Жаҳон | 13:07 / 03.03.2026
2861
3 дақиқада ўқилади

Зеленский: Россия ва АҚШ билан учрашув бошқа жойга кўчирилиши мумкин

Украина президенти Володимир Зеленский Абу-Дабида шу ҳафта ўтказилиши режалаштирилган Украина–Россия–АҚШ музокаралари бекор қилинмаганини, аммо Яқин Шарқдаги кескинлашув туфайли бошқа майдонга кўчирилиши мумкинлигини билдирди. Эҳтимолий манзиллар сифатида Туркия ва Швейцария тилга олинмоқда.

Фото: Alex Kraus/Bloomberg

Украина президенти Володимир Зеленский 2 март куни журналистлар билан мулоқотда 5–8 март кунларига Абу-Дабида режалаштирилган уч томонлама музокаралар ҳозирча бекор қилинмаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракатлар ва БАА ҳаво ҳудудининг ёпилиши сабаб учрашув айнан Абу-Дабида ўтишини тасдиқлаб бўлмаяпти.

“Учрашув 5–8 март оралиғида, тахминан 5–6 март кунлари Абу-Дабида режалаштирилган эди. Ҳозир жанговар ҳаракатлар туфайли унинг айнан шу ерда бўлишини тасдиқлай олмаймиз. Бироқ ҳеч ким учрашувни бекор қилгани йўқ”, — деди Зеленский.

У эҳтимолий майдонлар сифатида Туркия ва Швейцарияни санаб ўтди. “Биз бу майдонларнинг ҳар қайсисини қўллаб-қувватлаймиз. Учрашув бўлиши керак, у биз учун муҳим. Нафақат учрашувнинг ўзи, балки натижалар ва алмашинув масаласи ҳам муҳим”, — дея таъкидлади у. Украина томони ҳозир шериклардан музокара ўтказиладиган жой бўйича жавоб кутмоқда.

Bloomberg агентлиги манбасига кўра, БАА ҳаво ҳудуди ракеталар ва дрон ҳужумлари хавфи сабаб ёпилгани учун музокаралар Абу-Дабида ўтиши эҳтимоли паст. Муқобил вариант сифатида Истанбул кўриб чиқилмоқда.

Январ охири – феврал бошида 2022 йил февралда бошланган кенг кўламли урушдан бери илк бор уч томонлама музокаралар Абу-Дабида ўтган эди. Феврал ўрталарида шу форматдаги учрашув Женевада ўтказилган. Истанбулда эса Россия ва Украина ўртасида АҚШ иштирокисиз музокаралар охирги марта 2025 йил июл ойи охирида ташкиллаштирилган.

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий амалиёти эса давом этмоқда. 28 феврал куни Исроил ва АҚШ Эрон ҳудудига зарбалар берган. АҚШ президенти Доналд Трамп Эроннинг ядровий дастурини йўқ қилиш ниятида эканини билдирган ва можаро “тахминан тўрт ҳафта” давом этиши мумкинлигини айтган.

Эрон Қизил Ярим Ой жамияти маълумотига кўра, зарбалар натижасида камида 555 киши ҳалок бўлган. Айни пайтда Али Хоминаий ва бир қатор юқори лавозимли куч тузилмалари вакиллари ҳалок бўлгани тасдиқланган.

Теҳрон эса АҚШ билан музокаралардан бош тортганини маълум қилиб, Исроил ва минтақанинг бошқа давлатлари ҳудудига зарбалар берган. Шунингдек, Эрон дрони Кипрдаги Британия авиабазасига ҳужум қилгани маълум бўлди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид