Жамият | 10:14 / 31.01.2026
14293
2 дақиқада ўқилади

Истанбулда қотиллик қурбони бўлган Дурдона Ҳакимованинг жасади ватанга қайтарилди

Аёлнинг жасади ва унинг икки фарзандини Ўзбекистонга қайтариш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси ҳамда Миграция агентлиги ҳисобидан қопланган. Бош консулхонага кўра, Дурдона Ҳакимова ҳарбий кийим-кечак савдо дўкони муассиси бўлган ва фаол тадбиркор сифатида кўплаб ўзбекистонликларга ёрдам кўрсатиб келган. Идора марҳуманинг шаънини камситувчи бирёқлама фикрлар тарқатмасликни сўради.

Фото: Kun.uz

Туркиянинг Истанбул шаҳрида қотиллик қурбони бўлган Дурдона Ҳакимованинг жасади ва унинг икки фарзанди Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси хабар берди.

Маълум қилинишича, марҳума ва унинг фарзандларининг ватанга қайтиш билан боғлиқ харажатлари Бош консулхона ҳамда Миграция агентлиги ҳисобидан қоплаб берилган.

“Афсуски, мазкур ҳодиса юзасидан ижтимоий тармоқларда марҳуманинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи, салбий ҳамда бирёқлама фикрлар тарқалмоқда.

Ўрганишлар шуни кўрсатадики, Дурдона Ҳакимова Истанбул шаҳрининг Фотиҳ туманида жойлашган “Eskeri melzeme” номли ҳарбий кийим-кечак савдо дўкони муассиси бўлган. У фаол тадбиркор сифатида кўплаб юртдошларимизга ёрдам кўрсатиб келган. Унинг фарзандлари эса дизайнерликка ихтисослашган лицейда таҳсил олишган”, дейилади хабарда.

Бош консулхона фуқаролардан вазиятни тўлиқ ўрганмай туриб, бирёқлама, нохолис ва шахсни камситувчи маълумотларни тарқатмасликни сўраган ва бундай ҳаракат қонунчиликда белгиланган жавобгарликка олиб келишини, шунингдек, миллатга нисбатан халқаро майдонда салбий фикрлар шаклланишига сабаб бўлишини эслатган.

24 январ куни Истанбул шаҳридаги чиқинди контейнеридан Дурдона Ҳакимованинг бошсиз жасади топилганди. Ҳолат бўйича ўзбекистонлик икки эркак Грузияга учиб кетаётганида гумонланиб қўлга олинган.

Сўнгра Дурдона Ҳакимованинг ўлдирилиши Истанбул ва Анқарада норозилик намойишларига сабаб бўлди. Türkiye Today нашрига кўра, намойишлар Шишли туманида, шунингдек, Туркия пойтахтида бўлиб ўтган.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид