

22 апрелдан жорий этилаётган янги талаблар нимага хизмат қилади?

— 22 апрелдан бошлаб Марказий банк топшириғига биноан банклар ва тўлов ташкилотлари карталарни фуқароларнинг идентификация рақамлари билан боғлаши шарт. Бу талаб фирибгарлар бошқа бировнинг картасидан фойдаланиб пулларни ўғирлаб кетмаслиги учун қилинган.

«Телеком антифрод» хизмати учун тўловлар қандай ундирилади?

— Антифрод хизматлари учун ҳар бир банк иловасининг актив мижозидан ойига 150 сўм ечиб олади. Лекин бу пулни ҳам банк тўлайди, мижоз зиммасига тушмайди. Бу маблағ тизимни ривожлантириш, сервер жиҳозлари ва алоқа каналларини таъминлаш учун ишлатилади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид