Ўзбекистон | 13:28 / 30.07.2022
11987
6 дақиқада ўқилади

“Ёнғин доим кутилмаганда бошланади” — олов ичида 14 йил ишлаган ўт ўчирувчи

Нурали Наринбетов – ўт ўчирувчи, у 14 йилдан бери шу соҳада ишлаб келади. Бу вақт оралиғида соҳаси билан боғлиқ турли воқеа-ҳодисаларни бошдан кечирган, қийин ва қалтис вазиятларга тушган.

Дастлаб фаолиятини Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманига қарашли 14-ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги отрядида бошлаган қаҳрамонимиз, ҳозирда Юнусобод туманидаги 17-ёнғин қутқарув қисмида ишламоқда.

“Соҳага ишқим борлиги сабаб шу ергача келдим”

— Мактабни битираётган даврларимизда маҳалламизда ёнғин содир бўлган. Шу ёнғинни ўчириш учун махсус машина ўтиб кетганида нима бўлганига қизиқиб борганмиз. Қарасак, уй ёнаётган экан, шунда ўт ўчирувчиларга ёрдамлашиб, қарашганмиз. Ўшандан буён шу касбга ишқим тушиб қолган. Мана шу ишқим, қизиқишим сабаб шу ергача етиб келдим-да.

Фаолиятимизга ҳам 14 йил бўляпти, Худо хоҳласа. Мана шу вақт оралиғида ҳеч жонимга теккан ёки ишдан совиб, кетишни хоҳлаган вазиятларим бўлмаган. Иш жараёнида бундай хаёллар бўлмайди, чунки ўзим яхши кўриб шу соҳага кирганман. Ишдан ташқари, балки, шундай ўй-фикрларни ўтказишимиз мумкин.

“Барча ўт ўчирувчиларни кутадиган биринчи ҳолат – ўлимни кўриш”

— Бошида, ишга кирган вақтда барча ёнғин ўчирувчиларни кутадиган нарса – ўлим ҳолатини кўриш. Чунки армиядан кейин бу ишга кирадиган бўлса, ходимлар жуда ёш бўлади. Мана шунда уларга биринчи марта ўлимни кўриш салбий таъсир қилиши мумкин. Қўрқиш ҳаммада бўлади, доим бўлган.

Тажрибамда 100 фоиз куйиб, ўлган инсонларни учратмаганман. Тутундан димиқиб ўлган инсонларни кўрганман. Балки, шу сабабли менга оддий туюлиши мумкин. Қолаверса, кейин-кейин маҳаллалардаги жанозаларга бориб, майитларни кўравергач қўрқишни ҳам эсдан чиқардик. Аммо ҳамкасбларим орасида бунинг аксини кўрганмиз. 2-3 кунгача ўзига келолмай юрганлари бўлган. Биз ундайларга далда берганмиз.

Кейинги ҳолатларда, масалан, ўлим аниқланса, ўша ҳамкасбимизни жойга киргизмасликка ҳаракат қиламиз. Шунчаки, ўзига келиб олиши учун ҳам вақтинчалик кўрсатмасдан турар эдик.

“Қиш арафасида кўплаб одамлар уйини ўзи билганича иситади”

— Ёз фаслида тамаки маҳсулотларини чекиб, билиб-билмай ерларга ташлайверишади, баъзилари қуруқ ўтнинг устига ҳам отади. Отдими, бўлди, ундан кейин ёнғин бошланади. Шунингдек, куздан қишга ўтар вақтда тез совиб кетиши ҳисобига кўпчилик хонадонлар ҳамма нарсани ўзи билмаган ҳолда ишлатади. Улар орасида мумкин бўлмаган ҳолатлар ҳам учрайди ва оқибатда ёнғин келиб чиқади.

Бир хил вақтларда 5-6 талаб ёнғин содир бўлиши, баъзида эса умуман бўлмаслиги ҳам мумкин. Ёнғинни бошқариб бўлмайди, у белгиланмаган жойдан чиқади, фалон жойда содир бўлади деб ҳеч ким айтолмайди.

“Кўчаларда машиналар йўл бермайди”

— Марказий диспетчерликдан қисм диспетчерлик хизматига хабар келиб тушганидан кейин махсус гуруҳ билан 1 дақиқанинг ичида (1 дақиқадан ошиши мумкин эмас) дарвозадан чиқиб кетамиз. Вақтида етиб боришга ҳаракат қиламиз, аммо йўллардаги тирбандликлар бунга тўсқинлик қилади.

Илгари сирена, “мигалка” ёнган машиналарга йўл бериш кераклиги ҳайдовчилик гувоҳномани олаётган вақтимиздаёқ ўргатиларди, ҳозир билмайман шундаймикан, автомобиллар йўл бермайди. Шу ўринда автомобил ҳайдовчиларига маслаҳатим бор. Нафақат ўт ўчирувчи машина, балки тез тиббий ёрдамни ҳам кўрдингизми, уларга йўл беринг. Бу орқали кимнингдир ҳаётини сақлаб қолиш мумкин.

Сохта қўнғироқлар учрамайди. Сабаби техника ривожланиб кетган, сохта қўнғироқлар учраб қолса, зудлик билан аниқланади. Мен энди ишга кирган вақтларимда учрар эди, чунки у вақтларда телефон энди чиққан, унча ривожланмаган пайтлар эди. Ҳозир ҳаммаёқда интернет, сонияда сохта қўнғироқларни аниқлаш мумкин.

“Кўпчилик вазиятимиздан бехабар”

— Кўпчилик 101 га қўнғироқ қилганидан кейин ўт ўчирувчилар дарров етиб келади деб ўйлайди. Уларнинг қилган қўнғироғи биринчи марказий диспетчерлик хизматига, сўнг қисм диспетчерлигига тушади ва шу хизмат бизни чиқазиб юборади. Хабарлар ҳар хил жойлардан берилади, баъзилари учун 20 км масофани босиб ўтиш лозим. Тирбандликлар бўлиб қолиши, йўл бермаслик ҳолатлари ҳам учраши мумкин. Мана шу жараёнда халқ “пожарний” кечиб келяпти, деб ўйлайди. Лекин улар вазиятлардан бехабар. Борганимиздан кейин ҳаммаси жаҳл билан туришади. Шунда биз уларни тинчлантиришга ҳаракат қиламиз.

“Бу ҳолат ҳанузгача кўз олдимдан кетмайди”

— Битта катта уй ёнган. Шунда иккита машинамиз икки хил томондан кирганмиз. Қутқарувчи ҳамкасбимиз уйнинг томига чиқиб, дастакни олиб келганида том тушиб кетган пастга. Ёнғин ўчирувчимиз том билан пастга тушиб кетган… Жамоадошимни қутқариш учун ўзимни ичкарига урганман, лекин дастагига осилиб чиқиб келган. Хайрият, ҳамкасбим куймаган.

Шу ерда ўлим ҳам бўлиши мумкин эди, жон ширин-да барибир. Шу-шу, ҳанузгача бу ҳолатлар кўзимнинг олдидан кетмайди.

Интервюни тўлиқ ҳолда YouTube'да томоша қилишингиз мумкин.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид